№28, 07.07.2011 ЭЪТИРОФ
ЖАМИЯТ ВА ЎЗБЕК АЁЛИ
Бугун ҳаётимизнинг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг ўрни, мавқеи ортиб бормоқда. Президентимизнинг 2004 йил 25 майдаги "Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони ана шу мавқени янада мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнамоқда.
Бундай хайрли ишларнинг бошланиши кўнгилда кўтаринкилик, янгиланиш, одамларга ишонч ҳиссини уйғотади. Хотин-қизлар қўмиталари аёлларнинг аҳволини тушунадиган, керак пайтда ҳимоя қила оладиган ташкилот сифатида фаолият олиб бормоқда.
Фармонга асосан, республикамиздаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида хотин-қизлардан диний-маърифат, маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими тайинланадиган бўлди. Диний-маърифий илм эгаси маънавий баркамол инсон бўлиши ҳам лозим. Ҳар соҳада олға қадам ташлаш бугунги аёл учун ниҳоятда муҳим. Бугунги кунда хотин-қизлар оила мустаҳкамлигини сақлашдан ташқари, замонавий илмларни эгаллаши, келажак меваси бўлган фарзандларни комил инсон қилиб тарбиялаши зарур. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, опа-сингилларимизнинг тиббий саводхонлигини, маданиятини янада юксалтириш, оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Чунки аёлларимиз соғлом бўлсагина, миллатимиз келажаги-соғлом авлод дунёга келади.
Аёл илмли бўлса, баркамол фарзандлар улғаяди. Фақат бу борада аёлларга бироз мадад, тадбиркорлик, оқилалик, саранжом-саришталик ва латофатлилик илми керак бўлади.
Хулоса қилиб шуни айтамизки, Президентимиз мазкур Фармонини ҳаётга татбиқ этишга бағишланган йиғилишларда амалга ошириш зарур бўлган бир қатор масалаларни ўртага ташлади. Хотин-қизлар қўмитаси, асосан, жамоатчилик тузилмаси эканлигини, шунингдек, халқ билан ҳамнафас бўлиши зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу таклифлар мустақил юртимизнинг келажакка кўз тутган баркамол аёлини кучига-куч, қудратига-қудрат қўшиб юборди.
Зеро, аёлга бўлган эътиборга қараб, жамиятнинг тараққиётига баҳо берилган. Жаҳонга юз тутаётган мамлакатимизда ҳам аёллар ўрнини янада жонлантириш вақти келди, деб баралла айтсак бўлади.
Гавҳарой НУРИТДИНОВА,
Минурахон БОЗОРОВА,
Андижон давлат
тиббиёт институти ўқитувчилари.
|