№34, 18.08.2011 ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАРИМИЗ
СПОРТ ЮЛДУЗИ
Дилафрўз опа доимо шогирд-ларини танлов ёки мусобақаларга юборишдан олдин ҳаяжонланади. Худди ўзи учун жон куйдираётгандек елиб-югуради. Агар шогирдлари ютуққа эришишса, улардан-да кўпроқ қувонади ва ичида "ҳайрият" деб қўяди...
Бу эса унинг яхши ниятли, оқ-кўнгил устоз эканлиги ифодасидир.
Дилафрўз Исматова 1988 йил 14 ноябрда Асака туманида туғилди. Ёшлигидан спортга қизиққанлиги боис, "каратэ" билан шуғуллана бошлади. Бу вақтда у атиги 5 ёшли жажжигина қизалоқ эди. Ўша пайтлардаёқ ўзини катталардек ақлли, босиқ тутишни биларди. Унинг биринчи устози Исмоил ака Хўжаев доим "Бу қизда иқтидор бор. Мана кўрасизлар, у албатта, чемпион бўлади!" - дерди.
Ҳақиқатан ҳам Дилафрўз олти ёшлигидаёқ "Ўзбекистон чемпиони" бўлди. Тумандаги 9-умумтаълим мактабида ўқиш билан бирга, каратэ билан мунтазам шуғулланиб, кўплаб мусобақаларда ғолибликни қўлга киритди. Шу кунга қадар етти маротаба "Ўзбекистон чемпиони" бўлди.
Ҳа, Дилафрўз Исматованинг ютуқлари кўп. 2001 йилда қора белбоғ соҳибаси бўлиб, "спорт устаси" номига эришди. 2005 йилда эса Зулфия номидаги Давлат мукофоти танловида қатнашиб, вилоятда биринчи ўринни эгаллади ва республика босқичига чиқди.
Бугунги кунда у 55-умумтаълим мактабида жисмоний тарбия фани ўқитувчиси бўлиб ишлаб келмоқда. Аммо "Спорт - соғлик гарови" шиорига ҳамиша амал қилади. Шу боис, спорт мусобақаларига қатнашиб туради. 2010 йилда Андижонда гимнастика бўйича мураббийлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақада қатнашиб, ғолибликни қўлга киритди ва республика бос-қичида қатнашди. Республика босқичида ҳам ғолиб бўлиб, Германияда ўтказиладиган халқаро турнирда қатнашиш учун йўлланма олди.
Дилафрўз Исматова вилоятимизда танилаётган спорт юлдузиларидан бири. Шогирдлари Одина Мамадалиева, Ҳусниддин Тожибоев, Жалол Ёқубжонов, Муҳаммадқодир Нуриддинов ва Дилмурод Мўминовлар вилоят ҳамда Ўзбекистон чемпионлари бўлишган. Бугун Дилафрўз бу каби шогирдлари борлигидан жуда фахрланади.
Нодира АКРАМЖОНОВА,
Асака тумани.
|