№33, 11.08.2011 ПИРИ БАДАВЛАТЛАРИМИЗ
ҚИШЛОҚНИНГ БИРИНЧИ МУАЛЛИМАСИ
Олтинкўл тумани, Олтинкўл қишлоқ фуқаролар йиғини, Сарой-1 маҳалласи аҳли пири бадавлат онахон Азизахон момо Акбаровани "қишлоқнинг биринчи муаллимаси" дея ҳурмат билан тилга олишади.
- Етти ёшлигимда янги мактабда ўқиганман, -дейди онахон ўша даврларни эслаб. - 7-синфни битиргандан кейин хотин-қизлар техникуми янги очилган эди, шунга имтиҳон топшириб, ўқимоқчи бўлганман. Биринчи имтиҳонни топширганимиздан кейин уруш бошланиб кетган. Қолган имтиҳонларни кўчиб юриб топшириб, ўқишга кирганман. Ўша вақтда Тошкентдан бир домла оиласи билан кўчиб келиб, бизга дарс берган. Математикадан яхши ўқирдим. Берилмаган топшириқни ҳам бажариб борардим. Устозимиз бундан хурсанд бўларди. Ўқитувчиларнинг кўпи фронтга кетгани боис, қишлоғимиздаги мактабларда (туманда 9 та мактаб бўлган) математикадан домла етишмасди. Устозимиз билимимдан қониққани учун дарс ўтишимга рухсат берди. Ҳам ўрганиб, ҳам ўргатиб ишлай бошладим. 7-8-9-мактабларга қатнаб, болаларга сабоқ бердим. Шундан ўқитувчиликни бошлаб юборганман.
-Уруш даври бўлса, ота-онангиз ёш қизчани-сизни ҳам ўқиб, ишлашингизга монелик қилмаганми?
- Йўқ, ота-онам қишлоқнинг тушунган, зиёли инсонлари бўлишган. Отамни Ҳайдарали қассоб деса, онамни "муаллим хола" дейишса, ҳамма танирди. Чунки онам қишлоқнинг отино-йиси эди. Бизни, 4 фарзандини саводли, зиёли инсон бўлишимизни жуда исташарди. Бунинг устига тақдирим қўшнимиз Асқарали домла деб ҳурмат-эътибор топган инсон билан боғланди. У киши собиқ "Қайтмас", "Сталин" деб номланган колхозда ҳисобчи эди. Ҳисоб-китобни жуда яхши биларди.
Асқарали ота ва Азизахон она хонадонида туғилган беш фарзанднинг уч нафари Аҳмадали, Йигитали, Сайитали кучли математиклар бўлиб етишишди. Аҳмадали ака узоқ вақт тумандаги 20-ихтисослаштирилган мактаб-интернатда ўқувчиларга математикадан дарс берган.
Сайитали математика фанлари номзоди бўлди. Айни пайтда "Агробанк"нинг туман бўлимида ишламоқда. Муқаддамхон опа тумандаги "Саодат" номли мактабгача таълим муассасасида тарбиячи бўлиб ишлаган, ҳозир нафақада.
- Озодахон қизим тўнғич фарзандим эди - дейди онахон. - 6 нафар норасидаларини чирқиратиб, оламдан ўтган. Колхозда ишларди. Жуда меҳнаткаш эди. Пахта териб "Жигули" автомашинасини мукофотга олган. Сариқ касаллигига чалиниб, эрта оламдан ўтди.
Онахоннинг мижжаларида ёш айланди. Урушнинг не-не машаққатли кунларида эгилмаган қадди бир кечада эгилди. 6 набирасини оёққа турғазиб, уйлаб-жойлагунча эси кетди. Онасининг йўқлигини билинтирмай келди.
Ҳа, умр югурик. Муштдеккина гавдаси билан кўп қийинчиликларни бошидан кечирган момо тўқсон ёшга кириб қолган бўлса-да, ҳамон руҳан тетик, хотираси кучли.
- Шу ёшга кириб бирон маротаба оғриб, укол олган эмасман. - Келиним Гулнахорой шифокор бўлганлиги учун тез-тез "буви, сизни бир текшириб қўяй", - деб олдимга кириб туради. Болам, яхшиман, хавотир олманг, дейман. Худога шукр соғлигимдан нолимайман. Буларнинг ҳаммаси ҳаракатда, хотиржамликда-да, болам...
- Бувим, шу ёшида ҳам китоб, газеталарни кўзойнаксиз ўқийди, - суҳбатга қўшилади онахоннинг набираси бўлажак шифокор Гулчеҳра Акбарова. - Қўлидан газета тушмайди.
- Келиним Марвархон кутубхонада ишлайди. Янги чиққан газета-журналларни вақтида олиб келади. Уйда ўтирсам ҳам дунёдаги воқеалардан, янгиликлардан хабардор бўлиб тураман. Бўлмаса, зерикиб қоламан. Буни билган келиним эшикдан кирар-кирмас, "буви, газеталардан олиб келдим", - деса, менга дунё олиб келгандай бўлади.
Қишлоқнинг биринчи муаллимаси бўлган Азизахон она Акбарова ҳали ҳам ўқитувчилигига боради. Ўқиб, ўрганишдан толиқмайди. 16 нафар набираси, 32 нафар чевараси бор онахон бугун қишлоқдошлари эъзоз-эътиборида. Математиклар сулоласи бўлмиш Акбаровлар хонадони туманнинг энг намунали оилаларидан бири эканлиги билан ҳаммага ибрат.
Қариси бор уйнинг париси бор, - дейди халқимиз. Фариштасифат онахоннинг борлиги эса тугамас давлатдир.
Зумрадхон ЎРИНБОЕВА.
|