№37, 08.09.2011 МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ
ҲАР БИР БОЛАГА ҒАМХЎРЛИК КЕРАК
Халқимиз ғоят болажон. Меҳрибон, ғамхўр, оқибатли кишиларимиз ўз фарзандларини, қолаверса, яқинларининг фарзандларини оқ ювиб, оқ тарашга, асраб-авайлашга, чиройли тарбия беришга одатланишган.
Айтиш жоизки, фарзандларимиз парваришига эътибор ва ихлос халқимиз руҳиятида азалдан шаклланган. Фарзандларимиз борки, яшашдан, ҳаракат қилишдан мақсади бор. Ҳатто, ерга умид билан битта уруғ қадар эканмиз ёки ниҳол ўтқазар эканмиз, унга ҳам алоҳида эътибор, парвариш даркор бўлади. Табиатнинг онгли мавжудоти бўлган инсон тарбиясига бўлган эътибор эса, ундан ўн карра, юз карра ортиқроқ, масъулиятлироқдир.
Болажонларимизни келажагимиз, эртанги кунимиз яратувчилари, бугунги улуғвор ишларимиз давомчилари деб қараб, уларнинг жисмоний соғлом ва маънавий баркамол бўлишига алоҳида аҳамият берилаётганлиги бежиз эмас. Бу ҳаракатларимиз келгусида муносиб мевасини бергувсидир. Зеро, давлатимиз ва халқимизнинг ёш авлодга кўрсатаётган ғамхўрлиги шу мақсадга йўналтирилган.
Ёш авлодни бугунги кун талаблари асосида тарбиялаб, вояга етказиш йўлида аниқ ва мақсадли иш олиб бориш учун узлуксиз таълим тизими яратилган. Бу тизимнинг дастлабки, энг муҳим босқичи бу - мактабгача таълим муассасасидир.
Бугунги кунда мактабгача таълим муассасаларига эътибор кучли. Боиси, болажонларимизнинг соғлом, тетик, зукко ва маънавий баркамол қилиб тарбиялаш эртанги кунимиз учун муҳим пойдевордир. Ана шу устувор мақсад йўлида бизнинг Жалақудуқ туманидаги 5-мактабгача таълим муассасаси жамоаси ҳам аҳил, бирдам бўлиб, боғчамизнинг чиройли, файзли, озода ва кўркам бўлишига интилмоқдалар.
Билимли, меҳрибон ва бағрикенг тарбиячи-энагалар ҳар бир болага алоҳида меҳр-эътибор билан қараб, уларни замон билан ҳамнафас, интилувчан, кучли ва доно қилиб тарбиялашга алоҳида аҳамият бериб келмоқдалар. Боғчамизда 5 та гуруҳ бўлиб, 100 нафардан зиёд бола тарбияланади. Болаларимизни ҳар томонлама билимли, саводли қилиб тарбиялаш мақсадида тарбия муассасамизда 9 та тўгарак фаолият кўрсатиб келмоқда. Футбол, волейбол, шашка, бадиий гим-настика, тасвирий санъат, апликация, қўл меҳнати, қўғирчоқ театри ва рус тили тўгараклари ишлаб турибди.
Тарбиячиларимиз Альфия Содиқова, Шоҳида Нурматова, Гулчеҳра Умаралиева, Одина Охунжоновалар доимий изланиб, меҳнат қилиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келмоқдалар. Хўжалик ишлари мудираси Донохон Розиқова боғчада барча шароитларни муҳайё қилиб беришга ҳаракат қилмоқда.
Энг муҳими, тарбияланувчиларимиз билимли, одобли, жисмонан бақувват, чиниққан эканлиги бизнинг ютуғимиздир.
Биз уларнинг эртага Ватанимиз, она юртимизнинг муносиб ўғлонлари, баркамол фарзандлари бўлиб улғайишлари, камол топишлари билан фахрланамиз.
Умидахон ИЛЁСОВА,
Жалақудуқ туманидаги 5-мактабгача таълим муассасаси
мудираси.
|