№27, 30.06.2011 ТАДБИР
ДЎППИ ТИКДИМ, ИПАКЛАРИ ТИЛЛОДАН
Ўтган ҳафтада Жалақудуқ педагогика ижтимоий - иқтисодиёт коллежида "Дўппи тикдим, ипаклари тиллодан" ва "Оналар алла куйлаганда" танловларининг ҳудудий босқичлари
бўлиб ўтди.
Танловда Хонобод, Қорасув шаҳарлари, Қўрғонтепа ва Жалақудуқ туманлари тадбиркор аёллари, уйда ўтириб касаначилик билан шуғулланаётган хотин-қизлар иштирок этдилар.
Тадбирда мазкур ҳудудда фаолият кўрсатаётган қўли гул дўппидўзлар, чеварлар, каштачи-ю попопчи-зардўзлар ўз кўргазмаларини намойиш этиб, кўз нури, қалб қўри билан тайёрлаган маҳсулотларини намойиш этдилар.
Кўргазмаларни кўздан кечирар эканмиз, хотин-қизларимизнинг қўли гул эканлигидан, кўзларимиз қувнади, ҳайратга тушдик. Бундай ҳунар эгаси бўлиш учун нозик дид ва нозик қалб эгаси бўлмоқ даркор. Дўппидўзлик ҳам ҳунар, ҳам санъат. Қадимий ва ўлмас бу ҳунарни эгаллаган инсон ҳеч қачон ҳор бўлмайди. Фикримиз исботини Жалақудуқ тумани, Бештол ҚФЙ ҳудудидаги дўппидўз Эргашхон Умарова тасдиқлади.
- Ёшлигимдан дўппи тикишни ўрганганман. Бу иш менга жуда ёқади. Оилавий бизнесни шу дўппидўзлик билан юритиб келмоқдамиз. Келинларим, набираларим ишимизга камарбаста. Ҳозиргача 6 нафар шогирд чиқардим. Улар ҳам ўзи мустақил иш юритиб келишмоқда. Шу ҳунарим орқасидан кечираётган ҳаётимдан, эл-юртга керак бўлиб яшаётганимдан мамнунман.
Кўргазмалар ичида кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган яна бир халқ амалий санъати намуналари Қўрғонтепа тумани "Ҳунарманд" уюшмаси аъзоси Машҳурахон Аҳмадалиевага тегишли бўлиб, чинакам ижод, санъат ва маҳорат намойиши деб топилди. Ундаги чорсилар, жойнамоз, эшик парда, эсдалик безакли дастрўмол ва ёстиқ ғилофлари барчага манзур бўлди.
Шу "Ҳунарманд" уюшмаси аъзоси Муаззамхон Ҳасанова тиккан жойнамоз-у, дастурхонлар, сочиқлар кўргазма иштирокчиларини ўзига ром этди.
- Қўрғонтепа туманилик тадбиркор Муаззамхон опа суҳбатимиз чоғида шундай дейди:
- Уюшма қошида ўқув маркази очганмиз. Марказимизда 25 нафар хотин-қиз ўқиб, ҳунар ўрганади. Ёшларимизга 5 нафар устоз ҳунар ўргатиб келмоқда. Яқинда ҳунарманд қизларимиздан бири 15 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, иш бошлади. 25 та янги ишчи ўрни яратилди. Қизларимиз тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, мустақил фаолият юритаётганидан жуда хурсандман.
- Ҳунарманд аёлни чинакам - ижодкор деб аташ мумкин. "Андижон дўппи", "Ситора", "Ҳилол" сингари дўппиларнинг ҳар бир қатимига меҳрини, кўз нурини жо қилган инсон ўз буюмларини хонадонларда, ҳамюртларимизнинг бошларида кўриб, қалби чексиз фахрга, ғурурга тўлади. Бу туйғу бежиз эмас. Чунки, миллий ҳунармандчилигимиз ва дўппи - ўзбекнинг чинакам фахридир. Бу фикрларимизни Жалақудуқ тумани, Тешиктош қишлоғилик зиёли-ҳунарманд Ширмоной Зокирова ҳам тасдиқлади.
Танлов кўтаринки руҳда юқори савияда ўтказилди. Танлов шартларига кўра, иштирокчилар томонидан бадиий кўргазма тайёрлаш, табрик-таништирув, дўппи ва қадимий каштачилик тарихи тўғрисида ривоят сўзлаш, миллийлигимизни эътироф этувчи саҳна кўриниши намойиш этилди. Алла, лапар ва халқ қўшиқларини ижро этиш бўйича ўз билим, иқтидор ва маҳоратини кўрсатдилар.
"Дўппи тикдим, ипаклари тиллодан" танловида Жалақудуқ тумани, "Оналар алла куйлаганда" танловида эса Хонобод шаҳри ва Қўрғонтепа тумани вакиллари ғолиб бўлдилар.
Раъно ҲАЙИТБОЕВА.
|