№34, 18.08.2011 ТАЖРИБА, МАҲОРАТ ВА ЯНГИЛИКЛАР САРИ
Андижон шаҳридаги 24-умумтаълим мактабида кимё фани ўқитувчиларининг август шўъба йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишни Андижон шаҳри халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими услубчиси Мавжудахон Муҳаммаджонова олиб борди.
Шўъба йиғилишида "Таълим жараёнини такомиллаштириш, сифатини ошириш: муаммо ва ечимлар", "Таълим жараёнида ахборот коммуникация технологияларини ўқув-тарбия жараёнига татбиқ этишнинг самарадорлигини оширишда электрон дарсликлар, проекцион-мультимедия воситаларидан дарс жараёнида фойдаланиш" ҳамда "Педагог кадрларнинг узлуксиз малака оширишда "Устоз-шогирд" усулини ташкил этиш натижалари, муаммолар ва ечимлари" мавзуларида суҳбатлар, мулоқотлар, тавсия ва кўрсатмалар ташкил қилинди.
Йиғилишда Андижон шаҳридаги бир қатор мактабларнинг тажрибали педагоглари ўз маърузалари билан иштирок этдилар.
Шўъба йиғилиши барча қатнашчилар учун ғоят қизиқарли, фойдали ва таассуротли бўлди.
Р.ҲАЙИТБОЕВА.
|