№27, 30.06.2011 СИЗ КУТГАН УЧРАШУВ
МИЛЛИЙЛИКНИ ЯХШИ КЎРАМАН
Қўшиқларида, овозида, оҳангида дард яширинган, андижонлик хонанда Ҳилола Ҳамидованинг номи бугун халқимизга яхши таниш. Ўзининг камтарлиги, одамшинавандалиги билан нафақат мухлислар, балки касбдошларининг ҳам ҳурмат ва меҳрига сазовор бўлиб келаётган хонанда айни кунларда Тошкентда ижод қиладилар. Уларнинг бугунги кундаги фаолияти, бекалик, оналик ва бахт ҳақидаги қарашлари билан ўртоқлашиш мақсадида унинг уйига ташриф буюрдик. Ҳилола опа билан суҳбатимиз таъкидлаганимиздек санъат, ижод ва бахт тушунчалари хусусида бўлди.
- Санъатнинг нони қаттиқ дейишади. Сиз ҳам буни ҳис қилганмисиз?
- Санъатнинг нони чиндан ҳам қаттиқ. Бу жуда кўп нарсадан воз кечишга мажбур қилади. Машаққатли меҳнатга ундайди. Санъатда, сахнага, халқ олдига чиқишнинг ўзи катта масъулият. Қанчадан қанча орзулар, мақсадлар, интилиш, уйқусиз тунлар, тинимсиз қилинган меҳнат оқибатида халқ билан рўбарў бўласиз. Масалан, мен бу кунларга етиш учун нафақат тинмай изландим, балки болалигимдан кечишимга тўғри келган. Мен тенгдошларим сингари кўча куйда, боғ-роғларда ўйнаб юрмаганман. Устозларим санъаткор бўлиш учун тинимсиз изланишим, ўз устимда ишлашим кераклигини бот-бот такрорлаганлар. Шунинг учун мен ижод қилишга, астойдил киришганман.
Улгайғанимда эса аёл киши сифатида бироз қийналдим. Яъни, оила ва ижодни бирдай олиб кета олишим керак эди. Турмуш ўртоғингиз санъаткор бўлмаса барибир тушунмовчиликлар юзага келаркан. Санъаткор олами бошқа олам. Баъзан биз ҳақимизда турли миш-мишлар юради. Булар барибир кишига ёмон таъсир қилади. Дилимизни хира қилиб қўяди. Шунақа маҳаллар хафа бўлиб кетаман.
- Ёшлик орзуларига андармон қиз билан бугун бир оиланинг бекаси, бир фарзанднинг онаси бўлган аёлнинг қарашларида фарқ сезилармикан?
- Албатта. Ҳар бир қиз бекаликни, оналикни орзу қилади. Мен ҳам бошқа қизалоқлар каби болалигимда қўғирчоқлар ўйнаб, уларга аллалар айтиб улғайдим. Бундан кўриниб турадики, қизалоқлар болалигиданоқ она бўлишга тайёргарлик кўрадилар.
Мен бироз кеч турмуш қурдим. Лекин ўзим турмуш қуриб, она бўлгунимга қадар келинларни, бахтиёр оиласи бор бекаларни, хомиладор ёки фарзандини етаклаб юрган аёлларни кўрсам, ҳавасим келарди. Мениям шунақа оилам, фарзандларим бўлармикан, деб уларга ҳавас қилардим. Худога шукр бугун ўша орзуларим амалга ошди. Бугун менинг ҳам бахтиёр оилам бор. Менга ҳам оналик бахти насиб этди. Мен бугун шунга амин бўлдимки, аёл киши учун энг олий бахт оналик бахти экан. Мен авваллари ҳаётга бошқача, кўз билан қараган эканман. Бугун эса аксинча. Бекалик, оналик мени ҳаётга бошқача қарашга ўргатди.
Энди ҳар бир нарсага алоҳида разм соламан. Ҳар бир яхши ва ёмон ҳодиса сабабини қидираман, оқибатини ўйлайман. Оналик, аёллик жуда катта маъсулият талаб қиларкан. Авваллари кино ва спектакллардаги ота-она ва фарзанд ўртасидаги ўзаро муносабатларга бепарво қараган бўлсам, бугун эса, аксинча, такрор-такрор томоша қиламан. Унинг сабаб ва натижалари ҳақида ўйлар эканман, ўз фарзандим кўз олдимга келади. Боламнинг ана шу қаҳрамон сингари комил инсон бўлиши ёки унга ўхшамаслиги учун мен нима қилишим керак? Тўғриси, мана шу саволлар мени кўп ўйлантиради.
Лекин ҳаммаси тарбияга боғлиқ деб ўйлайман ва фарзандимга тўғри тарбия беришга ҳаракат қилмоқдаман. Баъзан хизматлар, гастрол сафарлари билан бўлиб оилам ва фарзандимга вақт ажрата олмай қоламан. Албатта, бундай пайтлар фарзандимни ишончли қўлларга, опам ёки онамга топшираман. Лекин бўш қолдим дегунча оилам ва болам учун вақт ажратаман. Барибир, ота-она ким бўлмасин фарзанд учун унинг меҳри, тарбияси сув ва ҳаводек зарур.
- Мамлакат тараққиётида санъатнинг ўрни қай даражада деб биласиз?
- Албатта, мамлакат ривожида санъатнинг, айниқса, миллий санъатнинг ўрни беқиёс. Миллийлик миллатнинг рамзи ҳисобланади. Йиллар ўтиб қарашлар, турли соҳалар, ҳаттоки, кишилар юриш-туриши ва кийиниш маданияти ўзгариши мумкин. Лекин миллийлик миллат ғурури бўлиб қолаверади. Бир мисол. Турғун Алиматов бошида дўппи, эгнида яктак, қўлида танбур билан Германияга борганида уларга кўпчилик эътибор бермаган эканлар. Чунки, у ерда ҳамма мода кетидан қувиб кийинган, ўзларини кибордек тутишга одатланган эканлар. Концерт бошлангач, устоз саҳнага чиқиб, танбурида куй чалганларида томошабинлар зали сув қўйгандай жим бўлиб қолган экан. Одамлар куйни ҳайрат, ҳаяжон билан тинглаган эканлар. Мусиқа тингач, давомли қарсаклар бўлиш билан бирга машшоқни қутлаш учун саҳна олдига одам тўлиб кетибди. Миллий санъатимизни бундан ортиқ таърифлай олмайман.
- Устозларингиз ҳақида гапириб берсангиз?
- Мен санъаткор бўламан, деб ўйламаганман. Уйда онам ҳар доим хиргойи қилиб юрардилар. Овозлари ёқимли бўлиб, қўшиқларни ҳам яхши куйлардилар. Уйимизда ҳар доим пластинкада қўшиқлар янграб турарди. Болаликдан мусиқа ва қўшиқлар орасида яшадим, десам ҳам бўлаверади.
Менинг холам ва уларнинг турмуш ўртоқлари-поччам мусиқа билим юртида дарс берардилар. "Ўзбекистон - ватаним маним" кўрик-танлови баҳонасида улар гуруҳ ташкил қилишди. Унда қиз бола овози етишмаётганлиги боис, гуруҳга мени ҳам таклиф қилишди. Овози жудаям кучли бўлган икки қизнинг орасига ўтқазиб, менгаям қўшиқ ўргатишди. Шу тариқа яхши қўшиқ айтишим мумкинлигини пай-қаган поччам, овозим баланд пардаларга ета олишини синовдан ўтказиш учун, Ҳабиба Охунованинг "Эй сабо" ашуласини ўргатдилар. Шу баҳона қўшиқчиликка қизиқиб қолдим. Лекин медицинага меҳрим бўлакча бўлган. Мен врач бўлишни хоҳлардим. Аммо санъатга бўлган қизиқишим устун келди ва мен санъат йўлини танладим. Ўз устимда ишлаб, алоҳида шуғуллана бошладим. Мен санъатнинг йўли машаққатли эканини билиб, шу йўлни танладим.
Кейинчалик консерваторияга кириб мақом йўналишида ўқидим. Санъатнинг сир-асрорларини устозларим Саодат Қобулова, Комила Аминовалардан ўргандим.
- Мустақиллигимизнинг 20 йиллигига қандай совғангиз бор?
- Водий йўналишида қўшиқлар яратдим. Водийлик шоирамиз Рислиғой Хотамова билан ҳам ҳамкорлик қилдик. Ана шу қўшиқларимизни истиқлол байрамига тақдим этиш ниятимиз бор.
- Бахт ҳақидаги тушунчала- рингиз?
- Бахт мен учун… Яқинларимнинг мени тушунишлари бахт… Уларнинг борлиги, соғлиги-бахт… яхши инсонлар, яхши дўстларим, соғлик бахт. Нималаргадир интилиб яшашимиз, орзуларимизнинг секин-асталик билан бўлса-да рўёбга чиқиши бахт. Фарзандим, оиламнинг борлиги, ҳаётимизнинг тинч эканлиги менинг бахтим.
- Бугун сиз ўзингиз хоҳлаган даражадаги санъаткор бўлишингизга нима тўсқинлик қилаяпти? Ёки бу сиз орзу қилган даражами?
- Мен азалдан ўртамиёна санъаткор бўлишни орзу қилардим. Жуда юқори даражадан қўрқаман, агар хоҳласам, юқори даражаларга эришишим учун барча имконим етарли.
Суҳбатдош: Феруза ИҚБОЛ.
|