№39, 22.09.2011 ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ
ҚЎШНИЛАР ВА ҚЎШНИЧИЛИК
Халқимизда "Уй олма, қўшни ол", "Бошингга иш тушганда қўшни асқотади", "Овқатингда қўшнининг еттидан бир ҳақи бор" деган нақллар бор. Бу нақлларнинг боиси нима?
Нақлларнинг мағзини чақиш ниятида бир неча киши билан суҳбатлашдик. Суҳбатдошларимиз бизга ўз ҳаётий тажрибаларини сўзлаб, хулоса чиқаришни ўзимизга ҳавола қилишди. Шу суҳбатларни Сиз - азиз ўқувчиларга ҳам илиндик.
Мадраҳим ота: " - Ўртанчи ўғилни уйлаш тараддудини бошлаганимда, тўнғич ўғилни янги чекка кўчирдим. Бу ерда бирин-кетин битказилаётган уй-жойларга янги-янги қўшнилар кўчиб келаётган палла эди. Ҳовлиларнинг кўпчилиги ўртасида деворлар деярли йўқ эди. Мен ҳам янги чек орқасига пойдевор кўтарган эдим-у, ҳали девор қилмаган эдим.
Дастлабки кунларнинг бирида янги чекка кўчган ёш келин-куёвни янги қўшнилар билан таништирув уюштирдим. Атрофидаги беш-олти қўшни аёллари билан хонадонга ташриф буюрди. Эркакларнинг бир пиёла чой устидаги суҳбатларига разм солдим. Улар орасида очиқ-чирой, дилидаги гапни яширмайдиганлари ҳам, тунд, қалбини очмайдиганлари ҳам бор эди.
Қўшнилар тарқагач, мен ҳам ўз ошиёнимга қайтишга чоғланар эканман, ўғлим Абдурашид ва келиним Ҳалимахонга шундай насиҳат қилдим:
- Қўшнилар билан иноқ бўлинг-лар. Улар билан паст овозда сўзлашган маъқул. Қолаверса, оила сирини сақлаш зарур. Абдурашид, мана сен кўрдинг, қўшниларинг ҳар хил. Муомалада ҳам шу ҳолатни унутма!
Келин-куёв мени "хўп-хўп" билан кузатгач, Абдурашид йигирма метр энли без мато келтириб, ор-қани тўсибди. Буни кўрган қўшни Ҳолиқжон кўчада Абдурашид билан учрашганда: " - Қўшни, хўп ажойиб иш қипсиз-да, барака топинг, - дебди. Сўнгра: - Ўртага бетонли ғишт девор мўлжаллаётувдим. Сиз нима дейсиз?" - деб луқма ташлабди. Икки қўшни шу куни деворни ҳамжиҳат тиклаш ҳақида келишиб олибдилар."
Хошияхон момо: " - Икки рўбарў хонадоннинг бекалари Маликахон ва Руқияхон тотув қўшни эдилар. Бир куни бундоқ разм солсам, икковлари бир-бири билан салом-алик қилишмаяпти. Суриштирсам Маликахоннинг боласи Руқияхоннинг кичкинтойини урибди. Руқияхон бу ҳолатни "боласига насиҳат қилиб қўяр" деган ниятда Маликахонга айтса, у: "болангиз ўзи шўх-да", деб ўз боласига танбеҳ бермапти. Руқияхон бу муносабатдан ранжиб, қўшнига гапирмай қўйибди. Мен Маликахонни койиб, қўшнисидан кечирим сўрашини илтимос қилдим..."
Таисия Николаевна Сим: "-Биз кўп қаватли уйнинг бир подъездида Лола ва Икромжонлар оиласи билан ўттиз йилдан бери қўшнимиз. Бирор марта "сен-менга" бормаганмиз. Ҳар йили отпускага чиққанимизда хонадонимиз калитини қўшнига бериб кетамиз. Ахир, вақти-вақти билан хонадонни тозалаб, гулларни суғориб туриш зарур бўлади-да..."
* * *
Биз қўшнилар муносабатидан атиги уч суҳбатни мисол келтирдик. Аслида, бир-бири билан қадрдонлашиб кетган қўшниларга ҳам, бир-бирига тескари қўшниларга ҳам мисоллар кўп. Бу мисоллар таҳлил қилинса: бир-бирини авайлаш, мулоқотда хушёр бўлиш, ўйлаб гапириш, чегарадан чиқмаслик ниҳоятда зарурлиги аён бўлади.
Хўш, қўшни ўзи ким? Агар билсангиз, қўшни оилангиз учун ҳамроҳ, болаларингиз тарбияси учун беминнат назоратчи, зарур пайтда кўмакдош, маслаҳатчи. Бинобарин, қўшнилар билан тотув бўлиш ўзингиз учун, оилангиз учун фойда. Қўшнилар зарур пайтда қариндош-уруғларингиздан аввалроқ асқотади.
Сиз қўшнилардан ташқари хонадонингиз, уй-жойингиз жойлашган масканлар: мавзе, кўча, маҳаллада яшовчи ҳамма билан аҳил бўлганингиз маъқул. Чунки улар Сизнинг борингизни ошириб, йўғингизни яшириб элга таништирувчи кишилардир.
Қўшниларга қариндошлардек муносабатда бўлмоқ даркор. Улар орасида самимий, димоғдор, қўпол ва манмансираганлари бўлиши мумкин. Агар Сиз уларнинг ҳар бирига самимият кўрсатсангиз, бундай муомала вақти келиб, уларнинг муносабатини ижобий томонга ўзгартириши шубҳасиз. Қўшниларнинг айримлари феъли-атвори, ҳаракатлари жиҳатидан Сизга ёқмаслиги мумкин. Аммо Сиз буни муомалада билдирманг, қўшничиликни узиб ҳам қўйманг. Шуни унутмангки, умумий уй-жойлардаги хонадонларда, кўпқаватли уйлардаги квартираларда яшовчилар қўшничилиги маҳаллалардаги ҳовли-жойларда яшовчи аҳоли қўшничилигидан анча фарқ қилади.
Масалан, умумий уй-жойлар коридорига ортиқча нарсалар қўйиб, қўшниларнинг ўтишига ҳалақит бермаслик зарур. Кўпқаватли уйларда шовқинли таъмирлаш ишлари мўлжалланса, бу ҳақда қўшниларни олдиндан огоҳлантириш керак бўлади. Шунда ҳам таъмирлаш ишлари кечки ором вақтигача чўзилмаслиги даркор. Умумий коридор ёки йўлакда қўпол ва катта буюмларни узоқ сақлаб, қўшниларнинг эркин ҳаракатига ҳалал бериш ҳам маъқул эмас. Қўшнилар билан муомалада ғийбатдан, ўзингизнинг турмушингиз ҳақида ортиқча гапиришдан сақланиш керак.
Қўшнилар билан муомалада кексалар ва болаларга айниқса, эътиборли бўлиш жоиз. Зарур пайтда улардан ёрдамингизни аяманг. Ҳовли жойларда ҳар ҳолда ўз қўрғонингиз бор. Бу қўрғонга ўзингиз мустақил хўжа-йинсиз. Лекин атрофдаги қўшнилар билан самимий муносабатда бўлиш, кексалар яшаётган ҳовлилардан тез-тез хабар олиб туриш инсонийлик фазилатидир.
Хуллас, қўшничилик узоқ йиллик тарихга эга бўлган маънавий қадриятдир. Бу қадрият удумлари элимизда авлоддан-авлодга ўтиб, замон ўзгаришларига монанд равишда бойиб бормоқда. Эзгу қадриятларни эъзозлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Махмуджон НОРХЎЖАЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
|