№27, 30.06.2011 МУҲАББАТ ТУЙҒУСИ
ЮРАГИМДА ЯШИРИН
Ўн саккиз ёшни қаршилаган Наврўза ҳаётнинг гўзал, беғубор қучоғида маст...
Наврўза ўзи таҳсил олаётган коллежини жуда яхши кўрар, ҳар куни тонг отиши билан унинг бағрига шошиларди. Бугун ҳам ҳар кунгидек уйдан чиқиб, коллеж томон йўл олди. У ҳар сафар синф хонага кирганида, у ерда битта талаба ундан аввалроқ келган бўларди. У гуруҳнинг энг аълочи йигити - Жамол эди.
Наврўза ҳар доимгидай хонага жимгина кирди-да, олди қатордаги жойига бориб ўтирди. Хонанинг деразасидан пастга қараб турган Жамол унга ўгирилиб:
- Тонгги саломни унутдингизми?- деди бироз истеҳзо билан. - Майли, мен салом берганим бўлсин. Хайрли тонг!
Наврўза юзини терс ўгирганича:
- Кечаги айбингиздан уялмай саломлашганингизни қаранг-а,- деди.
- Узр сўрадим-ку. Яна нима қилай? Айтинг, хоҳласангиз пойингизга тиз чўкишим мумкин. Мана!
Жамол Наврўзанинг ёнига келиб, тиз чўкди.
Шу пайт хонага Наврўзанинг синфдош дугоналари Азиза билан Барно кириб қолди. Наврўза эса уялганидан югуриб чиқиб кетди.
Жамол ўрнидан туриб шимининг чангини қоқди-да:
- Яна хафа қилдим,- деди уф тортиб.
- Кечаги туғилган кундаги кароматингиз камлик қилибди-да -а?- деди Азиза.
Бу гап Жамолнинг қулоғига ҳам кирмади...
Улар кеча гуруҳдаги Сардор исмли дўстининг туғилган кунига боришганди.
Жамол ўша кунгача Наврўзага юрагидаги ҳисларини баён эта олмай юрарди. Бу сирни бир неча дўстларигина билишарди. Шу куни болаларнинг қистови билан бор гапни қизга айтмоқчи бўлди. Ҳамма болалар хурсандчилик қилиб рақсга тушаётган бир пайтда Жамол диванда ёлғиз ўтирган Наврўзанинг ёнига борди:
- Наврўза, кечамиз сизга ёқяптими?- деди уялинқираб.
- Албатта. Қаранг, Сардорнинг бахтлилигини.
- Бирга рақсга тушмаймизми?
- Йўқ, мен рақсга тушишни билмайман.
- Наврўза, сизга шуни айтмоқчийдимки,-дудуқлана бошлади Жамол.
- Нега бунча қалтирайсиз?- деди қиз.
- Гапнинг очиғи, сизни ёқтириб қолдим.
- Шунақами? Сиз ҳам менга жуда ёқасиз,- деди қиз ҳазил оҳанггида.
Жамолнинг йигитлик ғурури тутди:
- Нега масхаралайсиз? Сизга жиддий гапиряпман. Сизга бефарқ эмасман. Менга ишонинг.
Наврўза буни кутмаганигами, нима дейишини билмай қолди.
- Бечорани қийнамай бирор нарса десангиз-чи, Сардор умид кўзи билан қизга тикилди. Нав-рўза ҳеч нима демай хонани тарк этди.
Дугоналари бу ҳолга хайрон бўлиб:
- Наврўза, қаёққа?- дейишганича қолишаверди. Азиза Жамолга "Дугонамни сен хафа қилдингми?" дегандек маъноли қараб қўйди....
Жамол шуларни эслаб "Бугун уни яна хафа қилдим-а" деган ўй билан Наврўзани қидириб чиқиб кетди. Йўлда Сардорни учратди:
- Наврўзани кўрмадингми? деди хансираб.
- Кимдир ранжитибди шекилли, боғда хомуш ўтирибди, - деди Сардор.
- Раҳмат, оғайни.
- Тўхтасанг-чи, кечаги совғаларим...
Жамол унинг гапларига қулоқ солмай, югура кетди.
Жамол Наврўзани боғнинг бир четидаги каттакон дарахтнинг йиқилган шохи устида мун-ғайиб ўтирганини кўрди-да, узоқдан уни кузата бошлади.
Наврўза Жамолнинг шу икки йил ичидаги дўстона, самимий муносабатларини ўйлаб бир хайрон бўлар, бир жилмайиб қўярди.
Жамол қизнинг кўнглига йўл топмоқчи бўлиб ёнига келди:
- Ғунчадек нозик кўнглингизга озор бердимми?- деди гуноҳкорона оҳангда.
Наврўза сукут сақлар, дилидаги ҳислари худди очилмаган китобдек эди. Қаршисидаги йигит ўз исмини қалби саҳифасидан ўқиб олишини шу тобда жуда-жуда истар эди...
Нилуфар АЗИМОВА,
Андижон шаҳри.
|