№29, 14.07.2011 МАШҲУР ЖУРНАЛИСТ АЁЛЛАР ҲАЁТИДАН
Жанна АГАЛАКОВА:
"ҒАЗАБ ВА ҲАСАД САЛОМАТЛИК УЧУН ХАВФЛИ"
Жанна Агалакова сайёр ҳаётга кўникиб қолган. Киров шаҳрида туғилган. МГУга ўқишга кириб, журналистика факультетининг газетачилик бўлимини битирган. Амалиётни Ички ишлар вазирлиги телестудиясида ўтказган.
Кейин етакчи телеканалларнинг ахборот эшиттиришларида ишлаган. Бундан бир неча йил аввал ОРТнинг Париждаги ўз мухбири лавозимида хорижга кўчиб кетди.
-Жанна, Францияда соғлом турмуш тарзини сақлаш осонми? Сиз бунга риоя қиласизми?
-Ҳар ҳолда соғлом турмуш тарзини сақласа бўлади. Бу ерда бемалол ухлайман, кўп югураман, ёғли овқатлардан узоқроқ юраман.
Парижликлар ширинликни хуш кўришади. Мен эса ҳар куни камида беш хил мева ва сабзавот ейишга ҳаракат қиламан. Қолаверса, доим яхши нарсаларни ўйлайман, чунки ғазаб ва ҳасад саломатлик учун ҳавфли.
-Парижга кўчиб борганингиздан сўнг овқатларингиз тури ўзгардими?
-Салатни яхши кўриб қолдим. Бу Россияда биз тушунган "оливье" ёки "Мимоза" эмас. Французларда кўкатларнинг тури кўп. Француз дугонам ҳар турли кўкатларни аралаштириб салат тайёрлашга уста. Тўғралган кўкатлар устига йогурт, сояли соус, бальзамли уксусларни шундай қўшадики, таъми оғзингизда қолади.
-Парижликлар шаҳар кўчаларида велосипедда юришни ёқтиришади. Сиз ҳам велосипедда юришни ўргандингизми?
-Йўқ, кўчада юролмайман, аммо боғларда велосипедда сайр қиламан. Дарвоқе, парижликлар кўпинча ишга велосипедда бориб келишади. Бунинг учун шаҳарда велосипедни ижарага берувчи 200 дан зиёд бекат бор. Ҳар ҳолда икки ғилдиракли транспорт жуда қулай.
- Французлар бақани ёқтириб ейишади? Бундай овқат Сизга ҳам ёқдими?
- Сувда юрадиган қашқабақани нафақат французлар, балки Бельгия ва Голландияда ҳам ейишади. Бироқ, биргина французларни бақахўр дейишлари ғалатироқ. Французлар ўз бақаларини авайлаб, нуқул четдан келтирилганини тановул қиладилар. Бақа гўштини мен ҳам татиб кўрдим. Мазали.
-Китобингизда мохир дегустатор (татиб синовчи) Софи билан танишганингизни ёзибсиз. Бресс товуқлари конкурсига Сиз қандай бориб қолдингиз?
- Мен машҳур "бресс каплун"лари ҳақида репортаж тайёрламоқчи эдим. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари мени ҳам ўз сафларига таклиф қилишди. Мен бу танловда ўтириб Бресс паррандабоқарлари ўз касбларини ардоқлашларини кўрдим. Конкурс ғолибига Елисейдаги Президент қасрида махсус совға берилишидан ҳайратланиб кетдим. Бундан паррандабоқарнинг меҳнати енгиллаб қолмайди-ю, бироқ унга муносабат ўзгаради.
- Сизнинг тасодифий танишларингиз кўп. Уларга муносабатингиз қандай?
- Тасодифий танишлар тасодифий сафарларда кўп учрайди. Улар орасида кўпдан бери суҳбатдош бўлиб қолганлар ҳам бор, бир учрашиб кейин кўринмай кетганлари ҳам оз эмас. Самимият, дилкашлик етишмаса қийин-да!
- Сиз ёшлигингизда криминалист, меъмор, бастакор бўлишни хоҳлаган экансиз. Бу мутахассисликларни эгалламаганингизга ачинмайсизми?
- Йўқ. Журналистикада гоҳ-гоҳ ўша истагимдаги касбларга ҳам аралашиб тураман. Шунда эгаллаган касбимдан фахрланиб кетаман.
- Парижга келгач, скрипка чалишни ўрганаётган эмишсиз?
- Бундай эмас. Скрипка чалишни Москвада ўргана бошлаганман. Мен мусиқа мактабида фортепиано синфини битирганман, скрипка чалишга ҳам ҳавасим катта эди. Бироқ хануз пухта ўргана олганим йўқ.
- Ҳамкасбларингиз Сизни "Жанка-парижанка" деб аташаркан. Бунга хафа бўлмайсизми?
- Нега хафа бўламан? Бунда уларнинг менга ҳавас қилишлари ҳам, озгина ҳасад қилаётганлиги ҳам мужассам. Баъзан хурсанд бўламан.
- Қизингиз ҳам катта бўлиб қолибди. У ҳозир нима билан шуғулланаяпти?
- Қизимнинг исми Алиса. У ростмона ижодкор. Расм чизади, қўшиқ куйлайди. Ҳозир ўзича "Эҳ, Эйфель минорасини ўғирлашди" деб номланган сценарий ёзяпти. Сценарий асосида фильм яратилса, бош ролда ўзи ўйнармиш.
- Сизга ҳамиша омад ёр бўлсин!
Лариса АЛЕКСЕЕНКО,
"Мир новостей" ҳафтаномасидан
М.НОРХЎЖАЕВ таржимаси.
|