№29, 14.07.2011 ТЎЙ ВА БОШҚА МАРОСИМЛАР МЕЪЁРИДА ЎТСИН
Барча ақли расо, идрокли кишиларга маълумки, ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр зарур. Динимизда ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик, риёкорлик каби иллатлар қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган.
Қуръони Каримда: "Қариндошнинг ҳаққини адо эт, мискин-бечоралар, йўловчи-мусофирларга ҳам (мурувват кўрсат). Лекин сира исроф этма, зеро, исроф қилувчилар Шайтоннинг "биродарлари"дир! - дейилади. ("Исро" сураси, 26-оят).
Демак, силаи раҳм, хайр-эҳсон ва турли садақаларни беришда ҳам меъёрдан ташқари ҳаражат қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш Аллоҳ томонидан маън этилган.
Мазкур суранинг 29-оятида шундай дейилади: "Қўлингни бўйнингга боғлаб олма, яъни, ўта хасис бўлма, қўлингни кенг ёзиб ҳам юборма, яъни сахийликни меъёридан ошириб ҳам юборма! Акс ҳолда, маломат ва таъналарга қолиб, пушаймон қилурсан".
Бундан кўринадики, инсон ҳар бир ишда етти ўлчаб, бир кесмоғи даркор. Яъни, сарф-ҳаражат бобида ортиқча исрофга йўл қўймаслиги, саҳийлик бобида эса ўта ҳотамтой бўлмаслиги жоиз. Шунингдек, киши зиқна, хасис ҳам бўлмагани дуруст. Негаки, ўзида бор нарсани ўзгага раво кўрмаслик, ёмон одат. Бу ҳақда Ҳадиси шарифда шундай зикр этилган: "Бойликда ҳам, фақирликда ҳам, ибодатда ҳам мўътадиллик яхшидир".
Инсонларни тартиб, қоидаларга ўргатувчи мазкур Ҳадислар, албатта, амал қилингандагина ўз таъсири ва кучини кўрсатади. Зотан, ҳидоят амал билан чиройлидир.
Лекин кишиларимиз орасида чиройли амалларни қилмайдиган, аксинча, ноўрин, бефойда ҳамда моддий, ахлоқий жиҳатдан зарарли амалларга ружу қўйганлар ҳамон учрайди. Айниқса, бу ҳолатни тўй ва бошқа маросимларда яққол кўриш мумкин. Тўйларни камчиқим, ортиқча сарф-ҳаражатларсиз ўтказишга нечоғли даъват этилмасин, бари бир айрим кишиларимиз эскилик сарқитларига ҳамон риоя этмоқдалар. Оқибатда эса исрофгарчиликларга йўл қўйилмоқда.
Юқорида зикр этилган ояти карималар ва Ҳадиси шарифлардан келиб чиққан ҳолда, кейинги пайтларда аҳоли орасида ўтаётган тўй, маросим ва маъракаларда ортиқча исрофгарчилик, риёкорлик, шуҳратпарастлик, миллий анъана ва маросимларга доир кўрсатмаларни бузиш ҳолатлари юз бераётганлигини таъкидлаш жоиздир.
Шу ўринда, никоҳ хусусидаги одобларга ҳам қисқача тўхталмоқ керак. Маросим ва тадбирларни миллий, диний нуқтаи назардан мувофиқлаштирилган тарзда, намунали ўтказиш имом-хатиблар, маҳалла оқсоқоллари ва фаолларининг ўзаро ҳамкорлигини тақозо этади.
Муқаддас динимиз насиҳатларига кўра, йигитлар уйланишдан олдин бўлажак келинни кўрган бўлишлари керак. Бу ҳақда Ҳадислар ворид бўлганким, уларнинг мазмунида ёшларни мажбуран, ёқтирмаган кимсалар билан турмуш қуришга зўрлаш маън қилинади.
Мухийра ибн Шубара исмли сахобий бир қизга уйланмоқчи бўлиб турганларида, Расуллуллоҳ (с.а.в.) ундан: "У қизни кўрганмисан?" - деб сўрадилар. У: "Йўқ", - деб жавоб берди. "Бориб кўргин, токи ўрталарингда меҳр ва муҳаббат пайдо бўлсин", - дедилар Расулуллоҳ (с.а.в.).
Ушбу Ҳадис мазмунидан маълум бўладики, куёв бўлажак келинни тўйдан олдин кўрса, қалбида салгина меҳр пайдо бўлади.
Куёв келинни кўрганда, унинг моли ёки чиройига қарамасдан, балки одоб-ахлоқи ва маънавиятига қарамоғи лозим бўлади. Зотан, аёлнинг моли, ҳусни-жамоли ўткинчидир. Лекин унинг одоб-ахлоқи вафотигача қолади...
Санъатбек ТУРСУНОВ,
Олтинкўл тумани.
|