№31, 28.07.2011 "ЭНГ УЛУҒ, ЭНГ АЗИЗ" КЎРИК-ТАНЛОВИ
Мамлакатимиз мустақиллигининг 20 йиллик байрамини муносиб кутиб олиш, ижод аҳлини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилаётган "Энг улуғ, энг азиз" кўрик-танловининг фотография, дизайнерлик иши ва тасвирий санъат йўналишлари бўйича вилоят босқичи З. М. Бобур номли вилоят театрида бўлиб ўтди.
Танлов иштирокчилари "Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан" ғоясини, истиқлол биз учун улуғ неъмат эканлигини, мустақиллик йилларида юртимизда, Андижонда қўлга киритилаётган улкан ютуқларнинг мазмун-моҳиятини, истиқлол давридаги бунёдкорлик ишларини, бой тарихимиз, халқимизнинг урф-одатлари, миллий қадриятларини фотография, дизайнер-лик ишлари ҳамда тасвирий санъат асарлари орқали кўрсатиб бердилар.
Танлов якунида дизайнерлик иши бўйича Элдор Исмоилов, фотография бўйича Зуҳриддин Умрзоқов, тасвирий санъат йўналишида Обиджон Бакировлар ғолиб деб топилдилар. Ғолибларни "Тасвирий ойна" ижодий уюшмаси раҳбари И.Латипов ҳамда вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси А.Нурматов диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирладилар.
Ф.ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|