№37, 08.09.2011 МУЛОҲАЗА
БОҒДА ЎТИРГАН ЁШЛАР...
Қишлоқда туғилиб ўсдим. Қишлоқ мактабида таҳсил олдим. Орзум яхши ўқиб, билим эгаллаб, ҳаётга тайёр инсон бўлиб етишиш. Шу боис, шаҳарга келиб, ўқишга кирдим. Ҳозир талабаман. Андижон педагогика коллежида ўқийман.
Фикру хаёлим ўқишда. Тезроқ коллежни битирсам-у, олийгоҳ остонасига қадам қўйсам, дейман. Шу боис, бўш вақтларимни зое кетказишни сираям ёқтирмайман. Дарслар тугагач, дарҳол кутубхонага чопаман. Анча-мунча ижодий машқлар устида ишлайман. Хуллас, изланиб, интилиб, олдимга аниқ мақсадларни қўйиб яшамоқдаман.
Лекин ҳаётда мақсадсиз яшаётган ёшлар ҳам борлигидан ўкинаман. Ундайларни мен ҳар гал ўқишдан қайтаётганимда боғда учратаман. Ҳа, улар боғда ўтирган ёшлардир...
Хўш, боғда ўтирса нима қилибди? Боғ сайргоҳ жой. Ҳамма келиб дам олиши мумкин, дерсиз?
Бироқ... мен онда-сонда келиб, маданий ҳордиқ чиқариб кетаётган ёшларни назарда тутмаяпман-да. Афсуски, бу кўраётганларим боғларни мунтазам "пакка" қилиб олган йигит-қизлардир.
Ҳатто, уларга қарашга уяласан, киши. Чунки ҳар жой, ҳар жойда йигит-қизлар жуфтлашиб олишиб, ибо-ҳаёни унутишиб ўтирволишади. Назаримда, йигит қизни исканжага олволгандай туюлади. Қиз истаса-истамаса, йигит қанча исканжада тутиб турса, шунча вақт боғдан кетолмайди!
Аммо баъзида "хоҳиш қизда бўлса-чи?" деган ўйга ҳам бораман-да, ўз ўйимдан ўзим уялиб кетаман. Ахир, мен ҳам қиз боламан, қиз бола шаънига айтиладиган гап барибир тегиб кетаркан-да.
Рост гап, агар боғда ўтирган ёшларимиз катталардан, ҳатто, ўйнагани келган ёш болалардан, уларнинг ота-оналаридан андак андиша қилишганда эди, мен бу мавзуда сўз очмаган бўлардим. Ажабо! Бу манзара ёш болакайлар тасаввурида қолиб кетса, нима бўлади? Катталар-ку, бир нави...
Шу ўринда, мени бир нарса қийнайди. Ана шу ёшларнинг аксарияти қишлоқдан келган, ота-оналари умид билан ўқишга юборишган. Булар эса ўқиш ўрнига, боғма-боғ учрашиб, жуфтлашиб юришибди.
"Азиз тенгдошлар, - дегим келади уларга боқиб, - ёшлик ўткинчидир. Бу давр инсонга ўқиб, илм ўрганиб, ҳунар эгаллаб олиш учун берилади. Шундай экан, ўқишдан чалғиманг. Бу юришларингиз эртага сизга асқотмайди, қайтага "юрди" деган ном оласиз, холос. Ундан кўра, бизга яратиб берилаётган имкониятлардан фойдаланиб қолинг, китоб ўқинг, тил ўрганинг, ҳунар эгалланг. Гул умрингиз боғда ўтириш билан ўтиб кетмасин..."
Мафтуна ХУРИБОЕВА,
Андижон педагогика коллежи талабаси.
|