№29, 14.07.2011 ИСТИҚЛОЛ ФАРЗАНДЛАРИ
"ЧЕМПИОН ҚИЗ"
- дейишса, яйраб кетаман,
- дейди спорт устаси Зулфизар Тўраева.
Соғлом, баркамол авлодни вояга етказиш масаласи мамлакатимизда олиб борилаётган изчил сиёсатнинг энг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Айниқса, қизларни спортга жалб этишдан кўзланган мақсад бўлғуси оналарнинг жисмоний жиҳатдан соғлом бўлишларига бевосита ва билвосита боғлиқ.
- Мен истиқлол фарзандиман, - дейди Балиқчи тумани, болалар ва ўсмирлар кураш мактабининг мураббийси Зулфизар Тўраева. - Юртбошимиз ва ҳукуматимиз айнан биз ёшларнинг жисман, ҳам маънан соғлом бўлиб вояга етишимиз учун барча шарт-шароитларни яратиб бермоқда. Ҳар бир инсонда ҳавас, иштиёқ бор. Шу ҳавас ниманингдир, кимнингдир таъсирида пайдо бўлади. Телевидение орқали жаҳон, олимпиада чемпионларини кўрсатишганида менда ҳам уларга нисбатан ҳавас уйғонганди. Мактабимизда (5-умумтаълим мактаб) спортнинг каратэ, кураш турлари бўйича тўгарак очилганди. Дастлаб каратэ тўгарагига қатнашдим. Кейин синфдош дугоналаримга қизиқиб кураш тўгарагига ҳам қатнаша бошладим. 9-синфни тамомлагач, Андижон шаҳридаги Олимпия заҳиралари спорт коллежида ўқишни давом эттирдим. Миллий белбоғлик кураш бўйича жиддий шуғулландим. Натижада бир неча бор республика, икки марта Осиё чемпиони бўлдим. Шу билан биргаликда туманимизда болалар ва ўсмирлар кураш мактабида мураббий бўлиб ишлаб келмоқдаман. 46 нафар ўқувчиларга кураш сирларини ўргатмоқдаман.
Ҳозир мактабларда ўқувчиларнинг ҳар 3 нафаридан бири спорт билан шуғулланмоқда. Бу албатта, вилоятимизнинг деярли барча ҳудудларида спорт билан мунтазам шуғулланиш учун қулай шарт-шароитлар яратилаётганлигидан далолат.
Авваллари кураш тушаётган қашқадарёлик ва сурхондарёлик қизларга ҳайрат билан қарардим. "Қиз бола бўлса, нима қиларкин, ёшгина жонини қийнаб, спортнинг бу тури қизларга ярашиқлими?" - деб ўйлардим. Мана, бугун бизнинг Андижонимизда ҳам қизлар ўртасида миллий курашга ҳавас ва рағбат кучли. Буни биргина истиқлол тенгдоши бўлган спорт устаси, мураббий Зулфизар Тўраева фаолиятида кўриш мумкин.
У 2005 йилдан буён турли мусобақаларда фаол иштирок этиб келмоқда. 2009 йили Зулфизар спортда эришган ютуқлари учун "Спорт устаси" номига сазовор бўлди. Шу йили Фарғонада ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 58 кг. вазндаги қизлар ўртасида ҳамда Ҳоразмда ўтказилган Осиё чемпионати саралаш ўйинларида 1-ўринни эгаллади. Кузда Қозоғистон Республикасида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатида қатнашади.
- Зулфизар, ниҳоятда тириш-қоқ, - дейди устози Андижон Олимпия заҳиралари коллежи мураббийси Муҳиддин Ашуров. - У келгусида етук спорт мутахассиси бўлишига ишонамиз.
Ҳа, ҳар куни ўғил-қизларимизнинг спорт, санъат, илм-фан, ишлаб чиқариш, умуман, қандайдир йўналишдаги ютуғидан хабар топамиз. Бу албатта, 20 йил олдин қўйилган тамал тошига ёшларнинг муносиб жавобидир.
Зумрахон АБДУЛЛАЕВА.
|