№32, 04.08.2011 ТАЛАБА ТАДҚИҚОТИ
ЯНГИ ПЕДАГОГИК ТЕХНОЛОГИЯ: УНИНГ АФЗАЛЛИКЛАРИ ВА ИСТИҚБОЛИ
Педагогик технология шундай билимлар соҳасики, унинг воситасида давлатнинг таълим соҳасидаги сиёсатида туб бурилиш юз беради, ўқитувчи фаолияти янгиланади, талаба ёшларда ҳур фикрлилик, инсонпарварлик туйғулари тизими шакллантирилади.
Ҳозирги кунда ўқитувчилар услуб-методикани кўп ҳолларда технологиядан ажрата олмаяптилар. Шу боисдан бу тушунчаларга аниқлик киритиш талаб этилмоқда. Услубият ўқув жараёнини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тавсиялар мажмуасидан иборат. Педагогик технология эса олдиндан белгилаб қўйилган аниқ мақсад йўлида ўқитувчининг касбий фаолиятини янгиловчи ва таълимда якуний натижани кафолатлайдиган тадбирлар мажмуаси йиғиндисидир.
Педагогик технология тушунчасини ойдинлаштиришга қаратилган таърифларнинг хилма-хиллиги, бир томондан ривожланган мамлакатларда ушбу мавзунинг у ёки бу даражада ечилаётганлигини кўрсатса, иккинчи томондан, педагогик технологияни амалиётга жорий этишга бўлган уринишларнинг маълум натижасини ифодалайди.
Узоқ йиллар давомида педагогик технология назарияси ва амалиёти бир-бирига боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланди. Натижада, ўқитиш жараёнини такомиллаштириш ёки ўқувчиларнинг билиш фаолиятини ривожлантиришга қаратилган у ёки бу илғор услублар технология даражасига кўтарила олмай, аста-секинлик билан ўз мавқеини йўқотиб, педагогика фанидан узоқлаша бошлаган.
Фикримизча, янги педагогик технологияга педагогика фанининг алоҳида тармоғи сифатида ёки фақат таълим амалиётини мақбуллаштиришга йўналтирилган тизим, деб қараш мумкин эмас. Педагогик технология бу соҳадаги назарий ва амалий изланишларни бирлаштириш доирасидаги фаолиятини акс эттиради.
Педагогик технологияга "янги" сўзининг қўшиб ишлатилиши назариётчи олимлар ва ўқитувчиларни бир қадар ўйлантириб қўйди, улар эндиликда таълим-тарбия жараёнини лойиҳалаштиришга эскича ёндошиш мумкин эмаслигини англашга ҳаракат қилмоқдалар. Шундай экан, "Янги педагогик технология" нимани англатади?
Биринчидан, педагогик технология (тарбия) жараёни учун лойиҳаланади ва белгиланган мақсадни ечишга қаратилади. Бинобарин, ҳар бир жамият шахсни шакллантириш мақсадини аниқ белгилаб беради ва шунга мос ҳолда маълум педагогик тизим мавжуд бўлади. Бу тизимга узлуксиз равишда ижтимоий буюртма ўз таъсирини ўтказади ва таълим-тарбия мақсадини умумий ҳолда белгилаб беради.
Кадрлар тайёрлашнинг миллий дастури-таълим-тарбия мақсадини янгилашни тақозо этмоқда. Унда пировард натижа: "Ўтмишдан қолган мафкуравий қарашлардан тўла халос этиш, ривожланган демократик давлатлар даражасида юксак маънавий ва ахлоқий талабларга жавоб берадиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш"дан иборат, деб белгиланди. Демак, таълим-тарбиянинг мақсади бутунлай янгиланади, унга мос ҳолда мазмуннинг, педагогик жараённинг янгиланиши билан инсон фаолияти кўлами кенгайиб боряпти, аудиторияга ўқитиш имкониятлари катта бўлган янги технологиялар кириб келмоқда. Рўй бераётган сифат ўзгаришлари шундан далолат берадики, эндиликда "Ўрганиш"нинг бирламчи жараёнларини анъанавий услубият ва ўқитиш воситалари қолипига сиғмай ўқитувчининг индивидуал қобилиятларига мос келмай қолди. Янги методикаларни талаб этадиган ва таълим жараёнининг таркибий компонентларига айланиб бораётган ва унга ўзининг маълум хусусиятларини жорий этадиган янги техникавий, ахборотли, аудиовизуал-воситалар мавжудки, улар янги педагогик технологияни реал воқеликка айлантирмоқда.
Таълим-тарбия жараёнини технологиялаштириш тарихига назар соладиган бўлсак, бу жараён ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб объектив воқеликка айланди. Ахборотлаштириш эса бу жараёндаги инқилобий "бурилиш"дир.
Ахборотли технология педагогик технологиянинг таркибий қисми, техник воситаларнинг мукаммаллашган замонавий тури сифатида таълим жараёнида қўлланила бошланди. Келажакда иқтисодий бўхронлар ортда қолиб, ўқув юртлари дастурли "машина" билан етарли даражада таъминланади. Шундагина, ахборотли технология асосида, ўқувчи (талаба)ларнинг билиш фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш имконияти туғилади ва ўқитувчининг яқин кўмакдошига айланади.
Олтиной АСҚАРОВА,
Андижон машинасозлик
институти талабаси.
|