№27, 30.06.2011 ЮЗ БИЛАН ЮЗЛАШГАНЛАР
"ШУКР ҚИЛСАНГ, МУРОДИНГГА ЕТАСАН"
Балиқчи туманида пиру бадавлат, юз билан юзлашган нуроний онахонлар кўп. Ана шундай фаришта сифат инсонлардан бири Хўжаобод қишлоқ фуқаролар йиғини, Қаҳрамон маҳалласида умргузаронлик қилаётган Мукаррамхон она Ҳамидовадир. Ҳаётнинг аччиқ - чучугини кўп ва хўб тотган момо бугун ҳам анча бардам.
Умр йўлдоши Мирзакомил ота билан тинч - тотув ҳаёт кечиришган. Ёлғиз ўғли Латифжондан 6 нафар набира, 18 нафар чевара кўрди. Фарзандининг ўзидан кўпайганини кўриб, Оллоҳга шукр келтиради.
-Биз кўрган замонлардаги воқеаларни айтиб берсам, биров ишонади, биров ишонмайди, - дейди онахон ёнидагина набираларига ишора қилиб. - Буларга эртакдай туюладиган очарчилик эсимга тушса , тирик қолганимизга шукр қиламан. Худойимнинг карами кенглигини қаранг. Ҳеч тушимизга кирмаган даврларни кўряпмиз. Бир бурда нон тополмаган кунларимиз бўлган. Энди нонни увол бўлганини кўрсам, йиғлагим келади.
Болаларимга тайинлайман. Ҳеч қачон нонни хор қилманглар. Мана, ҳозир тўқчилик замони, биров-бировга муҳтожлиги йўқ. Лекин шундаям исрофгарчиликка йўл қўйган рўзғордан билингки, барака кетади.
Ҳозирги ёш - ялангларга қишлоқдошларимга ҳавасим келади. Ҳеч нарсага муҳтожликлари йўқ. Уйлар, кўчалар, мактаблар дўконлар худди шаҳардагидай. Бундайин дориламон кунлардан минг айланиб, минг ўргилсанг арзийди. Мана энди ҳар куни байрам қиладиган замон бўлди.
Илойим, бошларинг байрамдан чиқмасин, болам.
- Кўп яшашнинг сири нимада? - сўрайман юзларидан нур ёғилиб турган онахонни яна гапга солиб.
-Кўп яшаш нимага боғлиқлигини билмадим - у, лекин хотиржамлик, бағрикенглик умрга-умр қўшади. Мен мана шу ўтаётган кунимга шукр қиламан. Чунки яқин ва яхши кўрган одамларим атрофимда парвона. Овқатимни ўзим еб, ўзим юра оламан. Менга яна нима керак.
Кўпни кўрган момонинг юзларида самимият балқийди. Ҳар гапида шукроналар. Қишлоқдошлар ҳам Мукаррамхон онани иззат-ҳурмат қилишади. Момомиз билмайдиган нарса, қўлидан келмайдиган иш йўқ,- дейишади. Аслида ҳам табобатдан яхшигина хабардор. Қайси гиёҳнинг қандай дардга даво эканлигини дарров айтиб беради. Ҳамқишлоқларига ҳар доим шукр қилсанг, сабр этсанг, муродинга етасан, дейди онахон.
Мукаррамхон момонинг чеҳрасига боқиб, кўнгил тозалик, самимийликни кўрасиз. Қалб қанчалик тоза бўлса, баландликка, юксакликка кўтарилаверарканда одам, деган ўй - кечади кўнглингиздан.
Ҳаётдан зерикмаслик учун ҳаётни билиш ва севиш керак. Бу ҳақиқат. Юз билан юзлашган аёл - онахонимиз бундай гапларни айтолмасалар - да, буни юз - кўзларидан, ортда қолган кунларидан билса бўлади.
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА,
Суратда: Мукаррамхон
она ҲАМИДОВА.
|