№31, 28.07.2011 МАЪНАВИЯТ
Ойистахон МАҲМУДОВА:
ТЕАТР, ТОМОШАБИН, АЁЛЛАР ВА САҲНА СИРЛАРИ ҲАҚИДА
Ойистахон Маҳмудова 1954 йили Андижон шаҳрида туғилган. 16 ёшида вилоят театрида раққоса сифатида иш бошлаган. Аббос Бакиров, Ҳадича Аминова, Азиза Аминова, Жалил Раҳимов, Нўъмонжон Муродов, Айсар Ибрагимов, Хошимжон Олимжонов ва бошқа қатор устозларидан саҳна сирларини ўрганган. Ҳозиргача 50 дан ортиқ катта-кичик ролларни ижро этиб, элимизнинг севимли санъаткорларидан бири сифатида фаолият олиб бормоқда.
Театр азал-азалдан инсонларга маънавий озуқа бериб келган. Чунки, драмадаги кўтарилган ғоя, ҳаётдан олинган турфа хил феъл-атворлар, даврнинг ютуқ ва камчиликлари, ҳақиқат ва эзгулик учун кураш, севги ва садоқат...Буларнинг ҳамма-ҳаммаси, яъни драматург, режиссёр, актёрлар меҳнати бир ерга жам бўлиб, одамга маълум бир маънода маънавий озуқа беради. Шуларни инобатга оладиган бўлсак, театр ҳеч қачон ўлмайдиган соҳа.
Тўғри, ҳозир техника ва ривожланиш асри деймиз. Ҳамманинг уйида телевизор, видео бор. Ҳоҳлаган одам хоҳлаган киносини истаган вақтида кўриш имконига эга. Камига интернет орқали дунёнинг хоҳлаган бурчаги билан боғланиб, маълумот олиши, вақтини мазмунли ўтказиши мумкин. Аммо ҳар нарсанинг ўз ўрни бор. Телевизорнинг ҳам, видеонинг ҳам, интернетнинг ҳам. Ҳеч бири театр, яъни актёрлар ижросида намойиш этиладиган саҳна асарининг ўрнини боса олмайди.
Тан олишимиз керак, томошабин бир неча йиллар театрдан узоқлашгандай бўлди.
ТЕАТРЛАР ГАВЖУМЛАШМОҚДА
Ҳа, бугун томошабинлар театрни соғиндилар, яна севимли ўриндиқларини эгаллай бошлади.
Биласизми, театрда томошабин бир ярим соат мобайнида маданий дам олади, чарчоқларини унутади, тирикчилик ташвишларини бир четга суриб қўяди. Худди бир ой оромгоҳда дам олган каби ҳордиқ чиқаради. Мана, айни пайтда ҳам томошабинларимиз севимли театрларини сўраб келишади. Демакки, театр уларга маъқул келяпти. Ҳаттоки, бозорларда ҳам мени тўхтатишиб "Фалон спектаклни қачон қўясизлар? Кирмоқчийдик" дейишади. Бундан қувонамиз, албатта. Булар қаторига сўнгги пайтларда қўйилган "Оқ халатли фаришталар", "Шайтоннинг гапига кириб" спектаклларини санаб ўтиш мумкин.
САҲНАДАГИ АЁЛ ОБРАЗИ...
Турли феър-атворга эга, турли замонда, турли муҳитда яшаётган аёллар образини ижро этиш, уларни тўлақонли очиб бериш - биз аёл санъаткорларнинг бурчи, вазифаси.
Аёл - мунис она деб таърифланади. Аёл - дунёни тебратади, дейишади. Рост. Ҳозиргача саҳналарда ўнлаб аёл образлари ижро этилган. Мисол учун ўша Нодирабегим, Увайсий, Тўмарислар...Уларнинг ҳар бири ўз даврининг дилбар, мунис, жасур ва мард аёллари бўлган. Ҳар бирида аёллик қалби, ҳаёси, нафосати бор эди.
Тўғри, бир пайтлар буюк драматург Вильям Шекспирнинг Отелло, Гамлет асарлари пойтахт саҳналарида қайта-қайта қўйилган. Бу урф бўлган. Бу ҳам яхши. Аммо уларни камситмаган ҳолда айтиш мумкинки, бизнинг миллий образларимизга нима етсин? Ўша "Зебунниса" драмаси яна саҳна юзини кўриши, томошабин бу театр орқали ўша давр нафасини ҳис қилиши, ўша давр аёлини кўз олдига келтириши, энг асосийси, миллий урф-одатларимиз, қадриятларимиз, ҳатто миллий либослардан завқланишлари керак-ку. Қани энди мен ҳозир 18-20 ёшда бўпқосам-у, саҳнада Нодирабегим, Увайсий, Ҳолисхон каби образларни яратсам, дейман. Айниқса, мард ва жасур Тўмарис образини талқин этиш менинг кўп йиллик орзуим эди. Агар ҳозир ҳам шу роль берилса, албатта ҳаракат қилардим зўр қилиб ижро этишга. Шу ўринда ёшларга ҳавас қиламан. Шогирдларим, театримиз ёшлари - Муфаззал Каримова, Барчиной Бойматова, Барно Собирова, Иброҳимжон Норматов, Илҳомжон Мусаев ва Элёрбек Турғуновларнинг айни ишлайдиган пайти.
БУГУНГИ КУН АЁЛИНИНГ МАЪНАВИЯТИ...
Бугунги кун аёли албатта, кенг дунёқарашга, маънавиятга эга бўлиши шарт. Чунки, у мактабда устоз бўлиши ҳам, маҳаллада маслаҳатчи бўлиши ҳам мумкин. Оилада фарзанд тарбияси билан шуғулланадиган ҳам аёл. Унинг маънавияти бой бўлса, бу фойдадан ҳоли эмас. Кимдир тирикчилик ташвиши билан бозорда кечгача савдо-сотиқ қилади, яна қай бир аёл тадбиркорлик билан шуғулланиб китоб, газета журнал мутолаасига вақт тополмаслиги мумкин. Аммо моддий бойлик билан бир қаторда, маънавий бойлик ҳам аёл учун зарур, деб ҳисоблайман. Шунингдек, театрдаги яхши саҳна асари ҳам аёл кишига маълум бир маънода маънавият беради.
Ҳозир муҳтарам юртбошимиз яхши бир ғояни кўтардилар.
ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНЛАРИ ОБРАЗЛАРИНИ ЯРАТИШ...
Замонамиз қаҳрамонлари ким ўзи? У мустақилликдан, юксалиб бораётган юртимиз камолидан, инсонлар учун яратилаётган имкониятлардан руҳланган шахс. У фермерми, тадбиркорми, шифокорми, ким бўлишидан қатъи назар, Ватан равнақи учун фидойилик кўрсатиб, ёниб яшаётган кишидир.
Жамоамиз бу чақириққа лаббай деб жавоб берди. Асарларимизда ана шу ғоя мазмуни ва руҳини кўрсатишга интилдик. "Бегойим" деб номланган спектаклда меҳнаткаш фермер аёлни саҳнага олиб чиқдик. Ҳатто, бу спектакль фестивалларда мутахассислар томонидан юқори баҳоланиб, совриндор ҳам бўлди.
Бу йил эса "Оқ халатли фаришталар" спектакли орқали замонамиз қаҳрамони- шифокор образини яратдик. Бу спектаклимиз ҳам фестивалда муваффақият қозонди.
Албатта бу спектакллар ўз-ўзидан яралиб қолмайди. Унда театр жамоасининг, айниқса режиссёрнинг улкан меҳнати ётади.
Бош режиссёримиз Алижон Асқаров ёш бўлишига қарамай, ниҳоятда иқтидорли. Шунинг учун ҳам сўнгги йилларда саҳнага қўйилган спектакллар томошабинларни бефарқ қолдирмаяпти. Шу ўринда театр учун муҳим бўлган - рассом хизмати ҳақида ҳам айтиб ўтиш жоиз. Рассом шундай саҳна безатиши керакки, ортиқча нарса бўлмасин. Ҳар бир буюм ёки жиҳоз ўринли ишлатилиши, саҳнани бойитишга, хизмат қилиб, томошабин эътиборини жалб қилиши шарт. Улуғ санъаткорлардан бири шу хусусда бир гап айтган "Саҳнада милтиқ осилиб турибдими, демак у отилиши керак".
ТОМОШАБИНЛАР НАЗАРИДА...
Вақт ўтган сари актёрнинг ҳам ёши улғаяди. Томошабинларнинг назарида бу актёр ёки актриса энди бош ролларни ижро этолмайдигандек ёки баъзи роллар ижросига маҳорати етмай қоладигандай туюлади. Аммо хақиқий актёр, саҳна фидойиси шундай бўлиши керак - у неча ёшда бўлишидан қатъи назар ҳар қандай ролни меъёрига етказа олиши, ўзида иқтидорини сақлай олиши, энг муҳими, маҳорати билан томошабинни қойил қолдириши керак. Унинг бу ижроси ҳам худди аввалги ўйнаган роллари каби оғизга тушиб, томошабинга олам-олам завқ улашсин. Шундагина ана шу актёр халқ, томошабин назаридан четда қолмайди.
Улуғбек АБДУСАЛОМОВ.
|