№37, 08.09.2011 ОРАМИЗДАГИ АЁЛЛАР
ОТА ИЗИДАН БОРГАН ШИФОКОР
Ўз даврида қишлоқнинг олий маълумотли шифокори бўлган Рустамбек Ўрмонов оила даврасида фарзандларига кўп уқтирар эди.
- Ота касбини улуғлаган фарзанд асло кам бўлмайди. Шунинг учун сизларни ҳам менинг изимдан боришга ундайман. Сабаби, қишлоғимизда шифокорлар жуда оз, биласизлар...
Бу гапларни оилада ўсган етти фарзанднинг ҳаммаси эшитар ва тингларди. Лекин ота изидан боришни ҳаммаси ҳам хоҳлашмади. Тўғри, еттов фарзанднинг барчаси олий ўқув даргоҳларида ўқидилар. Давримизга мос зиёли кадр бўлиб етишдилар. Бироқ, ораларидан фақат биттаси - катта қиз Моҳирахонгина ота изидан борди...
- Ўшанда отамнинг гапларини вужудимга сингдириб олган эканман, - дейди Моҳира опа суҳбатимизда. - Оталар билиб гапиришади. Демак, ота касбини эгаллаган кам бўлмаслиги аниқ, дея кўп мулоҳазалар қилдим. 10-синфни олтин медаль билан тамомлагач, 1975 йили Андижон давлат тиббиёт институтига ҳужжат топширдим. Менда институтга кираманми, йўқми, деган иккиланиш бўлмаган эди. Чунки ишонар эдим, мен шифокорлар фарзандиман. Отам Рустамбек олий маълумотли врач, онам Ибодатхон эса ҳамшира эдилар. Мен ана шулар касбини эгалламоқчиман, албатта, ниятимга етаман, дер эдим.
Ниятларим холис экан, ўша йили институтга кирдим. Даволаш факультетида таҳсил олдим. 1981 йили қўлимга шифокорлик дипломини олгач, дастлаб вилоят шифохонасида интернатура ўтадим. Кейинги уч йилни эса Балиқчи туманида невропатолог лавозимида ишлаб ўтказдим. Бу вазифага мени институт йўлланма билан юборган эди. Ўзим таҳсил олган даргоҳнинг ишончини қозонишга ҳаракат қилдим. Кейин эса фаолиятим бевосита ўз туғилиб ўсган туманим - Хўжаободда давом этди...
Ҳа, Моҳирахон опа Ўрмонова Эгамбердиобод қишлоғидан етишиб чиққан тўртинчи шифокордир. Мана, унинг эгнига оқ халат кийиб, эл-юрт саломатлиги йўлида фаолият юритаётганига ҳам бу йил роппа-роса 30 йил бўлди. Айтиш жоизки, Моҳирахон опа ота касбини улуғлаб, асло кам бўлмади. Эл орасида қадр топди, эъзозланди.
Унинг бу қадар одамлар ишончини қозонишига нима сабаб бўлганига қизиқдик. Боз устига, тиббиётда невропатология бир қадар жиддийроқ соҳа ҳисобланиши ҳаммага аёндир.
- Мутахассислигимизнинг нозик томонларини яхши пайқабсиз, - деб жавоб қилди Моҳира опа. - Ҳақиқатан ҳам биз кўпроқ асаб касалликларига дучор бўлган беморлар билан ишлаймиз. Ўзи аслида ҳар бир касаллик асабдан, дейиш ҳам мумкин. Бел, қўл, оёқ оғриқлари, невроз, инсульт хасталиклари асабларнинг ортиқча зўриқишидан пайдо бўлади. Буларни тажрибада кўп кузатганим боис, қабулимга келган беморга даставвал асабларни эҳтиёт қилишни маслаҳат бераман. Бинобарин, асаб секин тиккаланадиган ҳолатдир. Уни йўқотган одам анча вақт дард билан олишишга мажбур бўлади. Буни беморларга тушунтирганимизда, албатта, тўғри қабул қилишади.
Дарвоқе, инсоннинг ҳаётда ташвишлардан ҳоли, ҳеч бир ўйсиз, ҳаракатсиз яшаши қийин. Лекин ўз саломатлиги тўғрисида ўзи қайғуриб, ўй-ташвишларни бироз унутгани дуруст бўларкан.
Моҳира опанинг ҳаётдаги шиори - "доим ҳаракатда бў- лиш"дир. Бу жиҳатдан Моҳира опа ўз ҳамкасби Каромат опа Ҳакимовага жуда-жуда ҳавас қилади. Олий тоифали шифокор Моҳирахон Ўрмоновага 2010 йили "Соғлиқни сақлаш аълочиси" нишони бежиз берилмади. Бунга у невропатологлар ўртасида узилмас ришта бўлган - "аҳил, дўст, иноқ" бўлиб, фаолият юритишининг муваффақияти сифатида эришди. Ҳақиқатан ҳам бу соҳа кишилари бир-бирларига доимо яхши маслаҳатларини раво кўришади.
Кези келганда айтиш жоизки, бир вақтлар ўзи туғилган қишлоқда олий маълумотли шифокорлар камлигидан кўнгли ўксиган Моҳира опа бугун кўнгли тўлиб яшамоқда. Чунки, у ўз оиласида ҳам шифокорлар етишиб чиқишига эришди. Қизи Дилдорахон ва ўғли Сарварбеклар шифокорлик касбини эгаллашиб, бугун оналари изидан боришяпти.
Биз қўли енгил шифокор, камтарин аёл Моҳира опа Ўрмоновага беназирликда бардавомлик тилаймиз.
Маҳфуза НОРБОЕВА,
Суратда: Моҳирахон опа Ўрмонова.
|