№34, 18.08.2011 ТАШАББУСКОР ВА ФАОЛ ЁШЛАР САФИ ОРТМОҚДА
Мамлакатимиз ёшларини эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиришда, уларни жамиятда муносиб ўрин эгаллашларида, манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишда, баркамоллик сари етакловчи куч сифатида "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ўрни ва роли каттадир.
Юртбошимиз Ислом Каримов "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ташкил топган дастлабки кунларданоқ унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаб, "Камолот" ёшларнинг чинакам суянчи ва таянчи бўлсин" деб тилак билдирган эди. Ўтган давр мобайнида "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати баркамол авлодни вояга етказиш борасида барча йўналишларда ёшларнинг ҳақиқий суянчи ва таянчига айланди. Бу ҳақда ҳаракатнинг Андижон вилоят бўлими конференциясида кенг тўхталиб ўтилди.
Айни пайтда ҳаракатнинг Андижон вилоят бўлими 1184 та бошланғич ташкилот, 490 минг нафардан зиёд ёшларни ўз сафига бирлаштирган. "Камолот" хомийлигида фаолият кўрсатаётган "Камалак" болалар ташкилоти атрофида эса 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган 200 минг нафардан ортиқ бола жипслашган.
Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларннг мазмун-моҳиятини тушунтириш, ёшларнинг сиёсий дунёқарашини шакллантириш, ҳуқуқий билимларини ошириш, шу билан бирга маънавий-маърифий йўналишларда амалга оширилаётган турли лойиҳалар ёшларимизни жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш, ҳуқуқий-демократик ва фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида зарур билимларини орттиришга, ёшларни истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
- Ёшларни иш билан таъминлаш борасида 2009-2011 йиллар давомида муайян ишлар амалга оширилди, - дейди "Камолот" ЁИҲ Андижон вилоят Кенгаши раиси Ўткирбек Шукуров. -Вилоятдаги шаҳар ва туманларда Бандликка кўмаклашиш марказлари билан ҳамкорликда 113 марта ўтказилган меҳнат ярмаркасида қарийиб 16 минг нафарга яқин ёшлар доимий ишга эга бўлдилар.
Ёшларда меҳнат кўникмасини шакллантириш, ёз мавсумида уларнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланишни ташкил этиш мақсадида олий ўқув юртлари талабалари ҳамда маҳалла ёшларидан иборат "Бунёдкор" ёшлар меҳнат ҳаракати йўлга қўйилган. Сўнгги икки йил давомида мазкур ҳаракатда 2500 нафарга яқин ёшлар иштирок этдилар. Улар вилоятдаги қурилиш объектларида, завод ва корхоналарда, қишлоқ хўжалик ишларида меҳнат қилмоқдалар.
"Ёш тадбиркор - юртга мададкор", "Ёш тадбиркор келажакка пойдевор" танловлари орқали 7 нафар ёш тадбиркорларга 50 млн. сўмдан ортиқ имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" давлат дастури ижросини таъминлаш юзасидан "Камолот" ЁИҲ вилоят бўлими Кенгаши қошида "Ёш тадбиркор" маслаҳат маркази ташкил этилди. Марказда 115 нафар ёш тадбиркорларга бизнес фаолиятини йўлга қўйишларида амалий ёрдам кўрсатилди.
Вилоят Кенгаши қошида шижоатли, ғайратли ёшларни ўз сафига жамлаган "Ёш лидерлар ассациацияси" аъзолари томонидан олиб борилаётган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари алоҳида эътиборга молик.
Вилоятдаги мавжуд 7 та "Ёшлар ижтимоий хизматлар" марказларида эса 5 минг нафарга яқин ёшлар бепул таҳсил олдилар.
Ҳисобот даврида истеъдодли ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 1100 га яқин тадбирлар ўтказилиб, унда 350 минг нафарга яқин ёшлар иштирок этдилар. Бу борадаги саъйи ҳаракатлар натижасида 48 нафар ёшлар вакиллари турли давлат мукофотлари, кўкрак-нишонлари, грантлар соҳиби бўлдилар.
- Ёш ижодкор сифатида менинг бир неча китобим чоп этилди, - дейди Зулфия номидаги давлат мукофот соҳибаси Юлдузой Ўрмонова. - Ана шу китобларимни нашр этилишида, қолаверса, юксак давлат мукофоти соҳибаси бўлишимда "Камолот"нинг кўмаги катта бўлди.
Ёшларни спортга жалб этиш, турли спорт мусобақалари ўтказиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида ҳам муайян ишлар олиб борилди. Натижада юзлаб ёшлар республика ва халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, халқаро майдонларда юртимиз шуҳратини оширишга муносиб ҳисса қўшдилар.
Конференцияда вилоят кенгашининг 2,5 йил давомида олиб борган фаолияти сарҳисоб қилиниб, ижобий баҳоланди. Эришилган ютуқлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар, келгусидаги вазифалар, олиб борилаётган ишлар самарасини ошириш бўйича фикрлар, таклифлар билдирилди.
Конференция якунида ёшларни бандлигини таъминлаш, уларни янада фаол, юрт равнақи учун фидойи бўлишларига чақириқ сифатида конференция делегатларининг вилоят ёшларига мурожаати қабул қилинди.
Конференция ишида вилоят хокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Н.Яқубова, "Камолот" ЁИҲ республика кенгаши раиси Б.Ғаниевлар иштирок этдилар.
Ф. ИБАЙДУЛЛАЕВ,
|