Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№34, 18.08.2011

МАШҲУР АЁЛЛАР ТАРИХИДАН

САРОЙ МУЛК ХОНИМ САДОҚАТИ

Соҳибқирон Амир Темур Сарой Мулк хонимни ўз никоҳига олгач, "кўрагон" унвонига мушарраф бўлди. "Кўрагон" ибораси мўғулча сўз бўлиб, "куёв" деган маънони англатади. Сарой Мулк хоним мўғул хонларидан бирининг қизи эди.

Амир Темур маликани ўз никоҳига олгунга қадар унинг харамида бошқа хотинлари ҳам бўлган. Лекин хон авлодига мансуб Сарой Мулк хоним харамдаги барча маликалардан фарқли равишда "катта хоним" ёҳуд "Бибихоним" деган унвонга сазовор бўлди. Албатта, бундай мартабага эришиш, ҳукмдор эъзозига лойиқ бўлиш учун ақл-заковат, дид-фаросат бош омил бўлган. Зотан, Сарой Мулк хоним нозик дид ва фаросати билан ўзгалардан ажралиб турадиган, ҳусн-латофат бобида ҳам беназир аёллардан эди. Шунингдек, у мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётидан яхшигина хабардор бўлган. Салтанат ишларида ўз маслаҳатлари билан қатнашиб турар, айниқса, илм-маърифатга алоҳида эътибор қаратар, толиби илмларга хомийлик қилар эди.

Амир Темурнинг ҳарбий юришларида Сарой Мулк хоним кўпинча бирга бўлган. Тарихий манбалар берган маълумотларга кўра, ўта зийрак, тадбиркор Сарой Мулк хоним салтанатни бошқаришда, вужудга келган айрим муаммоларни ҳал қилишда ҳам фаол иштирок этган. Амир Темур Сарой Мулк хонимнинг оқилона маслаҳатларига доимо эҳтиёж сезиб турган. Нақл қилишларича, Амир Темур Эронга қарши юриш бошлаганда, Исфахоннинг қамали кўпга чўзилиб, қўшинни озуқа билан таъминлашга маблағ етишмай қолади. Ниҳоят, Амир Темур Самарқандга чопар йўллаб, Сарой Мулк хонимга мактуб жўнатади. Мактуб қисқа бўлиб, "Қўшиннинг заҳираси тугади, хазинадан зар юборинг" дейилганди. Сарой Мулк хоним мактуб мазмунидан огоҳ бўлгач, мактубнинг орқа томонига "Улуғ амир, зарингиз тугаган бўлса, сиёсатингиз ҳам тугадиму?" деб ёзади ва уни чопарга тутқазади.

Сарой Мулк хонимнинг кинояли сўзидан қаттиқ хижолат тортган шоҳ ниҳоят бир қарорга келади:лашкаргоҳда сўйилган қўй, қорамол, от ва туя суякларини ўша куниёқ йиғдириб, турли ҳажмларда пул ясаттириб, қиймат белгилайди ва унга пўлат муҳрни қиздириб тамға бостиради. Буни эса пул ўрнида муомалага киритишга фармон беради. Натижада шаҳар ва қишлоқлардан суяк пулга қўшин учун озиқ-овқат сотиб олинади. Тез кунларда Исфахон шаҳри эгаллангач, суяк пуллар зар билан алмаштирилди.

Саройда жорий қилинган тартибга кўра, хорижий элчиларни қабул қилиш маросимларида ҳукмдор ёнида хотинлари ҳам бўлган. Испания қироли Генрих III нинг Самарқанд ҳукмдори Амир Темур ҳузурига юборган элчиси Рио Гонзалес де Клавихонинг ёзишича, 1404 йил, Амир Темур Самарқад четидаги "Дилкушо" боғида элчиларни қабул қилади. Қабул маросимида ҳукмдорнинг ёнида Сарой Мулк хоним етакчилигида бошқа хотинлар ҳам юзларига парда тутиб ўтиришади. Испан қироли юборган ҳадялар орасида ҳукмдорга кўпроқ қизил мовут маъқул бўлган. Бу ҳақда у аввало, Сарой Мулк хоним билан фикрлашади. 1404 йил, 17 октябрь жума куни Сарой Мулк хоним ҳам катта зиёфат беради. Ушбу зиёфатда бошқа элчилар қаторида испан элчиси Рио Гонзалес де Клавихо ҳам қатнашган.

Нақл қилишларича, Сарой Мулк хоним ўз жамғармаси ҳисобидан савоб учун мадраса бино қурдиришга Амир Темурдан ижозат сўрайди. Ҳукмдордан рухсат бўлгач, отаси Қозонхон томонидан совға қилинган бир жуфт олмос балдоғини сотувга қўйиб, бу маблағни мадраса қурилишига сарфлайди.

Сарой Мулк хоним қурдирган мадраса XIV аср охири ва XV аср бошларида Самарқанддаги мадрасалар орасида улкан ва маҳобатлилиги билан ажралиб турган. Мадрасага замонанинг етук мударрислари тайинланиб, улар толиби илмларга диний ва дунёвий илмлардан дарс берганлар. Малика эса мадраса толиби илмларининг ҳолидан тез-тез хабар олиб, уларга ҳамиша хомийлик қилиб турган.

Афсуски, мадраса биноси хусуматлар қурбонига айланди. У XVI аср охирида Бухоро амири Абдуллахоннинг темурийларга бўлган хусумати туфайли, махсус фармон билан буздириб ташланади. Фақат унинг ёнига қурилган мақбарагина сақланиб қолади. Самарқандда машҳур Бибихоним жомеъ масжиди ҳам бор. Бу масжидни Амир Темур Ҳиндистон юришидан қайтиб келгач, 1399-1404 йиллар мобайнида ўзининг суюкли рафиқаси бўлмиш Сарой Мулк хонимга атаб қурдирган. "Бибихоним" номи билан машҳур бўлган, Марказий Осиёдаги обидаларнинг энг йириги саналган ушбу жомеъ масжиди ҳозиргача сақланиб қолган.

Даврлар ўтиши билан зилзилалар таъсирида масжидга путур етиб, вайронага айланган бўлса-да, у ҳамон ўз салобатини йўқотмаган. Ҳозирда бир-бири билан боғланмаган олти бўлакдан иборат бино ҳовлисининг юқори қисмида меҳробли, баланд пештоқли яна бир иншоот, пойгакда масжиднинг иккига ажралган пештоқи ҳамда шимоли ғарб қисмида якка ҳолда сақланиб қолган минораси мавжуд. Ўз даврида мазкур бўлаклар уч қатор оқ мармар устунли, енгил равоқли пешайвонлар билан бир-бирига бирлаштирилган бўлиб, уларнинг устида 400 та гумбазчалари бўлган.

Соҳибқирон Сарой Мулк хонимдан фарзанд кўрмаган. Аммо Соҳибқирон ўз ўғли Шоҳруҳ Мирзони, суюкли набиралари Муҳаммад султон Мирзо, Халил Султон Мирзо, Улуғбек Мирзо ва бошқа шаҳзодаларнинг тарбиясини бевосита малика ихтиёрига топширган эди. Амир Темур Сарой Мулк хонимни жуда ҳурмат қилган ва ардоқлаган.

Улуғбек АБДУСАЛОМОВ

тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди