№37, 08.09.2011 ҚАРЗ ОЛИШ-БЕРИШ ОДОБУ АҲКОМЛАРИ
Қарз олиш ва бериш шариатимизда мубоҳ (ихтиёрий) амаллардан ҳисобланади. Дарҳақиқат, инсоннинг ҳаёти доимо бир текис давом этмайди. Инсон зоти борки, бир-бирларига нисбатан ўзаро ёрдам ва кўмакка муҳтож бўладилар.
Динимизда ўзаро ёрдам, бировнинг оғирини енгил қилиш жуда савобли амал ҳисобланади. Пайғамбаримиз (с.а.в.): "Кимки, бирорта мусулмонни дунё ташвишларининг биридан қут-қарса, Аллоҳ таоло у бандани Қиёмат кунидаги битта ташвишидан қутқаради. Кимки бирорта кишининг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло у банданинг дунё ва охиратдаги ишини енгил қилиб қўяди. Ўз биродарига ёрдам бериб юрган бандага Аллоҳ таоло ҳам ёрдам беради", - деб мар-ҳамат қиладилар. Бошқа бир Ҳадисда эса: "Жаннатга кирдим ва унинг эшигида "Садақа ўн (баробар савоб) билан, қарз бериш ўн саккиз (баробар савоб) билан (мукофотланади)", - деган ёзувни кўрдим. Шунда "Эй Жаброил, қандай қилиб садақа ўн, қарз бериш ўн саккиз баробар бўлади?" - деб сўрадим. У айтдики: "Садақа бойнинг ҳам, фақирнинг ҳам қўлига тушаверади. Қарз эса фақат муҳтож бўлган одамнинг қўлига тушади", - дедилар (Табароний ривояти). Мана шу ва шунга ўхшаш Ҳадислардан қарз олиш ва бериш шариатимизда жоиз эканлиги маълум бўлади.
Бироқ, қарз олиш ва беришнинг ўз қонун-қоидалари ва унинг одоблари ҳам бор. Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони Каримда: "Эй имон келтирганлар, бир-бирингиздан бирор муддатга қарз олиб, қарз берсангиз, уни ёзиб қўйинглар!" - деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 282-оят).
Шариатимиз қарз олди-берди муомаласига рухсат берар экан, ўз навбатида, ҳар икки тарафга ҳам ўзининг талаб ва мажбуриятларини юклайди. Мисол учун, қарзни фақат унга муҳтож бўлганида олиш, олганда ҳам уни вақтида қайтариш зарур. Аммо бировга ҳасад қилиб, молига кўз олайтириб, уни чув тушириш, мол-дунёсидан айириш мақсадида қарз олиш катта гуноҳ эканлигини унутмайлик. Зеро, Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) : "Кимки бировдан қайтариб бериш ниятида қарз олса, Аллоҳ таоло унга қарзини узишга ёрдам беради. Кимки молига талофат етказиш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унинг ўзига талофат етказади", - деганлар. Албатта, қарздор киши қарзини имкон қадар тезроқ узишга ҳаракат қилиши лозим. Қарзини узишга етадиган моли бўла туриб уни эгаси (ҳақдор)га бермай, вақтни ўтказиб юриш зулмдир, деган маънодаги Ҳадис Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ворид бўлган.
Шариатимиз ўз навбатида, қарз берувчи кишига ҳам бир қанча талаб ва масъулиятлар юклайди. Жумладан, қарз берганда биринчидан, бировнинг оғирини енгил қилиш билан Яратганнинг розилигини топишни мақсад қилиш. Иккинчидан, зинҳор қарз бериш орқали мўмай даромад топишни кўзлаш мумкин эмас. Қарз бериб унинг эвазига қарздордан фойда олиш - судхўрликдир. Судхўрлик эса катта гуноҳлардан бири эканлиги барчаларимизга маълум. Қарздорни ҳижолатга қўймай қарзни қайтаришликни талаб қилмасдан, шароит яратиб бериш ҳам савобли амаллардан ҳисобланади. Тангри таоло Қуръони Каримда: "Агар қарздор қарзини узишга қийналаётган бўлса, то қодир бўлгунича унга муҳлат беринг. Агар билсангизлар ўшандай қийналган кишилардан қарзини кечиб, садақа қилиб юборишингиз сизлар учун энг яхши амал бўлар эди", - деб марҳамат қилади (Бақара сураси, 280-оят). Ҳазрати Пайғамбаримиз Расули Акрам (с.а.в.) ҳам: "Кимки қарзини узишга қийналган одамга муҳлат берса ёки қарзини бутунлай кечиб юборса, Аллоҳ таоло уни Ўзининг арши соясига олади" - деганлар.
Шундай экан, қарз олди-берди қилувчилар ўз ҳақ-ҳуқуқларини, масъулиятларини яхши билишликлари билан бир қаторда бир-бирларига нисбатан оқибат ва мурувватни унутмасликлари лозим бўлади. Яратган барчаларимизни ҳидоятда бардавом қилсин. Ўзгаларнинг ҳаққидан қўрқадиган, эл-юртига садоқатли, Ўзи рози бўлган бандаларидан қилсин.
Ш.МУСАБОЕВ,
Андижон шаҳридаги
"Абу Ҳурайра"
жомеъ масжидининг имом хатиби.
|