№39, 22.09.2011 МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН
"МАҲАЛЛАМ - ИККИНЧИ ОИЛАМ"
Асакага борганимизда "Қадим" қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Учтош маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Оқибатхон Мавлонова ҳақида илиқ гаплар эшитдик. Тўғри, туманда бир қанча маҳалла бор, маслаҳатчилар ҳам кўп.
Аммо, шунча маслаҳатчилар орасидан ажралиб чиқиш, кўзга кўриниш осон эмас, албатта. Бунинг учун тинимсиз изланиш, ишлаш, ҳаракат қилиш керак. Айниқса, маҳалла идораси билан маҳалла аҳолиси ўртасида девор бўлмаслиги керак. Шундагина маслаҳатчи ўз мақсадига эришади.
- Оқибатхон ўз номи билан оқибатли,- дейди туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Раҳимахон Низомиддинова. - У аввало оиласига, шу билан бир қаторда ўз ишига, маҳалласига оқибатлидир. Шунинг натижаси ўлароқ, маҳаллада ишлар янча яхши. Уни намунали маҳаллалар қаторига қўшсак бўлади.
Биз Учтош маҳалла фуқаролар йиғинига борганимизда, бунинг яққол гувоҳига айландик.
- Мен мана шу маҳаллада туғилганман,- дейди маслаҳатчи Оқибатхон Мавлонова. - Шунинг учун бўлса керак, ҳаммани болалигимдан танийман. Ўқувчилик пайтимда ҳамшира бўлишни орзу қилгандим. Мактабни битириб, Андижон тиббиёт билим юртига ўқишга кирдим. Тамомлагач, тумандаги 18-мактабда ҳамшира, "Ҳо-лис" савдо-саноат бирлашмасида назоратчи вазифаларида ишладим. Бу йиллар мобайнида анча ҳаёт тажрибасига эга бўлдим. Яхши-ёмонни, оқ-қорани ажратадиган бўлдим.
2008 йилдан эса мана шу маҳаллада маслаҳатчи сифатида иш бошладим. Ҳархолда ўзимнинг маҳаллам, синахта одамлар. Барини танийман. Бу мен учун қулайлик туғдиради. Айниқса, ҳамшираликни битирганим жуда қўл келди. Чунки кўп оилаларга ўзим биринчи ёрдам кўрсатишим, тиббий маслаҳат беришим мумкин.
Тўғрисини айтсам, маслаҳатчилик мен ўйлаган даражада осон иш эмас экан. Унинг ҳам ўзига яраша машаққати, оғир томонлари бор. Ҳар бир чўққига ҳам меҳнат билан чиқилади. Қийинчилик билан эришилган муваффақиятнинг меваси эса ширин бўлади. Мана, қийинчиликлар анчагина ортда қолди. Энди кўпроқ яхши гаплар эшитяпман. Бу менинг озми-кўпми меҳнатим меваси, самараси деб биламан.
Ҳа, Оқи-батхон Мавлонова бу қийинчиликларни осонликча енггани йўқ. Унинг учун сабр, шижоат, сабот керак бўлди. Қийналган пайтларида эса МФЙ раиси Тўлқинбек Раҳмонов, котиб Дилмуроджон Умаров, посбон Умиджон Ҳамроқуловлардан ёрдам сўради. Улар билан бамаслаҳат иш тутди.
Маҳаллада 3359 нафар аҳоли бўлиб, улар 810 та оилани, 669 хонадонни ташкил этади. Аҳолининг 1870 нафари эса хотин-қизлардир.
Маҳалладаги ишлар анча тартибга келтирилган. Қаровчисини йўқотган оилалардан хабар олиб турилади. 9 та комиссия эса намунали иш олиб бормоқда. Комиссияларнинг асосий вазифаси оилада тотувликни таъминлаш, қўйди-чиқдиларга чек қўйиш, тўйларни иложи борича камхарж қилиб ўтказиш, маърака ўтказаётган хонадонларга кўмак беришдан иборатдир. Маҳалла фаолларидан Майрам опа Қўчқорова, Ҳидоят опа Ботирова, Муқаддамхон Бакироваларнинг ҳам хизмати катта. Каримжон Шокиров, Абдурайим ака Парпиев сингари тадбиркор ва боғбонлар эса саховат этагини тутганлар.
Маҳалла аҳли асосан, деҳқончилик билан шуғулланади. Аксарияти унумдор ерларга карам экиб етиштирса, қолганлари иссиқхоналарда сабзавотларни парвариш қилиб, бозорларнинг мўл-кўлчилигига муносиб ҳисса қўшади. Маҳалладаги аёлларнинг орасида ҳунармандлар ҳам талайгина. Улар миллий чопон, тўн тикиш бўйича анча моҳир.
- Маҳалладаги оилалар билан доимо мулоқотда бўламан, уларнинг муаммоларини ижобий ҳал этишга ҳаракат қиламан,- дейди Оқибатхон. Аммо ишдан кейин ўз оиламни ҳам унутиб қўймайман. Чунки мен маҳаллада маслаҳатчи бўлсам, ўз оиламда бека, фарзандларимнинг онасиман. Турмуш ўртоғим Сарварбек тадбиркор, икки ўғлим Акбаржон ва Аъзамжонлар мактабда ўқишади.
Ҳам оилада, ҳам маҳаллада ўз зиммасидаги юмушларни бекаму кўст бажараётган Оқибатхон Мавлонованинг ишларида омадлар тилаймиз.
У.АБДУСАЛОМОВ.
|