№29, 14.07.2011 РЕСПУБЛИКА СЕМИНАРИ БЎЛИБ ЎТДИ
Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида Республика "Маҳалла" ҳайрия жамғармасининг сайёр йиғилиши ҳамда "Маҳаллани аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказига айлантириш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантиришдаги долзарб масалалар" мавзусидаги республика семинари бўлиб ўтди.
Йиғилиш қатнашчилари Андижон вилоятда фаолият олиб бораётган қишлоқ, маҳалла фуқаролар йиғинларида олиб борилаётган қурилиш, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларига, оилавий бизнесн и йўлга қўйиш, томорқалардан унумли фойдаланиш борасидаги ҳаракатларга юқори баҳо бердилар. Айниқса, яқинда бўлиб ўтган "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови юқори савияда, қонуний тамойиллар асосида ўтказилганлигини, фуқаролар йиғинлари раиси ва маслаҳатчиси лавозимларига муносиб кишилар сайланганлигини эътироф этдилар.
Республикамизнинг барча вилоятлари ва Қорақолпоғистон Республикасидан ташриф буюрган меҳмонлар Андижон шаҳридаги Ўзбекистон кўчасини, шу-нингдек, Андижон туманидаги Истиқлол МФЙда барпо этилган намунали тураржой биноларини бориб кўрдилар. Мазкур масканларда амалга оширилган улкан бун-ёдкорлик ишлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Шундан сўнг семинар қатнашчилари Асака туманидаги Муқимий, Избоскан туманидаги Т. Мамажонов МФЙ фаолияти ҳамда ака-ука Мамажоновлар томонидан бунёд этилган спорт мажмуаси, Олтинкўл туманидаги "Агротеххизмат" МЧЖ фаолияти, Балиқчи туманидаги Учбулоқ дам олиш масканида аҳолининг кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун яратилган шарт-шароитлар, шунингдек, Асакадаги автомобиль заводи иш жараёнлари билан танишдилар. Жалақудуқ туманидаги Бозорбоши МФЙ биноси очилишида иштирок этдилар.
Семинар доирасида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашдилар, илғор иш услубларини жорий этиш бўйича таклиф, тавсия ва мулоҳазалар билдирилди. Семинар мазкур соҳадаги ишларни янада такомиллаштириш борасидаги кўникма ва тажрибаларни бойитишга хизмат қилди.
Семинар ишида Республика "Маҳалла" ҳайрия жамғармаси раиси А. Аҳмедов, Андижон вилояти ҳокими ўринбосарлари Х. Кетмонов, Н. Яқубовалар иштирок этдилар.
ЎЗ МУХБИРИМИЗ.
|