№32, 04.08.2011 (ҲИКОЯ)
ЎТКИНЧИ
Нилуфар қалин қор ёққанда сайр қилишни яхши кўради. Туни билан майда-майда қор ёғиб, том тунукалари, кўча, ҳиёбонларни тизза бўйи қоплади. Қиз одатдагидай ишга отланаркан, дераза оша қорга бурканган кўчага, қаёққадир шошиб кетаётган одамларга қараб завқланарди. Қўшиқ хиргойи қилиб, обдон пардоз қилди, тошойнадаги аксига қараб лабларини чўччайтириб, ним пушти рангга бўяди, лаб остидаги мошдек холига қалам текказишни ҳам унутмади. Юраги кўчага шошар, тезроқ ишга отлангиси келарди.
- Қизим, бўлдингми? Бунча имилламасанг? - деб онаси чақириб кириб келди.
Қиз беозоргина уф тортди.
- Ҳозир, ойижон, мана, бўлдим, фақат, оёғимни... Ойи, бир дақиқа вақтим қолди, холос, ўзим ҳам шошиб турибман, - у онасининг ҳозир чойга қисташини эслаб, қўшиб қўйди. - Чойни ишхонада қизлар билан ичамиз, атаганингизни ўраб беринг.
- Чой-чи, чой?! Азондан оч юрма, қара, афти-ангорингни, бетинг қошиқдай бўп, бурнинг шўппайиб қопти, - она астойдил қизини койир эди.
Нилуфар онасининг гапидан кулиб, яна кўзгуга қаради. Дарҳақиқат, кўзлари ич-ичига чўккан, маъюс пари "ўзи"га тикилиб турарди. Бу унга ёқиб тушди.
- Ойи... озган бўлсам, ажаб бўпти, лекин барибир ичолмайман, кўрмаяпсизми, лабимни бўяб қўйдим...
Она қизининг кайфияти чоғлигини ўзича тушунди-да:
- Қизим... ҳалиги келганларга, нима деб жавоб қилай? - деди.
- Қайси келганлар? - қиз онасининг гапини англамай кўзгудан қаради.
- Э, қайси бўларди, ҳалиги бодомзорлик совчиларга-да, - она шундай дея боласининг кўзларига ҳадиксираб қаради. - Қизим, биз боп жой экан...
Қизнинг чеҳрасига ташвишли бир хаёл соя ташлади, бирдан ҳомуш тортиб қолди. Сўнг онасининг ҳам ҳомуш тортиб қолганини кўриб, юзига сунъий кулгу ёйилди.
- Ўзимнинг ойижоним... - деб онасининг елкасидан қучди. - Ойи, яна бир ой муҳлат беринг...
- Муҳлат?! Яна қанақа муҳлат? - Унинг гапини бўлди она астойдил куйиниб. - Ё бировни кутяпсанми? Ёрил, ахир, мундоқ юрагингдагини айт? Кўнглингга ўтиргани бўлса, уни айт?
Нилуфар энди онасига майнавозчилик кетмаслигини тушунди. Негадир қувлиги тутди:
- Бўлмаса, бўлади! Ўша кун келади... - деб шўҳ кулди.
- Қачон бўлади? Қизим, қиз боланинг уйини бир совчи босади, бахт қушини ушласанг, ушладинг, йўқса, пир-р этиб учади-кетади, кейин остонамиздан оёғи узилади, уларнинг. Нима, министрнинг ўғлидан совчи кутиб умрингни ўтказасанми?
- Келади! Мана кўрасиз, денгиз оша оқ елканли кемада шаҳзода келади, тамом...
Нилуфарнинг кайфияти бузилди, онаси тайёрлаб қўйган егуликни ҳам олмай апил-тапил ишга кетди. Кун бўйи ишда хаёл суриб ўтирди. Онаси ярим йилдан буён айтаётган йигитни кўз олдига келтирди: "Лапашанг! Айиққа ўхшамай қолсин..." Ишдан қайтишда бироз ёзилиш учун бир-икки бекат пиёда кетмоқчи бўлди. Кейин яна фикридан қайтди. Ҳиёбонга бурилди, сўнг Ўрдагача анҳор бўйлаб кетди. Оёғи остидаги қорнинг ғарч-ғурчини жимгина эшитиб кетаверди. Қорбўрон ўйнаб бир-бирини қувлаётган йигит-қизларгаям маъюсгина тикилди. Биттаси қор билан тушириб қолувди, у чўчиб кетди-ю, мувозанатини йўқотиб, оппоқ қорга чўккалаб йиқилди. Тиззасининг кўзи зирқираб кетганидан дод солишига оз қолди. Шу пайт:
- Яхши қиз, ёмон тушмадингизми? - деган овоздан ўзига келиб, бошини кўтарди. Бир йигит кулиб қўлини чўзиб турарди. Ўзининг кулгули ҳолати қизга алам қилди.
- Йўқ, ёмон йигит, - деди кескин оҳангда. - Яхшигина тушдим!
Йигит билан қиз бараварига кулиб юборишди. Уларнинг кулгусидан оппоқ қор қўйнида мудраб ётган ҳиёбонга жон киргандай бўлди. Йигит шартта эгилиб, қизнинг белидан қучиб турғазиб қўйди. Ҳув нарига учиб тушган қалпоғини қоқиб-қоқиб, бошига кийдириб қўйди. Яна кулишди.
Кейин анҳор бўйлаб иккиси сайр қилишди. Ҳадемай ғира-шира бўп қолди. Ҳиёбондаги неон чироқлари ёруғида қор ялт-юлт ёнар, боғ ажиб бир манзара касб этганди. Нилуфарнинг юраги энтикар, атрофга суқланиб-суқланиб боқарди. Жамшид уни тинмай саволга тутар, қиз индамаса, қўлидаги думалоқланган қор билан "қўрқитиб" ҳамла қиларди. Йигит қизиқ бир ҳангомани кула-кула ҳикоя қилиб, дарахтнинг баланд шохига худди қалпоққа ўхшаб илиниб турган "қор"ни мўлжаллаб, қўлидаги думалоқ қорни отди. Лекин теккиза олмади. Табиатан шўҳ Нилуфарнинг яна шумлиги қўзиди-да, қор думалоқлаб ҳалиги "қор қалпоқ"ни мўлжаллади. Қор дув бошларига ёғила бошлади. Жамшид қизни қордан ҳимоя қилиб бағрига яширди. Қиз охудай бир силкиниб қочмоқчийди, иккиси баравар қорга ағанашди. Йигит чалқанча, устига қиз гуп этиб йиқилди. Жамшид кўзларини чирт юмиб олди, қиз шунча тортқиласаям кўзини очмасди. Нилуфар қўрқиб кетди.
- Вой ўлмасам!.. Жамшид ака, нима бўлди? Ёмон йиқилдингизми? Қўрқитманг... - дерди қиз йигитнинг юз-кўзидаги қорларини артиб, сўнг пўстинини тортқилаб, юрагига бош қўйди. Йигит шуни кутиб тургандай қизни маҳкам қучоқлаб олди. Кейин:
- Ёмонмас, яхшигина йиқилдим... - деди кулиб.
Жамшид ўзи, театрда актёр - "қуён" ролини ўйнаши ҳақида гапирар, қиз эса сўзсиз тингларди.
Қизнинг қалби ҳаяжондан энтикар, у узоқ ахтарганини топган боладайин қувонар, йигит эса унга борган сайин сирли эртаклар тўқирди. Қиз ундан ажралишни истамас, лекин тобора қуюқлашаётган қоронғуликдан кўнглига ғулғула тушарди. "Жамшид ака... Кеч бўпқолди, мен борай... Хафа бўлмайсизми?" - деди қиз учинчи бор.
- Хафа бўлмайман, айтдим-ку, лекин ортингиздан эргашиб кетавераман, қаергача бўлса кетавераман..." - деди йигит яна кулиб, унинг йўлини тўсиб.
- Маҳалламизнинг йигитлари ёмон, - деди Нилуфар. - Қизларни биров кузатиб келса, тутиб олиб, эркакчасига "гаплашишади". Сиз билан ҳам "гаплашиб" қолишса, нима қиласиз?
Қиз бу гапни айтишга айтди-ю, лекин ўзи ҳам ростдан қўрқди.
- Биласизми, нима қилардим? - деди йигит жиддий, - йиғлардим...
- Қандай қилиб? - қизнинг ҳайрати ортди.
(Давоми бор)
Саида САЙХУН.
|