№31, 28.07.2011 2011 ЙИЛ - "КИЧИК БИЗНЕС ВА ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИК ЙИЛИ"
ҚАЛБИДА ЎТЛИ ШИЖОАТ
(ЛАВҲА)
Айни ёшлик дамларини, умр баҳорларини меҳнатда, айниқса, дала ишларида, тупроқ кечиб, қир ошиб, ариқ, сой қирғоқларида сув бўйлаб ўтказган одамлар кўп.
Қалбида ўтли шижоати бор одамлар улар...
Аслида элини, юртини севган одамларда бўлади шижоат. Улар ўз ҳузур-ҳаловатларини ўйлашмайди, фақат эл-юрт манфаати, равнақи деб яшашади. "Элим деб, юртим деб ёниб яшаш керак" шиори назаримда, худди ана шундайларга қарата айтилган.
Маданият томонларда ҳам шунақа инсонларни кўплаб учратиш мумкин. Ораларида хотин-қизларнинг борлиги эса бизни янада мамнун этади. Чунки қалби қайноқ, шижоати жўшқин хотин-қизларимиз бугун мардлар майдонида эканлигининг ўзи фахр.
Раҳимахон Суярова мардлар майдонига жуда эрта чиққан. Ўрта мактабни тугатибоқ, 1978 йили далага чиқиб кетган. Ота-онаси деҳқон бўлишгани боис, у ҳам шу касб этагини тутади. Боиси, "деҳқончилик ҳалол касб,-ўйлайди у,- ҳалол касбнинг нони ҳам ҳалол бўлади. Пешона терлатиб ишласанг, даланинг иссиқ, танга ҳузур тупроқларини кечсанг, ҳалол ризқ топасан..."
Шу ўйда иш бошлаган Раҳимахон тез орада хўжалик раҳбариятининг эътиборига тушади. Унга ёшлар бригадаси тузишни маслаҳат беришади. Беш йил ёшлар бригадасини бошқаради. 1983-1987 йилларда эса бутун хўжалик ёшларига сардор бўлади. Кейин партия етакчиси ва 16 йил давомида хўжалик раҳбарининг ўринбосари вазифаларида фаолият юритади.
Деҳқон бўламан деб далага чиқиб кетган Раҳимахон Суярованинг қисқача таржимаи ҳоли шундан иборат. Тўғри, у бутун умр далада қолиб кетди, лекин оддий иш қилиб эмас, уқуви, қобилияти даражасидаги ишларни қилди. Қалбида шижоати бор экан, ишга солиб, "менман" деганларни-да, ортда қолдириб ишлади.
Ҳозир у олим-агроном мутахассислигига эга бўлган фермер. Иш жараёнидан ажралмаган ҳолда Андижон қишлоқ хўжалик институтида таҳсил олганди, соҳанинг етук мутахассислигини эгаллади. Бугун эса эгаллаган билимлари ўзига асқотяпти. "Олтин тупроқ саховати" фермер хўжалиги унинг илми, салоҳияти, ишбилармонлиги натижасида ривож топди. Аввал 50 гектар ер майдони бор эди, бугунга келиб 80 гектарга етди.
Бу эса қишлоқ хўжалиги ишининг ўзига хос мураккабликлари, машаққатларини тўғри тушуниб етиш, ишга тўғри муносабатда бўлиш, табиат инжиқликлари билан мардонавор кураша олиш, муҳими, ерга меҳр беришнинг ҳосиласидир. Ҳолбуки, деҳқончилик - таваккалчилик дегани. Ҳосил ерда унади, ахир! Ер берса, ризқ олинади, бўлмаса ризқ осмондан тушадиган неъмат эмас...
- Ерларимиз оч тусли бўз тупроқдан иборат,- дейди Раҳимахон суҳбатимизда. - Сувга чидамлилиги ўртача. Биз Норин дарёсидан сув ичамиз. Сув "Дўстлик" канали орқали келади. Лекин ёзда сув тақчиллиги сезилади. Қийналиб бўлса-да, экинларимизни тўрт марта суғоришга эришдик. Ҳозир ғўзаларимиз баравж, бир текис чеканкалаб бўлинди. Ҳар бир ғўзада 8-10 тадан кўсак етилди. Агар кейинги ойларда ишга зўр бериб, парваришни зарур даражада олиб борсак, марра бизники. Насиб этса, 40 центнерлик хирмонни яратамиз.
Раҳимахон сўзи билан, иши бир қиз. У ҳеч қачон кўзи етмаган маррани кўзламайди, уддалай олмайдиган ишга уринмайди. Ва табиатига хос сокинлик, вазминликда юради.
- Бўлар-бўлмасга мақтанаверишни хуш кўрмайман,- сўзида давом этади у. - Мақтансам-мақтанмасам ҳаммаси кўриниб турибди-ю. Аввалги йили даламга вилоятимиз ҳокими Аҳмаджон Усмонов келди. Пайкал бошида суҳбат қурдик. Ишимизни кўриб, менинг ҳақиқий "деҳқон қиз" эканлигимни фаҳмлади-да, шаънимга илиқ сўзлар айтди.
- Сиз каби умрини, гулдек ёшлик йилларини биргина тупроқ кечишга, дала кезишга сарфлаган хотин-қизларимиз кам. Фақат фидойиларгина қилади бу ишларни. Сизга бу борада тан бериш керак...
- Рости ҳам шу-да. Менинг байрамим, тўй-тўркуним, оилам, уйим-жойим...ҳаммаси шу далаларим қўйнида. Бу ерларни ташлаб кетолмайман. Чунки меҳрим бор. Меҳр берган нарсадан узоқлашиб бўлармиди?..
Раҳимахон Суяровани бир қарашда "оддий деҳқон экан-да" дейиш ҳам мумкин. Чунки у оддий яшайди, оддий кийинади, содда юради. Аммо суҳбатини олсангиз, ундаги теран фикр, мушоҳадалардан анча нарса ўрганасиз. Ўз даврида илғор пахтакор бўлган, партия қурултойларига, пахтакорлар қурултойларига делегат сифатида қатнашган, олий мактаб сабоғини олган бу опага беихтиёр меҳрингиз тушганини илғамай ҳам қоласиз.
Дарвоқе, Раҳимахон Суяровага ҳар қанча меҳр берсангиз-да, кам. У бу оламда ўзини ишга, меҳнатга бахшида этган, эли, юртига садоқатли, Ватан мустақиллиги равнақига жоннисор эта оладиган фидойи аёллардан биридир.
Мен опа ҳузуридан ана шундай илиқ туйғулар билан қайтдим. Бинобарин, опанинг топганлари ҳам шу: одамлар меҳри, муҳаббати ва ишончи.
Маҳфуза НОРБОЕВА,
Пахтаобод тумани, Маданият қишлоғи.
|