№27, 30.06.2011 Муҳаммад НОР
(ВОҚЕИЙ ҲИКОЯ)
ШОШИЛИНЧ,РЕЖАЛИ ТЎЙ
(Давоми. Боши ўтган сонда.)
- Ҳар ҳолда Шоҳруҳбек ёлғиз ўғил, қизингиз унга чиқса, кенг уйнинг келинчаги бўлади. Обдон ўйлаб кўринг. Биз яна хабар оламиз, - дея қўзғолишди совчилар.
Эътиборхон бир қиз, бир ўғилни ёлғизқўллик билан катта қиляпти. Яхшиям, ёшлигида онасидан тўн, чорси тикишни ўрганиб олгани, хўжайини автоҳалокатда нобуд бўлиб, икки норасида бола билан тул қолганида асқотиб қолди. Ҳафта-икки бозор. Унисида бўлмаса, бунисида уч-тўртта тўн, чорси сотади. Рўзғорни шу йўсинда тебратиб келяпти. Тўсатдан совчиларнинг келиши олдинда қиз узатиш, ўғил уйлаш заруратлари борлигини эслатиб қўйди.
- Бироқ ҳозирги тўйлар... Маҳалла-кўйда тўйларни ихчам, камчиқиб ўтказиш ҳақида кўп гапирилди-ю, аммо кимўзарга интилаётганлар ҳам оз эмас. Келган совчилар хонадони қандай экан-а? Ҳар ҳолда шошилмай, ўз ҳолимга мос одамларга қуда бўлишим керак. - Совчиларни кузатгач, ўйлана-ўйлана шундай қарорга келди.
***
Савринса қиз хонадонидан кейинги хабар олганида ҳам қуда бўлиш ҳамон аҳдидан қайтмаганлигини билди-ю, ўз маҳалласининг оқсоқолини ўртага қўйди. Кўпни кўрган раис қўшни маҳалла оқсоқоли билан бамаслаҳат Эътиборхон хонадонига келиб, уни "юмшатиб", охири тўйга розилик олишди.
***
Икки ёшнинг никоҳ тўйи маҳалла фаолларининг қаттиқ назорати туфайли ортиқча сарфсиз, аммо файзли ўтказилди. Орадан бир ҳафта ўтгач, қуда келин-куёвга маъзар келтирганда Савринса Эътиборхонни чорпоядаги хонтахта атрофига тўшалган қалин кўрпачага ўтқазиб, дилидаги гапларни тўкди:
- Энг аввало, маъзар ташиманг, уйда ҳамма нарса етарли, ёшлар оч қолмайди. Сиздан бир ўтинчим бор: биз энди Россияга ишга кетамиз. Худо хайрингизни бергур, қудажон, сиз ёшларнинг турмуши-ю, уларнинг кампирни унутмай парваришлашларига кўз-қулоқ бўлиб турасиз-да!
Қуда Эътиборхон нима ҳам дерди, "Кўнглингиз тўқ бўлсин, мен уларни ташлаб қўярмидим" деб ишонтирди.
***
Шоҳруҳ оғир-босиқ ва мулойим йигит экан. У ҳар куни эрталаб ва кечда энаси ҳузурига кириб, ҳол-аҳвол сўраса-да, кампирнинг асосий парвариши Дилфузанинг зиммасига тушганди. Кечаси-ю кундузи тинмасди. Аяси келиб турганда ўқишга қатнар, келмаса ўқишга боролмас эди. Шоҳруҳ бундан ҳижолат тортар, ўз аясининг уни шошилинч уйлантириши сабабларини тушунгандек бўлиб, ғижиниб қўярди.
Охири Эътиборхон қизиникига деярли ҳар куни келиб, кампирга қарайдиган, келин-куёв ўқишга тўла қатнайдиган бўлди.
Орадан ойлар ўтиб борарди. Собиржон онасини йўқлаб бир келганида унинг ёнида қуда хола ўтирганлигини кўриб, жуда ҳижолат бўлди. Синглисининг пул деб онасини ҳам ташлаб кетганлигидан оғриниб кетди.
- Қуда хола, сизни қийнаб қўймадикми?
- Йўғ-е, нега қийналаман.
Кейин онасига юзланди:
- Буви, келинингиз шифохонадан чиқди, яна олиб кетай деб келдим.
- Эҳ, болам-а, - деди кампир жойидан бир қўзғолиб, - қуда билан худди она-боладек бўлиб қолдик. Мени қўзғама, синглинг бир йилсиз қайтмайди, ҳали. Бу ер менга ҳозирча бемалолроқ.
Собиржон ўнғайсизланиб қайтди.
Ўртанчи ўғил Сайдулло хотини билан бир келди-ю, кампирдан ҳол-аҳвол сўрагач:
- Майли, тинч экансиз, қуда ая ёнингизда экан, хотиржам бўлаверинг, - деди-да, кетди.
Эътиборхоннинг онаси эрта қазо қилган, у она меҳрига тўймаган эди. Мана энди бетоб кампир сиймосида ўз онасини ҳис этиб, уни сидқидилдан парваришлаяпти. Дилфуза ҳам ўқишдан қайтибоқ "Эна, тинч ётибсизми, соғлигингиз дурустми?" деб ҳузурига киради.
Қуда-ю келиннинг меҳрибонлиги сабаб бўлдими кампир кейинги кунларда анча енгиллади. Қаддини кўтариб каравотда ўтирадиган бўлди. Шоҳруҳ бундан хурсанд бўлиб, телефонда онасига суюнчилади. Савринса хушхабарни эшитиб, "Ҳайрият, аянгга менинг миннатдорлигимни етказ, умридан барака топсин" деди. Сўнгра эрига қараб: "шошилинч режаларимиз ёмон бўлмаган экан-а!" деди. Эр индамай мийиғида кулиб қўйди.
|