№29, 14.07.2011 НИГОҲ
МИЛЛИЙЛИКНИ УНУТГАН ЙИГИТ
Халқимиз азалдан ўз анъаналари, урф-одатлари ва қадриятларини эъзозлаб келган.
Аждодларимиздан қолган бой маданий - маънавий меросимиз дунё аҳлини ҳайратга солиб келаётганига ўзимиз гувоҳмиз. Лекин ёшларимизнинг айрим ҳолларда ғайриинсоний одамлардан андоза олаётганини, ўзимизнинг миллий қадриятларимиз қолиб, европача турмушни афзал кўраётгани бироз ранжитади, одамни.
Нодирабегим - Увайсий, Бибихоним ва Тўмарисларнинг авлоди бўлган қизларимизнинг кийиниш маданияти бутунлай ўзгариб кетди. Кўйлаклар тобора калталашиб, ҳатто, бу оддий ҳолга айланиб қолмоқда. Қизларнинг кийинишларидан ранжиб турганимизда баъзи йигитларнинг беўхшов кийинишларидан ҳам кўнгиллар хира тортади.
Яқинда иш юзасидан бир ташкилотга кетаётиб, "Дамас" автомашинасига ўтиришга чоғландим. Шу пайт ўсмир бир йигитнинг калта футболка ва шортикда ястаниб ўтирганини кўриб, иккиланиб туриб қолдим. Соқоллари ўсган, сочи бўйнига тушган ажнабий сифат бу йигит, бошқа миллат эмас, айнан ўзбек йигити эди. Мени бироз туриб қолганимни сезган ҳайдовчи.
- Ўтирмайсизми опа? -деганидан сўнг, мажбур ўтиришга чоғландим.
- Сал сурилиб олинг, дедим ғашим келиб.
Йигит бироз сурилганди ёнидаги аёл афтини буриштириб, ўзини ундан тортди.
Йигит эса парвойи фалак. Шу пайт телефони жиринглаб қолди-ю, ҳамманинг эътибори энди унинг гап-сўзларига қаратилди. Ўзбекчага русчани аралаштириб, манзилга етай деб қолганини айтди ва ҳайдовчига тўхтатишини буюрди.
У йўлда тушиб қолгач, ҳамма енгил тортди.
- Ҳей, афтинг қурсин, шу алфозда ҳам жамоат жойида юрасанми? - деди машина эшиги ёнида қимтиниб келган аёл.
- Деразангизни очиб юборинг, ҳай атир сепмай қол-а, - дея орқа ўриндиқдаги аёл бетоқатланиб, елпина бошлади.
- Кинолар бузяпти ёшларни, Ғарбга тақлид қилишяпти-да. Ўзбекмисан, ориятинг борми, - дейдиган одамнинг ўзи йўқ, - деди яна бири.
Йўловчилар бири олиб, бири қўйиб, ёшларнинг кийинишидан дарғазаб бўлиб гапиришди. Мен ҳам анчагача ўзбек йигитининг бу аҳволда кўчада юришидан ўзимга келмадим.
У деймиз, бу деймиз-у, ёшларга таъсир кўрсата олмаётганлигимиз бор гап. Кўчада гапимизни ўтказа олмас эканмиз, тарбияни энг аввало, оиламиздан бошлашимиз лозим. Буни қарангки, ўткинчи ҳою-ҳавас исканжасига тушиб қоладиган, фарзандлари тарбиясига бефарқ ота-оналар ҳам орамизда топилади.
Бу каби ҳолатларнинг авж олмаслиги, ёшларимизда андиша, ор-номус хислатларини тарбиялаш учун зиёлилар, ота-оналар, ўқитувчи ва мураббийлар, маънавият ва маърифат соҳаси жонкуярлари ёшларга намуна бўлишлари керак. Чунки, жамият тараққиётини маънавиятсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
ЗУМРАДХОН.
|