№28, 07.07.2011 ОРАМИЗДАГИ АЁЛЛАР
ҲАМ ПЕДАГОГ, ҲАМ ТАДБИРКОР
Улуғнорликлар Ҳадичахон Исмоиловани яхши танишади. У айни пайтда тумандаги 13-умумтаълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.
Ҳадичахон опа бунга осонликча эришгани йўқ, албатта. У 1963 йили Балиқчи туманида туғилди. 4-ўрта мактабни аъло баҳоларга битириб, Андижон педагогика билим юртининг бошлан-ғич таълим бўлимига ўқишга кирди. Сабаби, эндигина мактаб остонасига қадам қўйган болажонларга ҳарф ўргатиш, устозлик қилиш унинг болаликдаги орзуси эди. Бу орзуси самараси ўлароқ, ўзи ўқиган мактабда бошланғич синф ўқувчиларига дарс берди. Лекин Мирсалимжон Исмоилов деган йигит билан турмуш қургач, тақдир уларни Сирдарё вилоятида яшаб, ишлашни тақозо этди. 1997 йилда эса ўз она юрти Балиқчига яқин бўлмиш -Улуғнор туманига келишди. Ҳадичахон опа 13-мактабга ишга кириб, ўз фаолиятини давом эттирди. Уч йил ёш авлодга таълим-тарбия берган муаллиманинг шижоати, талабчанлиги, тиришқоқлиги ҳисобга олиниб, мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимига тайинладилар. Мана, 11 йилдирки, у шу вазифада.
- Узоқ йиллик педагогик фаолиятим менинг болалар психологиясини яхши ўрганишимга сабаб бўлди,- деди. Ҳ.Исмоилова биз билан суҳбатда. - Чунки боланинг характери, қайси фан ёки адабиётга қизиқишини билмай туриб, унинг қалбига йўл топиб бўлмайди. Эндигина мактабга қадам қўйган 6-7 ёшли бола мисоли бир гул. Уни авайлаб ушламасанг, эҳтиётламасанг, у бор қобилиятини ҳам йўқотиши мумкин. Мана шу тажрибаларим ҳамда айни пайтдаги вазифам бўйича нафақат дарс жараёнларимда, балки, туман, вилоят, республика танловларида муваффақиятли қатнашишимга сабаб бўлди. 2009 йилда ўтказилган "Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси", "Йил аёли -2010" танловларида иштирок этиб, яхши натижаларга эришдим.
Ҳадича опанинг бу касбни танлашига ҳам сабаб бор. Мактабда ўқиб юрган пайтларида, уларга Назирали Ҳасанов деган ўқитувчи таълим берган. Бу муаллимнинг маънавияти, чуқур билими, қолаверса, озода кийиниши, хушмуомаласи, тартиблилиги унинг юрагида шу касбга бўлган меҳр ва ҳавасни уйғотди. Худди устози каби муаллим бўлишни олдига мақсад қилиб қўйди. Шунинг учун ҳам педагогик фаолияти бўйича муваффақиятга эришса, ота-оналардан илиқ гаплар эшитса, албатта, марҳум устози Назирали Ҳасановни ёдга оларди.
Дилмуроджон Мадраҳимов раҳбарлик қилаётган бу мактаб жамоаси 22 нафар ўқитувчи меҳнат қилади, 242 нафар ўқувчи таълим олади. Дарслардан ташқари 23 та фан ва ижодий тўгараклар фаолият олиб бормоқда. Муай-тай, кураш, волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка каби қатор спорт тўгараклари ҳам ўқувчилар ихтиёрида. Зуҳрахон Субонова мудирлик қилаётган мактаб кутубхонаси эса дарсликлар, бадиий адабиётлар, матбуот нашрлари билан ўқувчиларнинг маънавиятини, саводхонлигини оширмоқда.
Президентимиз томонидан "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" деб аталган жорий йил бошқа касб эгалари қатори муаллима Ҳадичахон опага ҳам имкониятлар эшигини очиб берди. У эндиликда тадбиркорлик билан ҳам шуғулланишни режа қилди. Нуфузли танловда "Микрокредитбанк"дан имтиёзли кредит олиш имконияти туғилди. Уларга Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини идорасидан хона ажратилди, вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан иш бошлаши учун бешта тикув машинаси берилди. Унинг орзуси моҳир чеварлар ёрдамида тадбиркорлик ишини ривожлантириб, қишлоқ аёлларига либослар, белбоғлар, сўзаналар тикишни ўргатишни йўлга қўйишдир. Ишчи кучини эса Мингбулоқ агросаноат ҳамда Улуғнор касб-ҳунар коллежи талабаларидан олмоқчи. Бешта иш ўрни яратган бўлса, энди уни элликтага етказиш ҳаракатида.
Ҳадича опа ўз оиласи билан ҳам фахрланади. Турмуш ўртоғи Мирсалимжон ака туман марказий шифохонасида ишлайди. Фарзандлари Муштарий ўқитувчи, Муаттархон ҳамшира, Сардорбек тадбиркор, Озодахон эса тикувчи. Оиласидаги тотувлик Ҳадича опанинг ишдаги муваффақиятларига замин бўлиши, шубҳасиздир.
Улуғбек АБДУСАЛОМОВ.
|