№26, 23.06.2011 ШОШИЛИНЧ,РЕЖАЛИ ТЎЙ
Муҳаммад НОР
(ВОҚЕИЙ ҲИКОЯ)
Шохруҳ ва Дилфузанинг никоҳ тўйлари тўсатдан режалаштирилди. Шоҳруҳга қиз танлаш, бўлди-бўлдиси-ю, тўй кунини белгилаш - ҳаммаси икки ҳафта ичида уддаланди. Бунчалик "икки оёқни бир этикка тиқиш" Шоҳруҳнинг онаси Савринса аяга зарур эди. Ахир, у яқин кунларда эри билан Россияга кетиши керак эди-да.
Эр-хотин "сафар" ҳаракатларини бошлаган, фақат ёлғиз ўғилни ҳовлида ташлаб кетиш ёки бирга олиб кетиш ҳақида бир тўхтамга келишолмаётган эдилар. Шундай кезда Савринсанинг акаси "келинаянг касалланиб қолди, бувимга қарагани одам йўқ" деб бетоб кампирни олиб келди. Савринса оғиз очолмай қолди. Негаки, онаси деярли икки йилдан бери бетоб ётар, кейинги ойларда яна ҳам оғирлашиб қолгандек эди. Икки ака-ука орасидаги ёлғиз қиз Савринса ҳар гал сафардан қайтганда, онасини кўргани бориб, меҳрибончилик қиларди-ю, бироқ "энди мен опкетиб қарай" демасди. Ака "эридан тортинса керак", деб индамасди. Катта ҳовлида ҳамма юмушга балогардон бўлган хотини шифохонага ётгач, тўнғич ўғил Собиржон онасидан аста сўради:
- Буви, келинингиз касалхонага ётди, неваралар сизга қараша олмайди, Сайдуллоникига элтиб қўяйми?
Кампир бу гапдан бир сесканиб ижирғанди-да:
- Йўқ, Сайдуллоникига бормайман, олифта хотинини кўргим йўқ, - деди инқиллаганича.
Собиржон анча жим қолди, сўнгра:
- Савринсаникига олиб борайми? - деди кўзларига термулиб.
Кампир ўрнидан бир қўзғолиб, "куёв оғир олмасмикин", деб қўйди. Хуллас, Собиржон онасини сингилникига минг истихола билан олиб борди. Ҳайрият, Савринса онани тутун қайтармай олиб қолди. Ака зарур иши борлигини айтиб, хаялламай изига қайтди. Савринса акани кузатди-ю, ўйланиб қолди: "сафар нима бўлади?"
Шу долзарб паллада "Шоҳруҳни шошилинч уйлаш" фикри ҳаёлига келиб, ўз-ўзидан суюниб кетди. Шоҳруҳни уйлантириб қўйса, биринчидан, унинг кўча кезишлари камаяди. Иккинчидан, келин кампирга қарайди. Ёш келин-куёв асал ойини катта ҳовлида ўзлари эмин-эркин ўтказишади.
Шундай ширин ўйлар билан турганида эри сал тажангроқ ҳолда кириб келди. Индамай уйга кириб, каравотда ётган кампирга нигоҳи тушгач, дарров ташқарига отилиб чиқди:
- Бу тушовни нима қилардинг олиб келиб...
Савринса бор гапни ётиғи билан айтиб, эрини жаҳлдан туширди. Сўнгра унинг олдига нон-чой, иссиқ овқат қўяркан, тўй режасини ҳам тўкиб солди. Эрнинг юзи бироз ёришди ва деди:
- Тўғри ўйлабсан, мен ҳам бўй етган болани ҳовлида ёлғиз қолдиришдан хижолат эдим. Уйлантириб қўйсак, ҳовлида пойлоқчи тайин бўлади.
Нон-чой устида эр-хотин тўй масаласини обдон муҳокама қилишди. Сўнгра келинликка қиз танлаш ҳусусида ўйланиб қолишди-да, Шоҳруҳнинг нариги маҳаллага тез-тез қатнашидан хулоса чиқаришди.
- Ўғлингга айтиб, ўша маҳаллага совчиликка борасан, - деди эр қатъият билан. - Гапга чечан хотинлардан ёнингга ол. Гапнинг индаллоси: "кампир бетоб, невара тўйини кўриб қолай" деяпти...
***
Тўсатдан кириб келган совчилар Эътиборхон чеварни довдиратиб қўйди. Наҳотки, қизи кўзга кўриниб қолган бўлса? Йилларнинг қандай ўтганини ҳам сезмай қолипти чамаси.
- Қиз бор уйга совчи келиши фазилат, - деди Эътиборхон меҳмонларга. - Лекин қизим эндигина ўн еттига кирди, коллежда ўқияпти. Ҳозирча мен қиз узатмоқчи эмасман. Бунга тайёргарлигим ҳам йўқ. Хафа бўлмайсизлар...
- Биз ҳам ўғилни ҳали-бери уйлантирмоқчи эмасдик, - дея эътироз билдирди Савринса. - Лекин шароит қисталанг қиляпти. Саксондан ошган бувим бор. Бетоб. Икки гапининг бирида неварамнинг никоҳ тўйини кўрсам, дейди. Ўша кампирга армон бўлиб қолмасин, деб ҳаракат бошлаб қолдик...
- Дарвоқе, - дея гапга қўшилди Савринсанинг ёнидаги хотинлардан бири. - Шоҳруҳбек ва Дилфузахон бир коллежда ўқишаркан. Шоҳруҳбек қизингизни танимаса, бизларни бу ерга боринглар, дермиди?
- Ундай бўлса иккаласи коллежни битиришсин, кейин ўйлаб кўрармиз, - деди Эътиборхон. - Ҳозир қиз узата олмайман.
(Давоми бор)
|