Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№30, 21.07.2011

ЮЗ БИЛАН ЮЗЛАШГАНЛАР

БАҒРИКЕНГЛИК - УМР ЗИЙНАТИ

"Уйланинглар, кўпайишинглар, чунки мен қиёмат куни умматлар орасида сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман".

ҲАДИСДАН.

Узоқ умр кўриш инсоннинг орзуси бўлиб келган. Юз билан юзлашган отахон, онахонларимиз билан учрашиб қолсак, уларга ҳавас қиламиз, пурмаъно суҳбатларидан баҳраманд бўламиз, табаррук ёшга етишнинг сир-асрорларини билгимиз келади.

Аммо Шаҳрихон тумани, "Қалъача" маҳалласида яшовчи Зуҳрахон опа Усмонова узоқ-умр кўришнинг ҳеч қандай сиридан хабардор эмас. Момонинг оддий ҳақиқати бор - "ҳалол яшаш керак".

- Умрим меҳнат қилиш билан ўтди, - дейди онахон. - Ҳаёт ҳаракат-да, болам... Кўп яшаш нимага боғлиқ эканини билмадим-у, лекин хотиржамлик, бағрикенгликда деб тушунаман. Ўткинчи дунёнинг ҳою-ҳавасларига берилишнинг, бойликка хирс қўйишнинг "Мен сендан камми" деб хасад қилишнинг нима кераги бор? Мен шу ўтаётган умримга шукр қиламан. Яратган Эгам шунча умр берди, ризқ-насиба берди. Фарзандларим кунимга яраяпти. Невара, чевараларим атрофимда парвона. Бундан ортиқ бахт йўқ, болам.

Зуҳра момонинг тилидан шукроналик тушмайди. Ўтган қийинчиликлар ортда қолди. 8 нафар болаларини оёққа турғизгунча чеккан изтироблари, колхозда тупроқ кечиб, ғўзани ундиргани, минг эгилиб, пахтадан хирмон уйгани - режанинг қўша-қўша мукофотларини олгач, эсидан чиқиб кетганини эртакдай сўзлайди. Аслида у машаққатли кунлари учун ҳозир дориламон замонда яшаётганини, сабр-бардош билан қийинчилик кунларни енганини инкор этмайди.

Саккиз нафар фарзандини оёққа турғазиб, уйли-жойли қилишнинг ҳам ўзи бўлмаган. Турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг болаларига ҳам ота, ҳам она бўлиб, рўзғорини қуюлтирган. Ўша қийинчилик кунларида бир этак болаларининг қаторида уч нафар ота-онасиз қолган сағир болаларни бағрига олгани эса момонинг бағрикенг, меҳрибон инсон эканлигини кўрсатади.

- Болаларимга деб осган қора қозонимдаги ёвғон шўрвада шу учта норасиданинг ҳам ризқини қўшиб, катта қилдим. Болаларим нима еса, шуни еди, нима кийса, уларга ҳам шуни илиндим. Худога шукр, ризқ-насибаси бор экан, фарзандларим қаторида улғайишди. Уларни болаларимдан кам кўрмайман.

Байрамларда Зуҳрахон момонинг фарзандлари жам бўлишса, ҳовли гўё тўйхонани эслатади. Нафақага чиқиб, кексалик гаштини сураётган ўғил-қизлари, келин-куёвларининг суҳбати, чевара, эвараларининг "қий-чуви"дан момо завқ олади.

...Оқар сувдек ўтиб кетган йиллар сурони Зуҳрахон момо Усмоновани элда табаррук қилди. Ҳозир онахон нафақат қариндошлари, балки бутун қишлоқ аҳли эъзозида. Бугун момонинг 30 дан ортиқ набираси, 50 дан зиёд чевараси, бир-биридан ширин эваралари атрофида парвона. Набира келинлар онахон хизматида.

Бу югурик умрнинг қандай ўтгани инсоннинг босиб ўтган йўлига боғлиқ. Унинг сарҳисоби эса Зуҳрахон момодек пиру-бадавлат бўлиб, халқ эъзозида, фарзандлар меҳр-муҳаббатида бўлишликда сезилади. Шундай оналик бахти ҳар кимга насиб этсин.

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА,


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди