№31, 28.07.2011 МАДҲ
ТОЛЕЪИ КУЛГАН ЮРТ
(ҚИШЛОҒИМГА БОРГАНДА)
Олам ичра бир юрт борки, у дунёда ягона. Ҳатто, олам тождори Қуёш ҳам унга маҳлиё. Рўйи заминга таралаётган ҳаётбахш сувлари - чашмаи зилол булоқлари ўзгача жилва қилиб оқади.
Она ер саховати ила битган мева-ю ноз-неъматлари, шифобахш, мусаффо ва сўлим ҳавоси танларга дармон, кўнгилларга малҳам. Бунда яшаганлар саодатдан сармаст, иқбол баётидан куйлаб ўтувчилардир. Ушбу жаннат юртнинг бир гўшаси - Ширмонбулоқдир. Бу - азизлар, зиёлилар, меҳмондўст, саховатпеша-ю, меҳнаткашлар юрти.
Мен шу юртда туғилганман. Бу толеъи ёруғ инсонлар юрти кўплаб мен каби ижод кишиларига илҳом беролган. Заҳматкаш, тиниб-тинчимас инсонларга азму-шижоат, куч-ғайрат берган. Бу юртнинг нечоғли гўзаллиги-ю беназирлигини бир кўрганлар билар.
Бу шундайин бир юртки, унинг бетакрор ҳуснидан кўнгиллар баҳра олиб, диллар оби ҳаётга қониб, шукрона айтадир. Бу шундайин бир диёрки, у менинг беғубор орзуларимга бешик бўлган, бу юрт менинг камолотимга нарвон бўлган. Бу шунда-йин бир Ватанки, унда туғилган ҳар бир тақдир нурга тўлиқ, бахтга бўлиқдир.
Шундай қалби тоза, нияти улуғ, ўзидан кўра ўзгаларни кўпроқ ўйлаган олийҳиммат инсонларга жонингни садақа айлагинг келади. Бунчалар жонсарак, меҳри офтоб, изланувчан, яратувчан - бу инсонлар. Юзида-ю, кўзида нур жилва қилган бу инсонлар билан кўнглинг тўлиб, меҳринг қониб суҳбатлашасан.
Мен бунда нури дийдам - отажоним, онажоним қошига шошиламан. Уларнинг меҳр тафтидан баҳра оламан. Ҳар сўзидан сабоқ, ибрат оламан.
- Ана, қара! Ўнг-у сўлингда оқаётган сувнинг келишига боқ, ўтиб кетишига боқ. Ҳа, умр ҳам, вақт ҳам шу сув каби ўткинчи. Аммо, инсонларнинг яратувчилик, бунёдкорлик, эзгу ишлари-ю маърифат, зиёси абадий. Сен шундай яшагинки, одамлар сенинг амалга оширган улуғвор ишларинг билан эсласин. Сен қўлингдан келгунча саховат қил. Одамлар десинки, демак, "умр бекор ўтмабди".
...Болалигим кечган Жаннат бу юртни ҳар чоқ мадҳ этгим келади. Гоҳо сўзлай-сўзлай, "Жамолингга кўз тегмасин!" - дейман, илтижо қилиб. Аслида бу беқиёс юртни инсонлар обод ва гулистон айлаган. Каналлар қазиган, тоғ устига пақирлаб тупроқ ташиб, сувлар чиқарган. Сўнг чор томонини боғ-у бўстонга айлантирган.
Ҳа, бу меҳнаткаш, тадбиркор, баҳодир ва заҳматкаш инсонлар юрти. Ана шундай инсонларнинг саъйи ҳаракатлари туфайли бу оддий қишлоқ сўлим, олис-олислардан одамларни ўзига чорлаган обод гўшага айланган.
Ана, етмиш ёшни қоралаган падарибузрукворим ҳамон меҳнат қучоғида. Ҳар тонг тўрғай чулдирамай уйқудан уйғонади. Қўрғонидаги экинларга, ҳайвонларга қараб, парвона бўлади. Сўнг қадрдон даласига талпинади.
Мен уларга:
- Ота, энди дам олмайсизми? - дейман.
- Меҳнатим - менинг ҳаётим, яшашимдир, - дейди отам ўктамона.
Бунда ҳар бир инсон, зиёли кишилар ҳам "Менинг отам уста пахтакор, эл эъзозидаги инсон, қатордаги улуғлардан бири, миришкор деҳқон, моҳир ва адолатли раҳбар" дея фахр туйғусини туяди. Биз мана шундай инсонларга муносиб фарзанд, содиқ зурриёт, ҳалолу пок авлод бўлишга интилиш ҳиссини туямиз. Шу эмасмикан, асли Ватан туйғуси.
Ҳа, бу юртда яшаганлар ўз меҳнатидан роҳат топиб, ўз ҳаракатлари натижаларидан ҳуррам яшаб, бахш нашидасини суради. Юртим жамолига сўнгсўз айтмоқликчун чоғландим. Бу икки байт аслим каби соддароқ битилди:
Ширмонбулоқ, сувингни ичдим,
Чаманимсан, азиз
Ватаним.
Ҳар гардингда Жаннат
иси бор,
Ўзбекистон - дилбар,
Ватаним!
Раъно ҲАЙИТБОЕВА.
|