№30, 21.07.2011 ҚАТРА
КИТОБНИНГ СЕҲРИ
Робия уйи томон кетаркан, машина ойнасидан термулиб, атрофни кузатар, баъзан эса ширингина табассум ила жилма-йиб қўярди. Ҳафта охирлашини интизорлик билан кутарди.
Аммо бугунги шошилинч ҳаракати тезроқ яқинларининг даврасига қўшилиш билан бирга, маҳалла кутубхонасига кириб ўтиш эди. Чунки Робия китоблар орасида ўзини бахтли сезади. У кутубхона остонасидан хатлаб ўтиши билан гўё асар қаҳрамонлари унга пешвоз чиқиб, яқин маслакдошини кутиб олаётгандек туюлади. Негадир у китоблар дунёсини хуш кўрарди. Атрофидаги инсонларга ҳеч ўзлигини, хаёлидан, юрагидан ўтаётган ўй-фикрларини билдиришни истамасди. Чунки унинг ўз олами бор. Бу оламда дўсту ҳамроҳлари, яқин сирдошлари китоблар эди. Шунинг учун бўлса керак, таълим олаётган масканида ҳам бирор топшириқ берилса, бошқа талабалардан ўзгачароқ қилиб, вазифани уддалайди. Унинг фикрлари теран, тенгдошларига нисбатан дунёқараши юксакроқ. Баъзан ўзи ҳам нимадир ёзади-ю, аммо бошқалар билан баҳам кўришни истамайди. Сабаби, Робия мураккабликни ёқтиради. Услуби ҳам оддийликдан чекинган.
Уйига яқин қолгани сайин унинг юраги тезлашиб, бетоқатланди. Муштипар онасининг бағрида ўзини бахтли сезди. Яқинлари, қадрдон ҳовлисини соғинганини энди ҳис қилди. Кийимларини ўзгартириб, онасига юзланди. Фарзандининг келишига дастурхон безаган онанинг бироз жаҳли чиқиб, дакки бермоқчи бўлди-ю, аммо қизининг китобларга нисбатан меҳри уни қувонтириши бунга йўл бермади.
Робия тезроқ қалби ошиқаётган масканга етиб боришни қанчалар истамасин, гўё йўл тугамай, масофа узоқлашаётгандек эди. Қўлида ўқимоқчи бўлган китоблар рўйхати. Рўйхатнинг бошидан ёзувчи Тоҳир Маликнинг "Шайтанат" асари жой олган. Робия бирор-бир китобни мутолаа қилмоқчи бўлса, аввал ўзига "мен бу асарнинг асл моҳиятини тушуна оламанми? Ёзувчи кўнглидан кечирганини мен ҳис қилиш даражасига етдимми" каби саволлар билан мурожаат қилади. Агар юрак жавоби қониқтирмаса, фикридан қайтиб, вақти келишини кутади. Унинг мамнунлиги боиси ҳам анчадан буён ёзувчи дардини ҳис қилиш эди. Бугун эса бу имконият бор.
Кутубхона билан кутубхоначининг уйи ёнма-ён. Шунинг учун кутубхона баъзан берк туради. Китобхон эса Дилбар опанинг уйига мурожаат қилади. Ҳозир ҳам кутубхона ёпиқ экан. Робия унинг ёнидаги эшикка юзланди. Бир қиз чақириқ овозини эшитиб, ташқарига чиқди ва Робия билан саломлашди. Робия муддаосини айтгандан кейин Дилбар опа уйда эмаслигини айтди қиз. Бу сўзлар Робияни эсанкиратиб қўйди. Қиз қанча ҳаракат қилмасин, сўзлари ростлигига, гўё ишонтира олмасди.
Робиянинг ичида нимадир узилгандай бўлди. Ҳозир йиғлаб юборади. Аммо ўзини қўлга олди. Ширинсўзлик билан хайрлашиб, орқага қайтди. Энди у ўзини тутиб туролмади. Кўзидан бир томчи ёш қалқиб тушди. Унга алам қилди. "Рост-да, кутубхоначи деган доимо ишда бўлиши керак-да. Китобхонни мустар қилмаслиги жоиз, ахир..." - деди ўзича.
Робия бу ерга келаётганида хурсанд, хаёлида қўлида китоб-лар билан қайтаётганлигини тасаввур қилганди. Ҳаммаси чилпарчин бўлди. Бироз вақтдан кейин ўз-ўзига ваъда берди. Қачонки ўқишини тугаллаб, ишга кирса, биринчи маошидан, албатта, "Шайтанат" китобини сотиб олишни ният қилди. Бу қароридан Робиянинг юраги таскин топгандай бўлди ва ўзини аввалгидан-да, кучлироқ сезди.
Сарвиноз ҲАЛИЛОВА.
|