№27, 30.06.2011 МАТБУОТ ХОДИМЛАРИ КАСБ БАЙРАМИНИ НИШОНЛАДИЛАР
Андижон вилояти касаба уюшмалари бирлашмаси мажлислар залида 27 июнь - Матбуот ва ОАВ ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоятдаги телерадиокомпаниялар, босма матбуот нашрлари таҳририятлари, наш-риёт ва босмахоналар, почта ҳамда матбуот уюшмаси, шунинг-дек, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда вилоят ҳокими Аҳмаджон Усмонов қатнашиб, шарафли ва масъулиятли касб эгалари бўлган журналистларнинг, ижодкорларнинг меҳнатларини юксак баҳолаб, уларни байрам билан муборакбод этди. Сўнг соҳанинг бир гуруҳ илғор вакилларини Фахрий ёрлиқ билан мукофотлади.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Н. Саидов, "Андижоннома" газетаси Бош муҳаррири ўринбосари А. Абдуллаев, вилоят телерадиокомпанияси муҳаррири З. Раҳмонова, шоир, меҳнат фахрийси Олимжон Холдорлар сўз олиб, бугунги кун ижодкорининг жамиятдаги ўрни, масъуллиги, юрт равнақи йўлида фидойилик билан олиб бораётган машаққатли фаолияти хусусида гапирдилар.
Байрам якунида бадиий жамоалар санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар тадбирга янада файз киритди.
Шундан сўнг байрам шодиёнаси Андижон шаҳридаги "Тожмаҳал" кафесида давом этди. Бу ерда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Ўткир қалам соҳиби" танлови ғолиблари тақдирландилар. Байрам тадбири гўзал куй-қўшиқлар, рақсларга уланиб, барчанинг қалбига хушнудлик бахш этди.
Ф. ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|