Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№34, 18.08.2011

ҲИКОЯ

ЎТКИНЧИ

(Давоми. Боши ўтган сонда.)

– Оддийгина, мана бундай қилиб, – Жамшид актёр эмасми, таппа ўзини қорга ташлади–да, думбалоқ оша–оша ҳарҳаша қилиб додлаётган болага айланди–қўйди: "Бу маники, маники, манинг Нилуфарим мани гулим.. берларинг.. ойимга айтаман..."

Нилуфар қотиб–қотиб кулар: "Бўлди, бўлди, Жамшид ака, бўлди" дерди кўзлари кулгудан ёшланиб.

Йигит ва қиз севгининг занжирини узолмай бекатда яна узоқ суҳбатлашиб туришди. Барибир Жамшид уни маҳалласигача кузатиб келди. Улар эртага қўнғироқлашишга ваъдалашиб ажралишди.

Қиз юраги лимо–лим қувончга тўла эди. У уйига яқинлашгачгина, ойисининг "қаерда эдинг?" дейишидан чўчиб, баҳона излай бошлади. Шу кезда миясига бирор жўяли баҳона ҳам келмасди. Ана, маҳалла муюлишида онасининг қораси кўринди. Қиз шошиб орқасига бурилди, йигит аллақачон кетиб бўлганди. У чуқур тин олди, лекин юраги алланечук бўлиб, зил кетди. Онаси қизининг қорасини кўриб, унинг олдига ҳаллослаб, қор кечиб чопиб келди.

– Вой болам–э, тинчликми? Қаерларда қоп кетдинг? Ахир ишда ушланаркансан, эрталаб айтмайсанми?

Қиз индамади. Она:

– Нилуфар, қўрқмадингми, шу маҳалда? – деди қизини сўроққа кўмиб. – Ким билан келдинг? Анув бекатдаги йигит ким?

– Шаҳзода! – деди–да, онасини қўлтиқлаб, уй томон кета бошлади.

– Ким?! Қайси шаҳзода?

– Оддий шаҳзода, ахир айтувдим–ку, бир кун келиб оқ елканли...

– Вой, болам... Тобинг қочдими? Юр, юра қол, иссиқ–иссиқ чой ич, ҳозир, ҳозир... – Она қизини уйга олиб киргач қўярда-қўймай, иссиқ ўринга ётқизиб қўйди. Қайноқ шўрва ичирди, лимонли чой, сўнг яна кўнгли тўлмай исириқ тутатди.

Нилуфар болаликдан бесаранжом ухлайди. Она шундан хавотирланиб, ярим тунда қизининг хонасига кирди. Ростданам қизи ўрнини ағдар–тўнтар қилиб, ёстиғи ерда, ўзи ёш боладай ғужанак бўлиб ухлаб ётарди. Онаси ёстиғини ердан олиб қараса, қандайдир қоғозга тўзи тушди. Сурат. Чироқни ёқмай, оҳиста оёқ учида юриб, айвонга чиқа солиб суратга тикилди. Ёш, чиройли, йигит, кулиб турибди, орқасида телефон рақами. "Наҳотки, қизимнинг кўнгли шу йигитда бўлса, айтган шаҳзодаси шумикин?" Онанинг хаёли "нотаниш" йигитга кетди. Кейин яна товушсиз кириб қизининг ёстиғи тагига суратни тиқиб қўйди–да, очилиб қолган елкасига кўрпани тортди, оёқларини қалин адёлга ўраб–чирмаб ташлади. Эрталаб қизи тиниқиб ухлаб, соппа–соғ бўлиб турди.

Қиз кун бўйи ишда телефон қўнғироғи жирингласа юраги ҳапқириб кутди. Мана, иш соати тугашигаям оз фурсат қолди. У кутган қўнғироқ бўлмади. "Шамоллаб қолган бўлса–я?" Энди қиз хавотирга тушди. Йигит уни хиёбонда кутиб тургандай ўша ёққа ошиқди.

Нилуфар яна Ўрда бекатигача хиёбон оралаб пиёда кетди. Кеча юрган таниш йўлка. Анҳор бўйлаб юрди. Хиёбон жим–жит, йўловчи деярли йўқ. Ўша дарахт остида бир оз турди. Шу кезда хаёлидан: "Наҳотки, бир кўришда уни севиб қолдим!" деган ўй ўтди. Қиз ширин бир энтикди, йигитни қаттиқ соғинганини сезди... Назарида ҳозир Жамшид акаси қайсидир дарахт ортидан чиқиб келади–ю, "Қаттиқ тушдингизми?" дейдигандек бўм–бўш хиёбонга паришон тикилиб анча турди. Қиз энди фақат Жамшидни ўйлар, севгисига гувоҳ дарахтга суяниб, ширин ўй сурарди.

Она эса қизининг кечикишини хурсандчилик билан кутиб олди. "Шаҳзодаси" келгани рост бўлсин..." Яна қизининг бошидан исириқ тутатди, тунда қизи ухлагандагина секингина ёстиқнинг тагини кўтарди. "Шаҳзода"... кулиб қараб турарди. Сўнг қизининг пальтосига кеча "нафаси ўткир" отинойи дам солган атирдан сепиб қўйди. "Илоё, ёмон кўздан асрасин" дея отинойи ўргатган дуони етти карра ўқиб, кўнгли хотиржам хонасига кириб кетди. Эрта туриб қизига: "Э, шу бодомзорлик йигитга ўзимнинг ҳам унча кўнглим чопмаяпти" деди қизининг оғзини пойлаб.

Қиз мийиғида кулиб қўйди.

Энди у тонг саҳарлаб ишига отланар, кун бўйи қўнғироқ кутар, кечки шомда хиёбонга югурарди. Қўнғироқ қилишга эса ғурури йўл қўймас ёки юраги дов бермасди. Еттинчи куни қиз одатича яна ўша дарахт тагига бориб қолганини сезмай қолди. Бари ўша–ўша. Фақат "қор қалпоқ" илинган шохда қора қарға чўзиб қағ–қағларди... Қиз яна ёноқларида йигитнинг илк бўсасини ҳис қилди, унинг қайноқ нафаси юзига урилгандай кўзларини юмди.

(Давоми бор).

Саида САЙХУН.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди