№30, 21.07.2011 ШИФОКОР МАСЛАҲАТИ
ОИВ ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ?
ОИВ (одамнинг иммунитет танқислик вируси) инфекцияси - сурункали юқумли касаллик бўлиб, келиб чиқиш манбаи ОИВни юқтириб олган одамдир. Вирус одам организмида бутун ҳаёти давомида сақланиб қолади.
ОИВ инфекциясининг кечиши бир неча даврдан иборат. ОИВ инфекциясининг яширин даври бир неча ойдан 5-10 йил ва ундан ортиқ бўлиши мумкин. Айнан шу даврда ОИВни юқтириб олган шахслар, ўзларида касалликнинг белгилари ҳали кузатилмаганлиги сабабли билмаган ҳолда касалликни бошқаларга юқтириши мумкин.
ОИВ инфекцияси уч хил йўл билан юқади. Яъни: жинсий алоқа орқали - бетартиб жинсий ҳаёт кечирувчи шахслар орасида кўпроқ учрайди.
Парентерал - тери ва шиллиқ қаватлар бутунлиги бузилиши билан амалга ошириладиган муолажалар, текширилмаган қон ва унинг маҳсулотлари қуйилганда, аъзо ва тўқималар кўчириб ўтказилганда, стерилланмаган, қон қолдиқлари мавжуд асбоб-анжомлардан, тиббий ва нотиббий муолажаларда, яъни, бир маротабалик шприцлар, системалар такрор ишлатилганда, устара, тиш ҳёткалари, татуировка, косметик ва бошқа қатор сабаблар орқали юқади.
Вертикал - ОИВни юқтириб олган ҳомиладорлардан ҳомилага ҳомиладорлик даврида, туғруқ жараёнида ва туғилганидан сўнг кўкрак сути билан эмизилганда ўтади.
Организмда иммунитет тизими, яъни, организмга тушган биологик ёт зарарли омилларга қарши кураш қобилияти йиллар давомида вируснинг тажовузини босиб туради. Вирус организмда тинимсиз кўпайиб, аста-секин иммунитет тизимини издан чиқаради. Агар тегишли даволаш чоралари кўрилмаса, касалликнинг сўнгги даврида орттирилган иммунитет танқислиги синдроми ривожланади.
Бу даврда организм турли хил касалликларга берилувчан бўлиб қолади. Айрим беморларда касаллик юққандан кейин 8-10 ҳафта ўтгач, ўткир клиник кўриниш даври, гриппга, шамоллашга хос белгилар бошланиб, иштаҳанинг пасайиши, кўп терлаш, тана ҳароратининг сурункали кўтарилиши, йўтал, кам қувватлик, лимфа безлари, жигар, талоқнинг катталашиши, сурункали қулоқ оқиши, терида тошмалар пайдо бўлиши, оғиз бўшлиғи яллиғланиши, узоқ муддатга чўзилувчи ич кетиш ҳолатлари, тана вазнининг камайиши, камқувватлик кузатилади.
Мабодо ўзингизга ОИВ инфекцияси юқиб қолди деб ўйласангиз, ҳудудингиздаги даволаш профилактика муассасалари шифокорларига мурожаат қилишингиз, исми шарифингизни сир сақлаган ҳолда зарур маслаҳатлар олишингиз мумкин.
ОИВ инфекцияси юқиш хавфининг олдини олиш мумкинми? Албатта! Аввало, инсон ахлоқан пок, оиласига, турмуш ўртоғига вафодор бўлиши лозим. Оила қуришдан олдин тиббий кўрикда ОИВ инфекциясига лаборатория текширувидан ўтиши, қолаверса, тиббий муолажалар вақтида бир марта ишлатиладиган шприцлар, соқол, тирноқ олиш ва шу каби бошқа асбоб-анжомлардан фойдаланмаслиги жоиз. Айниқса, гиёҳвандликдан, тасодифий жинсий алоқадан сақланиши муҳимдир.
З.НАСИРДИНОВ,
Вилоят ОИТСга
қарши кураш
маркази шифокори.
|