№30, 21.07.2011 МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН
ХАЛҚ ОРАСИДАГИ 40.ЙИЛЛИК УМР
Насиба опанинг халқ орасида фаолият кўрсатаётганига 40 йил тўлди. Қирқ йиллик умрини у халқ ишига бахшида этди. Лекин ҳали фаолиятдан тўхтагани, халқдан узилгани йўқ. Ҳамон одамлар орасида. Маҳалла маслаҳатчиси. Хўжаобод туманидаги 2650 нафарлик аҳолиси бор "Гулистон" маҳалла фуқаролар йиғинида катта-кичикка бош бўлиб юрибди.
Насибахон Қурбонова асли Хўжаободнинг Кўтарма маҳалласидан. Кўп болали оила фарзанди. Олти ўғил, беш қиз улғайишган. Қизларнинг каттаси Насибахон. Ўрта мактабни тугатгандан буён ташкилотчилик, етакчилик ишларини қилиб, элга танилиб қолган. Тошкентдаги молия техникумида ўқиган йилларидаёқ ўзидаги бу фазилатларни ўқишда, жамоат ишларида намоён этган эди. Ўқишни битириб келгандан сўнг жамоа хўжалигида (собиқ Калинин номли) дастлаб ёшларга етакчилик қилди. Албатта, бу вазифага ундаги иқтидор, қобилият ҳисобга олингани боис, тайинланган. Насибахон Қурбонова вазифани сидқидилдан адо этиб, тез орада ишонч қозонди.
1978 йилдан бошлаб эса опа ҳисобчилик соҳасида фаолият юритди. Шу йили у Манак қишлоғига турмушга чиқди ва иш фаолиятини давлат хўжалигида (собиқ "Коммуна" совхози) давом эттирди. Шу зайл опанинг ҳаёти буткул эл-юрт иши, одамлар ташвишига шерик бўлиш масъулияти билан боғланди. Чунки Насиба опа хўжаликда қисқа фурсат ўз соҳасида ишлади, қолган даврни эса хотин-қизлар ишлари бўйича раис, директор ўринбосарлигида ўтказди.
Бу орада билимларини мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент халқ хўжалиги институтида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таҳсил олди. Негаки, ўзида етарли билими бор кишининг кўпларга бош бўлиши осон кечишини у яхши билар эди. Мана, бугунги кунда ҳам маслаҳатчи сифатида кўпларга бош бўлиб келмоқдаки, бу ишга унинг билим, қобилият ва салоҳияти қўл келмоқда.
- Маслаҳатчилик вазифасига 2008 йили сайландим, - дейди опа суҳбатимизда. - "Гулистон" маҳалласи қишлоғимиздаги катта маҳаллардан биридир. Айни пайтда 2650 нафар аҳоли истиқомат қилади. 635 та оила, 425 та хўжалик мавжуд. Аҳолининг 51 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг муаммоси, оилалари тинчлиги борасида маҳалламиз фаоллари кўмагида ҳамиша изланиб ишлаяпмиз. Маҳаллада неки иш бўлса, албатта, уюшқоқлик, ҳамфикрлик асосида бажарилади.
Масалан, мустақилликнинг 20 йиллиги муносабати билан маҳаллада ҳайрия тўйи қилган эдик, унга фаолларимиз бош-қош бўлишди, ҳомийлар моддий ёрдам кўрсатишди. Ободончилик ишларини ҳам одамларимиздаги кўтаринки кайфият билан олиб бормоқдамиз. "Ободлик кўнгилдан бошланади" деган шиор бугун барча хонадонларга кириб борган, десам асло муболаға бўлмайди.
Ҳа, маслаҳатчи ҳақ эди. Бугун гулистонликлар ҳам юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободончилик ишларининг давомчиларига айланишган. Ҳар бир уйда ҳашар, кўчаларда тозалик ишлари олиб борилмоқда. Бу ишларни жадал, тез ва сифатли бажарилишини эса Насиба опа жонсараклик ва куюнчаклик билан ўз назоратига олган. Уни излаб борганимизда ҳам бевосита ана шундай иш жараёнида кўрганимиз фикримиз исботидир.
- Маслаҳатчи сифатида мени қувонтирадиган нарса шуки, - сўзида давом этади опа, - маҳаллада бугун осойишталик таъминланган, оилаларда соғлом муҳит барқарор. Оилавий ажримлар йўқ. Жиноятчилик соҳасида ҳисобда турган хотин-қизлар йўқ. Вояга етмаганлар ўртасида ҳам назорат ишлари кучайтирилганлиги боис, ҳисобдагилар йўқ. Демак, "Гулистон" ўз номига монанд маҳалла эканлигини ҳар соҳада кўрсатиб турибди.
Дарҳақиқат, маҳалла бугун эл ишонган ва умид қилган маскандир. Унинг етакчилари элга мададкор бўлишлари жоиз. Шу маънода, Насиба опа Қурбонованинг ҳам умр йўлларида муносиб излар бор, дейишга ҳақлимиз. Чунки унинг 40 йиллик умри зое ўтгани йўқ. У бу йилларни эл-юрт равнақига бахшида этди.
Маҳфуза НОРБОЕВА.
|