№31, 28.07.2011 РАМАЗОН - НАЖОТ ОЙИ
Бу моҳи шарифни ҳар бир мусулмон яхши кутиб олиб, ҳурмат ва иззатини ўз жойига қўйган ҳолда кузатишни орзу қилади. Бунинг учун у аввало, муборак ойнинг хислат ва фазилатларидан хабардор бўлмоғи лозим. Чунки, рўза ойи ҳар йилда бир келиб кетадиган азиз меҳмон.
Мўмин мусулмон одам бу ойда ўзининг имон ва ихлосини чархлаб, унга сайқал бериб, ўзидаги эътиқод, имон нурини зиёда қилиб олиши зарур. Зеро, ҳар қандай инсон йил мобайнида нафсоний эҳтиёжларини қондириш билан овора бўлиб, кундалик турмуш жараёнида содир бўлаётган турли салбий ҳолатлардан таъсирланиши натижасида унинг нури имони ҳиралашиб, эътиқоди ҳам бироз заифлашади.
Рўза инсонни ҳалол-покликка даъват этади, унинг қалбини ғуборлардан тозалайди. Зеро, Қуръони Каримда шундай мар-ҳамат қилинган: "Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби, сизларга ҳам рўза фарз қилинди" ("Бақара" сураси, 183-оят).
Салмони Форсий (р.а.) шундай дедилар. Яъни: "Шаъбон ойининг охирги куни Расулуллоҳ (с.а.в.) бизларга хутба ўқиб, шундай дедилар: "Эй, одамлар! Сизларга энг улуғ ва барокатли ой соя солиб келмоқда. У ойда бир кеча борки, у кеча минг ойдан афзалдир. Аллоҳ у ойда рўза тутишни фарз, кечасида намоз ўқишни нафл қилган. У ойда кимда-ким бирор нафлга амал қилса, бошқа ойда фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади, кимда-ким бу ойда бирор фарз амалини адо этса, бошқа ойда етмишта фарз амалини адо қилган билан тенг бўлади.
Рамазон - сабр ойи. Сабрнинг мукофоти эса - Жаннатдир. У - ҳайр-эҳсон улашадиган ой. Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади ва кимки бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч ҳам кам бўлмаган савоб берилади". Шунда биз: "Эй, Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку?" - дедик. Расулуллоҳ (с.а.в.) Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир хўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорни қорнини тўйғазса, Аллоҳ таоло Қиёматда унга ҳавзи Кавсардан бир қултум сув ичиради, натижада у то Жаннатга киргунича чанқамайди", - дедилар.
Рамазони шариф - тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат ойидир. Шу билан бирга, муборак ойда гуноҳлар ювилажак, тавба-тазаррулар, чин ихлос ва эътиқод ила қилинган дуолар мустажоб бўлиб, қалблар таскин топажак. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қилиб айтадилар: "Кимики Рамазон ойида рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳ таолонинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг гуноҳлари кечирилади" (Бухорий ривояти).
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: "Бу ой шундай ойки, аввали-биринчи ўн кунлиги раҳмат, иккинчи ўн кунлиги мағфират ва учинчи ўн кунлиги эса дўзахдан нажотдир".
Аллоҳнинг раҳмати тушган қалб эгаси Ҳақдан адашмайди, дунёнинг зеб-зийнатлари ва ҳою-ҳавасларига алданмайди, ҳақиқатга хиёнат қилмайди. Шунингдек, Аллоҳнинг раҳмати ёғилган оила эса, албатта, барокотли ва файзли бўлади, унда меҳр-муҳаббат, ўзаро вафодорлик ҳукмронлик қилади.
Бир куни Расули Акрам (с.а.в.) жума хутбасини ўқиш учун минбарга кўтарилаётганларида уч марта "омин" дедилар. Бу "омин"ларнинг сирини сўраганларида, жаноб Расулуллоҳ (с.а.в.): "Минбарга чиқаётганимда биродарим Жаброил Амин (а.с.) келдилар ва қулоғимга: "Рамазонга соғ-саломат етиб келиб, имкониятлари бўла туриб, гуноҳларидан янги туғилган гўдакдек пок бўлмаган кишининг бурни ерга ишқалансин" - дедилар. Мен "омин" дедим. Кейин: "Ота-онасини ёки уларнинг бирини ёши улуғликка етганда топса-ю, уларнинг хизматини қилиб, розилигини олмаган кишининг бурни ерга ишқалансин", - дедилар, мен яна "омин" дедим. Кейин яна: "Сизнинг муборак номингизни эшитиб, саловат айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин", - дедилар. Мен яна "омин", дедим". "Бурни ерга ишқалсин"нинг маъносини: эртага кўп афсус ва надомат чексин, маҳшаргоҳда шарманда бўлсин ҳамда ҳижолатга қолсин, деб таъвил қилиш мумкин.
Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: "Набий (с.а.в.): "Аллоҳ таоло: "Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим берурман", деди". Рўза гуноҳлардан сақловчидир. Қайси бир мусулмон рўзадор бўлса, фахшдан гапирмайди, бақир-чақир қилмайди. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: "Албатта, Жаннатда "Раййон" номли эшик бордир. У эшикдан Қиёмат кунида рўзадорларгина киради. Улардан бошқа кимса кирмайди. "Қаерда рўзадорлар", деб нидо қилинади. Сўнг рўзадорлар ўринларидан турадилар ва у эшикдан Жаннатга кирадилар.
Рамазон ойи Парвардигори оламнинг абадий туганмас неъмати бўлмиш Жаннатига етишишимиз учун берилган улкан бир неъматдир. Дуолар қабул бўладиган бу улуғ ойда имкон қадар одамларга меҳр-шафқатли бўлайлик. Кам таъминланган бева-бечора, етим-есирларга ёрдамлашайлик. Ёши улуғларни қадрлаб, уларга иззат-икром кўрсатайлик. Аллоҳ таоло Рамазон ойини барчамиз учун ҳайрли ва муборак қилсин.
М.ТЎРАҚУЛОВ,
Андижон шаҳридаги "Боботаваккул"
жомеъ масжидининг имом-хатиби.
|