№29, 14.07.2011 МАДҲ
УСТОЗ - ТАБАРРУК ЗОТ
Устозлар ҳақида гап кетганда қалбимизда оналаримизга бўлган меҳр каби меҳрни туямиз. Бу сўзни шунчаки айтиб бўлмайди. Ҳақиқий устозларимиз ҳақидаги ҳеч бир сўзимиз самимийликдан йироқ бўлмайди. Келинг, сиз ҳам илк бора мактабга қадам қўйган ва унда қалбингиздан кечган ҳаяжонни бир хотирлаб кўринг-а. Илк сабоқдан сўнг устозингизга тақлид қила бошлаганингиз ҳамон ёдингиздадир. Ҳозирги ҳаётингизда қандай ютуқларга эришган бўлишингиздан қатъи назар, болаликда устозингизга қилган тақлид асносида мурғак қалбингиздаги ўша кичик орзу бугунги шодумон кунларингизнинг бошланиши аслида.
Бугун талабаликдек юксак унвонга эга бўлишимиз, ҳаётда ўз ўрнимизни топишимиз, инсон сифатида ўзлигимизни англаб ета бошлаганимиз, атрофимиздаги яқин инсонларимизнинг қадрига ета бошлаганимиз, ҳар доим улуғ мақсадлар рўёби йўлида дадил қадам ташлаётганимиз, буларнинг барча-барчаси учун биз бугунги ҳаётимизга тўла маънода дахлдор бўла оладиган инсонлар УСТОЗларимиздан миннатдор бўлишимиз керак. Устозларимиз худди ота-оналаримиз каби биз эришган ютуқларни ўзлариникидек қабул қиладилар.
Институтда ўқиб юрган кезларимда оромгоҳда франциялик Алис исмли тенгдошимга таржимонлик қилган эдим. Орадан анча йиллар ўтиб, ундан хат олдим. Севинганимдан бу ҳушхабарни устозимга етказишга шошилдим. Табиийки, у хатни ҳайрат билан ўқиди ва устозимнинг юзларидан менинг қувончимга шерик бўлганини ҳис қилдим. Ва шунда бир нарсани англаб етдимки, биз ҳаётимиз давомида нимагаки эришсак, ота-оналаримиз қатори устозларимиз ҳам бу ютуқларимизга тўла маънода шерик бўла олар эканлар. Ота-оналаримиз фарзандининг камолини кўриб қанчалик севинса, устозларимиз ҳам шогирдларининг камолини кўриб шунчалик қувонишларига шубҳа қилмайман. Мана шундай пайтларда гўё уларнинг чеккан заҳматларию машаққатлари унут бўлса ажабмас.
Истардимки, миллат келажагига дахлдор бўла оладиган шундай фидойи, меҳрибон инсонлар доимо бор бўлишсин.Уларнинг ўгитлари машъала каби йўлларимизни ёритсин.
Феруза РАСУЛОВА,
Булоқбоши тумани.
|