Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№37, 08.09.2011

МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН

ЭЛ-ЮРТ ИШИГА КАМАРБАСТА ИНСОН

Барчамизга маълумки, бугун маҳаллалар зиммасига оммавий-сиёсий, маънавий-маърифий тадбирларни амалга ошириш билан бир қаторда хотин-қизлар, ёшлар ўртасида ахлоқий-тарбия масалалари ва оила мустаҳкамлигини таъминлаш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, аҳолининг ижтимоий ҳи-мояга муҳтож қатламларига моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш каби масъулиятли вазифалар юклатилган .

Бугунги кунда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларнинг бу борада олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқ.

Шаҳрихон тумани Пахтаобод қишлоғидаги Дўрмон МФЙ маслаҳатчиси Муяссар опа Олимова ҳам мана етти йилдирки, одамлар билан ишлаш, уларни бир мақсад йўлида бирлаштириш, ёшлар билан тил топиша олиши унинг фаолиятида яққол кўзга ташланади.

670 та оила таркибида 3151 нафар аҳоли истиқомат қилаётган бу ҳудуд тумандаги энг ибратли маҳаллалардан. Албатта, бунга ўз-ўзидан эришилгани йўқ.

2004 йили М.Олимова ишни маҳалла ҳудудини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштиришдан бошлади. Ҳудудидаги ҳар бир оиланинг яшаш тарзи, шарт-шароитларини ўрганди. Шундан сўнг хотин-қизларни ҳунарга ўргатиш, уларни иш билан таъминлаш мақсадида "устоз-шогирд" йўналишини йўлга қўйди.

Маҳалладаги тўн тикадиган чеварлар Лобархон Жўраева ҳамда Малоҳатхон Хўжамоваларга ўндан зиёд қизларни бириктириб қўйди. Айни пайтда ёшлар улардан ҳунар ўрганишмоқда. Мўътабархон Масаидова жияк тўқиш сирларини ён-атрофдаги ўсмир қизларга ўргатиб, ҳунарли қилмоқда. Дониёр Олимов эса кулолчилик мактабини яратган ҳунармандлардан. У 17 нафар шогирдига кулолчиликнинг сир-синоатларини ўргатиб келмоқда.

- Маҳалламизда 1678 нафар хотин-қиз истиқомат қилади, - дейди Муяссар опа. - Ҳар бир аёл ўз хонадонининг фариштаси. Аёли тежамкор, уддабурон хонадонда доимо хурсандчилик барқарор. Шуни ҳисобга олиб, ёш болали ва ишламайдиган аёлларни ҳам касаначиликка жалб қилганмиз. Мақсадимиз, барча оилаларимиз ҳалол меҳнати, ҳунарлари ортидан яхшигина даромадга эга бўлсин. Шунда уйида тотувлик, хонадонларида фаровонлик бўлади.

Маҳалламизда "Аҳмадали ота", "Хурдиёр", "Фирдавс" фермер хўжаликлари фаолият юритади. Аёлларимиз кўпроқ шу фермер хўжаликларида ишлашади.

Мен ўзим ҳам "Зиёлилар ёрқин иқболи" тутчилик фермер хўжалигини бошқараман. Бу йил оиламиз аъзолари жам бўлиб, 19 қути қурт боқдик. Давлатга бир тонна 301 кг. пилла топширдик. Фермер хўжалигидан топган даромадларимиз эвазига ҳудудимиздаги 12-умумтаълим мактабига ҳомийлик ёрдами бериб турамиз. 3 та камтаъминланган оилалар ҳолидан хабар оламиз. Қолган фермерларимиз ҳам ҳимматли инсонлар, уларнинг ёрдами билан қишлоқ, маҳаллаларимиз обод бўлиб, кундан-кунга кўркамлашиб бормоқда.

Муяссар опа ишбилармон, кўпни кўрган, мулоҳазали аёл. Маҳалладаги хотин-қизларнинг муаммоси-ю, қувончи опани бефарқ қолдирмайди. Оилаларни бирлаштиришдек масъулиятли ишга ҳамиша маҳалла фаоллари Тўхтахон опа Олимова, Уминсахон ая Азизова, Анзиратхон опа Хўжамова, Комилжон ота Соипназаров, Қаҳрамонжон ака Маъмировлар елкадош. Отин-ойилардан Муҳаббатхон Раҳимова, дастурхончилар Озодахон Жўраева, Тиловатхон Арслонова, Музаффархон Аҳмедовалар кўмаги билан турли хил маросимлар ихчамлаштирилмоқда. 9 кишидан иборат тўй комиссияси иштирокида тўйларни ортиқча чиқимларсиз ўтказиш йўлга қўйилди. Никоҳланувчилар билан суҳбатлар ўтказилгандан кейингина, тиббий кўрикдан ўтиляпти.

Қайнона-келин муносабатлари мавзусида турли хил давра суҳбатлари маҳаллада ўтказиб турилиши - оилалар тотувлигини таъминлаяпти. "Энг ибратли хонадон", "Намунали кўча" кўрик-танловларининг ўтказиб турилиши эса маҳаллаларни обод бўлишига ёрдам беряпти.

Бу ишларнинг бошида МФЙ раиси Абдусалом Яхёқулов, маслаҳатчи Муяссар опа Олимова сингари маҳалла сардорлари, фаоллари туради. Баҳамжиҳат эл-юрт ишига камарбаста бўлаётган фидойи инсонлар меҳнати эса ҳамиша эл назарида.

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди