Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№31, 28.07.2011

(ҲИКОЯ)

ОЙША

Қуёшнинг заррин нурлари билан сийлаб яна мунаввар тонг отди. Ойша опа кўп қаватли уйда яшагани боис, ҳар тонг деразадан шаҳарни, табиатнинг гўзал манзарасини томоша қилишни хуш кўрарди. Бугун ҳам ҳар доимгидек барвақт туриб, деразаларни очди. Яхши кайфият билан нонушта тайёрлади. Бу орада болалари ҳам уйғонишди.

- Ойижон, дадам қанилар? - сўради Умиджон уйда дадаси кўринмагани боис.

- Бувижонинг бетоб экан. Шунга даданг кеча қишлоққа кетган.

Ойша опа шундай деб турувди ҳамки, эшик қўнғироғи чалинди.

- Даданг келди, шекилли - деб эшикни очди.

Ташқарида иккита катта юк сумка кўтарган Нозимжон ва қайнонаси Ҳафиза ая турар эди. Бу ҳол Ойша опа учун кутилмаган воқеа бўлди. Шоша-пиша қайнонаси билан саломлашди-да, Нозимжоннинг қўлидаги сумкаларни олиб, ичкари уйга юрди. Дарров қайнонасини уй тўрига ўтқазиб, чой дамлаб келди. Нон ушатди.

Ойша опа бир чеккада қараб турган қизчаси Дурдонага:

- Кел қизим, бувижонингни қучоқлаб, юзларидан ўпиб қўймайсанми? - деди.

Дурдона истар-истамас бувиси билан саломлашди.

Ҳафиза ая набирасини эркалатиб:

- Дурдона қизим мени, бир дона қизим мени. Мана, сенга қаққа бераман, - деб чўнтагидан қанд, туршак, қурт олиб берди.

Нозимжон Ойша опани бир четга чақириб:

- Аяси, қишлоққа борганимда онам: келинларидан нолиди. "Мени ўзинг билан шаҳарга олиб кет, Ойша келиним қарасин" деди. Анчагина бетоб экан. Ўзинг дўхтирсан, онамга ғамхўрлик қилсанг яхши бўларди, - деди.

Ойша опа хўп, деб бош силкиди ва ошхона томон кетди. Бирдан юраги тез-тез уриб, кўзлари жиққа ёшга тўлди. Ўтган кунлари, аччиқ хотиралари ёдига тушди...

***

Ўша пайтлар Ойша опа янги келин эди. Умиджон икки ёшга тўлган, Дурдона ҳали туғилмаган. У бир эшикда овсини билан муроса қилиб яшарди. Тонг саҳарда туриб хамир қориб, нон ёпар, сигир соғиб сутини-сутга, қатиғини-қатиққа ажратарди. Нонуштага ҳар вақт иссиқ нонларни тахт қиларди.

Лекин қайнонаси уни ёқтирмасди. Чунки Нозимжон онаси танлаган қизни олмай, Ойшага уйланган эди. Ҳафиза ая шуни кек олиб, кун ора жанжал чиқарар, Ойшанинг ишларидан иллат қидирарди.

Бир куни Ҳафиза ая Нозимжонни ёнига чақириб "Шу хотиннинг билан тезроқ ажраш", - деди.

Нозимжон эса: "Аяжон, бу нима деганингиз, ахир, хотинимни яхши кўраман, унинг устига, ўғлим бўлса. Ойша билан ажрашсам, Умиджон нима бўлади?" деб норози бўлди.

Ҳафиза ая қошларини чимириб:

- Умиджонга ҳеч нарса бўлмайди. Бошқа хотин олсанг, ўнта ўғил туғиб беради, - деди.

Нозимжон аччиқ қилиб кўчага чиқиб кетди. Ҳафиза ая "Ойша-а-а" деб бақирди. Ойша югургилаб келганда, қайнонаси жаврай бошлади.

- Ана, кўрдингми, ўғлим менга аччиқ қилиб чиқиб кетди. Ҳаммасига сен айбдорсан. Бугуноқ уйингга кетасан, - деб Ойшанинг қўлига Умиджонни тутқазди.

Ҳаттоки, Ойшанинг "Аяжон, кеч тушибди, эртага кетақолай, ҳеч бўлмаса, ўғлингиз келсин" деган гапларига ҳам қарамай, дарвозани юзига ёпди. Ойша бир амаллаб қишлоғига етиб олди.

Эртасигаёқ Нозимжон Ойшанинг орқасидан етиб келди.

- Ойша, ўғлим билан бир икки кун ўтириб туринглар, онам жаҳлидан тушиб қолар, - деди.

Бир ҳафтадан сўнг келиб "Онамдан кечирим сўранг, балки кечириб қолар, агар ҳайдаса, ижарага уй топиб, чиқиб кетамиз", - деб уни уйига олиб кетди. Ойша қайнонасидан кечирим сўрашга рози бўлди. Ҳафиза ая келинининг саломига алик олиш тугул, юзига ҳам қарамади.

Тонг ёришгач, Ойша ҳовли супургани чиқди. Лекин Ҳафиза ая супургини тепиб юборди.

- Ҳа, менга эшик супуриб, яхши кўринмоқчимисан? Мен сенга қайтиб кўзимга кўринма, деган эдим-ку, йўқол - деди.

Ойшани гапиришга ҳам қўймади. Ойша ўғлини олиб, уйдан чиқиб кетаётган эди, орқасидан Нозимжон чиқди.

- Тўхта, мен ҳам сен билан кетаман, - деди у.

Нозимжоннинг хаёлига икки-уч эшик нарида яшайдиган акаси Дилмуродбек келганди. Ойшани ўша ёққа бошлади. Катта овсини Дилоромхон Ойшаларни очиқ юз билан кутиб олди. Бир хонани бўшатиб берди. Ойша эса яна отасиникига қайтгани андиша қилиб, бироз вақт ўша ерда яшаб юрди. Бу орада бор гапдан хабардор бўлган Дилшодбек ва Дилоромхон Ҳафиза аянинг олдига бориб, Нозимжон ва Ойшани уйга киритишларини илтимос қилишди. Лекин Ҳафиза аянинг қайсарлиги тутиб, кўнмади.

Охири бўлмади, Нозимжон ишхонасига яқин жойдан бир хонали ижарага уй топди. Уй шинамгина эди. Шу тариқа саккиз йил ижарада яшашди. Бу орада улар яна Ҳафиза аянинг олдига боришди, лекин у ҳайдаб солаверди.

Орадан йиллар ўтди. Нозимжон алоҳида уй сотиб олди. Умиджон мактабга борди. Дурдона туғилди, қийинчиликка тўла кунлар ортда қолди...

...Ойша ўша аччиқ хотираларни эслаб турган эди, кимдир этагидан тортди. Қараса, қизчаси экан.

- Аяжон, қаранг, менга бувим қаққа берди - деди у.

Ойша кўзларидаги ёшни артиб "раҳмат дедингми, бувижонингга?" деди ва Дурдонани кўтариб, қайнонасининг ёнига кирди.

- Аяжон, зерикмай ўтирибсизми? - дея унга илтифот кўрсатди.

Ҳафиза ая кўзларида ёш билан келинига қаради. Бу қарашида афсус ҳам, надомат ҳам, Аллоҳга шукроналик ҳам бор эди...

Мунаввар МИРЗАЛИЕВА,

Асака тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди