№33, 11.08.2011 МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН
"МАСЛАҲАТЧИДА ИШИМ БОР..."
Избоскан тумани, Янги замон қишлоқ фуқаролар йиғини, Наврўзобод маҳалла аҳли диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Зайфура Юсуповани шундай дея тез-тез йўқлаб туришади. Зайфурахон ҳам маҳалладошларидан ёрдамини аямайди. Ярим тунда безовта қилишганида ҳам аввало, касби, қолаверса, инсонийлик нуқтаи назаридан уларга кўмак беришга шошилади.
Бугун ҳам фуқаролар йиғини идорасига энди отланаётган эди, кўзлари йиғидан қизаринқираб кетган ёшгина аёл қўлида боласи билан кириб келди.
- Фуқаролар йиғинига бормоқчи эдим, лекин у ерда одамлар кўп бўлади. Гап-сўз кўпаймасин, дедим-у...
Аёл бўғзига келган йиғини аранг ичига ютди. "Ёрдамингиз керак...", - деди базўр.
Зайфурахон аёлни сўрига таклиф қилди. Бир пиёла чой узатди. Бироқ аёл бир хўплади-ю, томоғидан ўтмади шекилли, пиёлани стол чеккасига қўйиб, маслаҳатчига юзланди:
- Умр йўлдошим билан бир-биримизга кўнгил қўйиб турмуш қурган эдик. Лекин қайнонам кўпам мени суймади чоғи, арзимас нарсаларни баҳона қилиб, мендан айб ахтарадиган бўлди. Дастлаб мен қилган хатоларимни ўнглаб "узр" сўраб, юзига тик боқмадим. Лекин қайнонам шунда ҳам турткилашни қўймади. Фарзандим бор, уни отасиз катта бўлишини истамайман.
Аёл бу сўзларни айтаркан, кўзларида ёш милтиради.
- Ҳеч куйинманг сингилжон, ҳаётда бундай воқеалар бўлиб туради, - деди Зайфурахон аёлга таскин бериб. - Ўзим қайнонангиз билан учрашаман. Шу бугун бораман олдиларига. Кўрасиз, қайнона-келин она-боладек бўлиб кетасизлар.
Худди шундай бўлди ҳам. Ҳозир бу оиладаги қайнона-келин муносабатларига ҳамманинг ҳаваси келади.
Зайфурахон Юнусова ҳамиша ана шундай хайрли ишларга бош-қош. Маҳаллада маданий-маърифий тадбирлар ўтказиб, миллий қадриятларимиз, удумларимизни улуғлаш, аҳолини, айниқса, хотин-қизларни ишга жалб этиш, оила, мактаб, маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, турли жиноий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, "Соғлом она - соғлом бола", "Қайнонали келин - қарқара келин...", "Турмушга тайёрмисан, қизгина?", "Ибратли оила" каби бир қатор давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этишдаги жонкуярлиги таҳсинга лойиқ.
Маҳаллада амалга оширилаётган ишлар билан танишиш асносида йиғиндаги тотувлик, 3150 нафар аҳолиси бор маҳалла хонадонлардаги фаровонлик сирини англагандек бўлдик. 643 та хўжалик ҳалол меҳнати ортидан яхшигина даромадга эга.
Дарҳақиқат, яшаш тарзидан мамнун, аҳил оилага низо, жанжаллар бегона. Бундай хонадонларда кишилар эртанги кунга умид билан қарайдилар, ўзгаларга эзгулик улашиш кайфиятида бўладилар. Буни МФЙнинг тадбиркорлари "Яхши ният" фермер хўжалиги раиси Ҳайрулло Аҳмедов, "Избоскан буюк замин" фермер хўжалиги раиси Толибжон Хўжаматовларнинг хайрли ишларида кўриш мумкин.
Худди шундай ҳимматли тадбиркорлардан бири Ёқубжон Дўстматов яқинда маҳалла марказида гузар ташкил қилди. Унда савдо шохобчаси, компьютер хонаси, оталар чойхонаси, пайнет хизмати, қурилиш материалларини сотиш йўлга қўйилди.
- Бугун маҳаллани кезсангиз, бирорта ҳам бекор юрган кишини учратмайсиз, - дейди маслаҳатчи. - Негаки, аёллар кўпроқ уйда мева-сабзавот, ошкўкларни етиштириб сотиш билан шуғулланади. Шунингдек, устоз-шогирд анъанаси асосида Қундузхон Қорабоева, Зулфия Аҳмедова, Баҳромжон Ҳолиқов сингари ҳунармандлар ўзларининг тикувчилик, мебель тайёрлаш каби ҳунарларини ўнлаб шогирдларига ўргатиб келишмоқда.
Маслаҳатчи Зайфурахоннинг ўзи ҳам маҳалладаги бўш ётган бинони таъмирлатиб, "Санамой" ўқув марказини очиш ҳаракатида. Унда пазандалик, чеварчилик йўналиши бўйича ўқув курси ташкил этишни режалаштирган.
Ҳа, Зайфурахон тиниб-тинчимас, ғайрат-шижоатли аёл. У "Энг намунали маҳалла маслаҳатчиси" кўрик-танловининг туман босқичида I-ўринни эгаллади.
Бугун қайси туманга, қайси маҳаллага бормайлик, катта ҳаётий тажрибага эга, турмуш синовларида тобланган, билимли ва фаол инсонлар маслаҳатчи бўлиб ишлаётганининг гувоҳи бўламиз. Аҳолининг ҳар қандай муаммоси юзасидан маҳаллага, маслаҳатчига мурожаат қилаётгани, маҳаллага ишонч катта эканлигининг сабаби ҳам аслида шундан.
Ҳар ишда пешқадам маҳалла маслаҳатчиси Зайфурахон Юнусова ҳам ҳамиша эл ташвиши ва қувончи билан яшашни ҳаётининг мазмуни деб билади.
Зумрадхон
АБДУЛЛАЕВА,
|