Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№30, 21.07.2011

(ҲИКОЯ)

ЎЙЛАНМАЙ ҚИЛИНГАН ХАТО

Расул Каримов шаҳарнинг энг бадавлат, баобрў кишиларидан бири эди. Эл орасида "Расул бой" деб ном олганди. Унда ҳамма нарса етарли, ҳатто, ортиғи билан. Фақат шунча мол-дунёга меросхўр бўладиган ўғил фарзанди йўқ. Узоқ йиллардан буён шу армон уни қийнайди.

Ўз ўғли йўқлиги боис, кичик укасининг ўғли Муроджонга ўзгача меҳр қўйганди. Ўн ёшли бу боланинг оғзидан нима чиқса, сўзсиз бажо келтирар, уйини қимматбаҳо совға-ю - ўйинчоқларга кўмиб ташлаган эди.

...Ёз фасли бўлгани учун эрталабда қуёш барвақт кўтарилар ва эрталаблари тўйиб ухлашнинг имкони бўлмасди. Қуёш билан баравар уйғонган Маҳфузахон уй юмушларини бажариб, одатдагидек ҳаммани ишга, ўқишга кузатиб, катта ҳовлида бир ўзи қолди.

Уй юмушларидан толиққан аёл бироз дам олиш учун дарвозахона ёнидаги сўрига ёнбошлади. Ҳашаматли, кўркам ва шинам қурилган уйларига ички ҳавас билан кўз югуртирди. Шундай уйнинг соҳибаси эканлигидан ғурурланди. Бир пайт дарвоза четига қистириб қўйилган оқ конвертга кўзи тушди-да, хаёллари тўзиб кетди. Шошиб бориб, конвертни қўлига олди, у ёқ-бу ёғига қараб, очишга шошилди.

" - Ўғлингиз Муроджон бизнинг қўлимизда. Шаҳар четида "Гумбаз" деган икки қаватли ташландиқ бино бор, биласиз, ўша ерга чоршанба куни тунда ўн беш минг доллар пул олиб келасиз. Акс ҳолда... боладан умидингизни узинг. Дарвоқе, милицияга хабар беришни хаёлингизга ҳам келтира кўрманг, оқибати яхши бўлмайди..."

Маҳфузахон турган жойида қотиб қолди. Кўз ўнгини туман қоплади. "Ахир, Муроджон икки соат олдин мактабга чиқиб кетганди-ку! У қаерда ҳозир? Бизда кимнинг қасди бор?! Ҳозироқ ҳаммага айтиш керак, бу нима деган гап?!" - дея базўр пичирлади.

Аёл телефон гўшагини кўтариб таниш рақамларни тераркан, қалбида узоқ йилдан буён мудраб ётган илон бош кўтаргандай бўлди, гўё... Яна, хаёлларини алғов-далғов қилиб, миясини жирканч фикрлар қамраб олди: "Шошма! Эрим бор бойлигини укасининг шу ўғлига мерос қилиб қолдирмоқчи бўлаётган бўлса, ўз қизларини эса у қадар ўйламаяпти. Эй, йўқ, бу хатни ҳеч кимга кўрсатмайман ҳам, оғиз очмайман ҳам. Бировнинг боласидан қутилиш керак. Қизларим бола эмасми?.."

Маҳфузахон ана шундай ўйлар гирдобида қолиб, телефон гўшагини жойига қўйди-да, сўрига бориб ётиб олди...

Кечга яқин эса Муроджоннинг йўқолгани ҳаммага маълум бўлиб, уйда гўё қиёмат бошланди. Расулбой бутун бошли шаҳар милициясини оёққа турғазди. Болани изламаган, қидирмаган жой қолмади. Афсус, фойдаси йўқ, Муроджон дарёга тушган тошдек изсиз ғойиб бўлди.

... Муроднинг онаси адои-тамом бўлди. Мана, уч кундирки болакай ерда ҳам, кўкда ҳам йўқ... Маҳфузахон овсинига қаради, уч кундан бери ухламай, туз тотмай, эзилиб йиғлаб, "болам"лаб зинада ўтирибди. Онаизорнинг аҳволини кўриб, бироз юраги ачишгандай бўлди-ю, аммо бор ҳақиқатни айтиб, ҳаммадан кечирим сўрашга ҳадди сиғмади.

...Жума куни эди. Кечга яқин ички ишлар ходимлари Муроджоннинг жасадини топиб, олиб келишди.

Шафқатсиз кимсалар сабаб хонадонга мусибат ёғилди. Ўйнаб-кулиб, доим шодон юрган, беғубор, маъсум болакай бир лаҳзада дорилбақога рихлат қилди...

Ҳамма аза тутган, уй ичкарисидан эса бағри қонга тўлиб-тошган мушфиқ онанинг оҳ-зори таъзияга келганларнинг юрагини хун қилар, унинг додига чидаш мушкул эди.

Шу пайт кимдир ичкарига кириб, майитни олиб чиқиб кетишаётганини айтиб, онаизорнинг розилигини сўради. Юрак бағри эзилиб адойи тамом бўлаёзган мунис онанинг рангги ўзгарди, овоз келган тарафга "ярқ" этиб боқаркан, ташқарига отилиб чиқди. Жажжи болажони ётган тобутга осилиб олиб, фарёд чекди: "Кенг дунёга сиғмай қолган болажони-и-и-м! Қайси нокаслар сени шу кўйга солди-и-и?! Сенсиз қандай чидайман, болам! Менга осон тутганларга Худодан қайтсин!!!"

Ерга хушсиз йиқилган аёл ёнига кимдир келди-ю, даст кўтариб, уй ичкарисига олиб кириб кетди.

...Орадан ойлар ўтди. Куни байрамга тўла, куй-қўшиқ аримайдиган хонадон зулматга чулғанди. Худди Муроджон ўзи билан бирга уйдаги бор шодлик ва қувончларни олиб кетгандек... Болакайнинг онажониси ҳали-ҳануз ўғилчасини оламдан ўтганлигига кўниколмасди. Ҳали ўттизга кирмай юзларини ажин, сочларини эса оппоқ қор босди. Қачон қараманг, қўлида Муроджоннинг кийимлари... Уларни маҳкам бағрига босганча, унсиз йиғларди.

Бир куни қайнакаси Расулбой келинига ич-ичидан ачиниб кетиб, деди:

- Келин... Сизни тушуниб турибман... Бир сизга эмас, ҳаммамизга ҳам бу ҳаёт дегани татимай қолди. Ўзингизни қўлга олинг, сабр қилинг. Муроджон менга ҳам ўз фарзандимдай эди. Начора! Аллоҳнинг ишига даҳл қила олмаймиз экан. Охирати нурга тўлсин "ўғлим"нинг...

Эрининг бу сўзлари Маҳфузахоннинг юрагига наштардек ботди. Ўйламай-нетмай, нафсига қул бўлиб қилган иши ўзига отилган ўқ сингари қалбини жароҳатлади. Ҳар қанча надомат чекиб, пушаймонлар қилмасин, аммо, Муроджонни қайтариб бўлмайди-ку?

Маҳфузахон қилган хатосидан минг афсусда. Буни хато эмас, оғир гуноҳ дейиш мумкин. Кўзини юмса ҳам, очса ҳам гуноҳи уни таъқиб этаётгандек эди. Ҳар вақт жажжи болакай унинг кўз ўнгида жонланар, маъюс кўзларидан ёшлар сизиб оқар: "Хатни нега дадамга бермадингиз? Нега? Дадам мени қутқариб қоларди. Мен ҳам узо-оқ яшагим келганди..." - дер эди.

Орадан кўп ўтмай Маҳфузахон савдойи бўлиб қолди. Шаҳарда эса Расулбойнинг аёли ақлдан озибди, деган гап тарқалди. Эшитганлар эса: "Шўрлик, жияни Муроджонни ўз фарзандидай кўрарди-да, айрилиққа чидолмапти..." - дейишарди.

Сурайё ШАРОПОВА,

Избоскан тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди