№27, 30.06.2011 МАЪНАВИЯТ САБОҒИ
КУЁВ БЎЛИШ ИЛМИ
Турсуной СОДИҚОВА.
Харом луқма аралашган жойда фалокат бўлади, носоғ болалар туғилади, ишлар орқага кетади!
Айтиб қўяй, аёлнинг чиройи унинг тутумида! Ивирсиқ аёл дунёда энг хунук аёлдир! Нопокизалик камчилик эмас, у қондан ўтадиган ёмон касал, сурункали касал! Уни қаттиқ туриб даволамасанг, бу дард сенга ҳам юқади, кирлик ичра яшашга кўникиб кетасан! Жуфтингнинг шу феълини сездингми, тўйдан кейиноқ бонг ур! Яъни, масалани шундай қўйки, агар у саранжомликни одат қилмаса, турмушидан ажраб қолишини ҳис қилсин. Аёлингни очиқ муҳокамага қўйма, онасига камчилигини дастурхон қилма, қайнона-келиннинг, қуда-анданинг ораси бузилмасин. Жуфт сеники, ўзинг қайғур. Ёстиқдошликнинг савоби шунда. Талабчанлигинг (эркак талабчанликни уддалаши шарт!) унинг бошида қиличдай турсин, яхши гап, насиҳатлар билан бундайлар тузалмайди. Улар фақат кимдандир қаттиқ қўрқсаларгина ва назорат доимий бўлсагина рисолага тушадилар! Аёлинг сен йўқ пайтда ҳам, назоратчи қолмаса-да, оқ йиғиниб, оқ таранадиган бўлгунча важоҳатингдан тушма...
Бундай феълли аёлга учраган айрим эркаклар армонларини кўчада ушатмоқчи бўладилар. Улар "жуфтлик" дегани биринчи навбатда бир-бирини тар- биялаш эканлигини, бу рўзғорчиликнинг қарзи эканлигини билмаганлардир. Билсалар-да, бу ишга ихлос билан киришмайдилар ёки улар жуфт тутиш борасида Худо урган шудсиз кишилардир!
Ёқимсиз аёлдан қочиб, покизасини топиб олиш энг осон иш! Аммо ўзинг қочганинг билан болаларинг ўша кир этакда қоляпти-ку! Болаларингни фалокат ўраб боряпти-ку! Қизинг онасининг нақ ўзи бўлиб, ўғлинг харом-ҳалолнинг фарқини билолмай қоляпти-ку! Уларнинг ғамини ким ейди?!
Ўғлим, онангга айтгин, аввал онасини ва унинг тутумини обдон кўриб, кейингина қизини танласин. Ҳамма бало аёлинг чиққан инда!
***
Аёлинг сенга қараб шанғиллаган заҳоти уйингдан фаришта кетди деявер. Агар бу ҳол такрорланаверса ва бунга сен кўниксанг, энди сен эр киши эмас, бамисли мушукка айландинг - хоҳласалар бошингни силайдилар, йўқса, тепиб ўйнайдилар. Ўғлоним, бундай эркакнинг боридан йўғи маъқул!
Аёлинг нафақат сенга, сенинг олдингда болангга ҳам бақириб гапирмасин! Ҳурматингни сақласа, ёнингда овоз кўтармайди. Шарқона таомил шундай.
Яна шуни билки, аёлдан обдон сўрашдан аввал, ўзингни имтиҳон қил, нон ейдиган, илм ўқийдиган оғзингга харом сўзларни солма. Баъзан уйидан одобли келган аёл беодоб эр туфайли, андишасизликка кўникиб қолиши мумкин. Яхши жуфт, яхши фарзанд хоҳлаган эркак аввал ўзи ибратли бўлиб олсин!
***
Жуфтга хиёнат - никоҳга хиёнатдир. Буни харом қадам, шаҳвоний нафс дейдилар! Ўғлоним, бу зино. Уни йигитчиликнинг ўтиб кетадиган ишқибозлиги деб билма! Бир куни тийиламан ва савоб ишларни кўпайтириб, айбимни юваман деб ўйлама! Инсон тинмай ўзидан яхши-ёмон нур тарқатиб туради, бунинг номи шарофат ва касофат! Пок юрсанг, ўзинг ҳам, аҳли аёлинг ҳам шарофатли, яъни, тинчликда, роҳат-фароғатда бўлади. Акси бўлса, билгингки, ҳар куни сен билан уйингга бало кириб келади. Жонингга жазо кириб келади! Ҳамма иш орқага кетади, қўлинг нимага тегинса, ўшанга касринг ураверади. Пулинг кўпайгани, мол-давлатинг зиёдалиги бир пул! Бисёрликлар яйратмайди, чунки уни Худо дилингга сиғдирмай қўяди. Ҳамиша омбир билан юрагингни бураб турадиган ташвишлар бир-бир келаверади.
Сен ўлиб-тирилиб, тавбага юзланишинг, тийилишинг мумкин. Аммо аллақачон поезд жилиб кетган бўлади: ўғлинг жиноятга қўл урган, қизинг гап-сўз бўлиб бўлган, табобатнинг кучи етмайдиган дардлар баданингга жойлашиб улгурган бўлади!
Кўзингни оч, ўғлон! Аёл қиёфасидаги чиройли шайтон хонадонинггга шунча кўргулик олиб келмоқда. Энг ёмони шуки, бу хонавайронликни у сенинг қўлинг билан содир этади!
***
Ўғлоним! Оила раҳбари эркакдир. Бу унга Аллоҳ буюрган вазифа. Хонадоннинг иссиқ-совуғи, очин-тўқинлиги, муҳофазаси сенинг қўлингда! Ўттизга кирмай ўтин бўлган аёллар, эркакшода ёки тирикчилик орқасида дардманд бўлиб қолган аёллар номеҳрибон, ношуд ва рўзғорбошилик бурчини унутган эрларга учраб, шундай ҳолга тушганлар.
Тўрт фаслнинг иқлимини оилага эркак олиб киради: ердан нимайки янги униб, бозорга чиқса, дарҳол намунасидан уйингга келтир, аҳли аёлингни баҳраманд қил. Аёлингга ҳам ота, ҳам она ўрнидасан, бу томнинг тагида сендан бошқа ҳомийси йўқ, доим ненидир унга илиниб тургин. Ранги сарғайса, хушёр тур, керакли чораларни ихлос билан қидир.
(Давоми бор.)
|