№30, 21.07.2011 АРХИВ -
ТАРИХИМИЗ КЎЗГУСИ
Тарихимизни яхши билишимиз, уни мавжуд ҳужжатлар асосида ўрганишимиз учун, албатта, архив материалларига мурожаат этишга тўғри келади. Архив - тарихни рўй-рост билишда ва жамият ривожида муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис ҳам мамлакатимиз мустақилликка эришгач, архив ҳужжатларини тайёрлаш ва уни сақлаш ҳақида бир неча муҳим қарорлар қабул қилинди. Ана шулар асосида фаолият олиб бораётган Марҳамат туман давлат архиви жамоаси ўзларига топширилган вазифаларни сидқидилдан адо этиб келмоқдалар.
Архив - ташкилотларнинг ҳужжатларини қабул қилиш, уларни тартибга келтириш ва архив ҳужжатларидан фойдаланишни ташкил этади. Шунингдек, архив ҳужжатларини қабул қилиб олишда уларнинг қимматлилигини аниқлайди. Ягона давлат архиви фонди (ЯДА) ана шу асосда сараланиб, тартибга келтирилади. Архив ҳужжатларини тартибга солиш, улардан илмий ва амалий фойдаланиш имконини беради. Минглаб фуқароларнинг ҳожати чиқади, яъни, ўз меҳнат фаолиятларига оид ҳужжатларни топа олмай, сарсон бўлиб юрган шахсларга ушбу масканда кўмак берилади. Қолаверса, кўплаб илмий ходимлар архив материалларидан фойдаланишади.
Кейинги йилларда архив соҳасида ҳам ислоҳотлар амалга оширилиб, янгича иш усуллари шаклланмоқда. Бозор муносабатларига ўтилиши жамиятнинг барча соҳаларида туб ўзгаришлар ясади. Натижада мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш туфайли қатор давлат ташкилотлари, саноат, савдо, маиший хизмат, транспорт корхоналарининг мулкчилик шакли ўзгариб, корхоналар хусусийлаштирилди. Мулкдорлар синфи шаклланди. Нодавлат, саноат, қурилиш корхоналари, фермер хўжаликлари, касаба уюшмалари, ҳайрия ва бошқа ташкилотлар тузилди.
Янги ташкил топган уюшма, ташкилот, фермер хўжаликлари, хусусий корхоналар фаолиятларига оид зарур ҳужжатларни давлат архивига ўз муддатларида топширишлари муҳимдир.
Ўзбекистон Республикасининг "Архив иши тўғрисида"ги Қонуни 23-моддасида миллий архив фонди таркибига киритилган архив ҳужжатлари доимий (муддатсиз) сақланиши лозим ва уларни йўқ қилиб ташлаш таъ-қиқланади, деб кўрсатиб ўтилган. Бундан ташқари, Қонуннинг 24-моддасида миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган ҳужжатларни идоравий архивларда вақтинча сақланиш муддати кўрсатилиб ўтилган. Республика миқёсидаги корхона ва ташкилотларнинг бошқарув ҳужжатлари 15 йил, вилоят миқёсидаги корхона ва ташкилотларнинг бошқарув ҳужжатлари 10 йил, шаҳар, туман миқёсидаги ташкилот ва идораларнинг бошқарув ҳужжатлари 5 йил муддат давомида идоравий, яъни, ташкилот ва корхоналарнинг ўзларидаги архивларда сақланади, сўнгра эса доимий сақлаш учун давлат архивларига топширилади.
Айни кунда Марҳамат туман давлат архиви Марҳамат ва Булоқбоши туманларига хизмат кўрсатмоқда. Шунинг учун Мар-ҳамат ва Булоқбоши туманларида мавжуд бўлган ва айрим сабабларга кўра тугатилган ёки янги ташкил этилган ташкилот, муассасалар, фермер хўжаликлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча нодавлат ташкилотлар ўзларига тегишли архив ҳужжатларини ўз вақтида Марҳамат тумани давлат архивига топширишса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Ҳужжатларсиз тарих йўқ, тарихсиз эса давлат ҳам, миллат ҳам йўқ. Давлат архивига топширилган ҳужжатлар ёрдамида келажак авлодларга тарихимизни ўрганишлари учун бой мерос қолдирган бўламиз. Тарихимизни яратиш учун асосий манбаа бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатларни архивларга топшириш ишига ҳар бир раҳбар, фуқаро масъулият билан ёндошиши зарур.
Қурвоной СУЛТОНОВА,
Марҳамат туман давлат
архиви директори.
|