№39, 22.09.2011 СИЗ ЎШАМИСИЗ?...
ҲИКОЯ
Кутилмаганда кириб келдингиз. Коридорга кираверишда институтимизнинг кекса ходими Собира опа билан гурунглашиб ўтирардик. Сиз кутилмаганда кириб келдингиз. Ўша боқишлар... Ўша табассум.
-Яхшимисизлар?
Мен ўзимни йўқотмадим. Бамайлихотир саломлашдим.
-Яхшимисиз...
Лекин Собира опанинг сўзлари энди қулоғимга кирмас, кўнгли учун ора-сира бош қимирлатиб қўярдим. Ҳаёлим сизда. Қаёққа кетяпсиз? Нигоҳларим қадамба-қадам сизга эргашиб боряпти. Жуда бетоқатман. Сиз билан қадамба-қадам боряпман. Сиз бўлсангиз деканатга етдингиз. Йўлингиз мунчалар яқин бўлмаса. Атиги уч-тўрт қадам... Қани энда ҳозиргидай сиз олдинда, мен соядай эргашиб кетаверсак, кетаверсак...
Сиз деканатга кириб кетдингиз. Нигоҳларим ўксик боладай ўзимга қайтди.
Хаёлимга қулоқ тутаман. Сиз бирор юмуш билан бирор кимсани йўқлаб келгансиз, албатта. Лекин яна биламанки, фақат уни эмас, ҳар ҳолда мени ҳам. Адашмаётган бўлсам керак. Ахир, куни кеча синглимдан сўрабсиз-ку.
-Ҳой, Гулноза, сизга нима бўлди?
Собира опага қай ҳолда боқдим - билмайман.
-Ҳай-ҳай, бу қизни! Бир бало бўлдими сизга?
Хушимни йиғиб, ҳазилга йўя қолдим.
Сиз чиқдингиз. Яна бир табассум билан юрагимни беомон ўтга ташладингиз. Кетмоқчисиз шекилли. Тўхтанг! О, булар менинг кўнгил нидоларим, илтимос ва илтижоларим холос. Улар фақат менинг кўксимда акс-садо беряпти. Буни ҳеч ким, ҳатто Собира опа ҳам билмайди.
Ҳайрият, сиз ортингизга қайтиб, негадир яна деканатга кириб кетдингиз. Мен бир илинж билан Собира опага ҳам қарамай, сиз томонга юра бошладим. Деканат олдидаги курсига ўтирдим. Собира опа сўзи қулоғимга чалинди.
- Ҳозирги ёшларга тушуниб бўлмайди. Бунча бетоқат-а?
... Бетоқат. Собира опага ўгирилиб, кулиб қўйдим. Сиз ҳам эшитсангиз-чи! Мен бетоқатман. Нега энди, дерсиз. Қаёқдан билай? Мана, чиқишингизни кутиб ўтирибман. Сиз менга нимадир дейишингиз керак. Шу умид билан хаёлга толаман. Хаёл қушлари ипак қанотларида сиз ва менгагина хос хотираларни ташиб кела бошлайдилар.
* * *
Сирдарё этагидаги янги ўзлаштирилаётган ерларда пахта тердик. Ўқиш энди бошлангани учун курсдошлар бир-биримиз билан синашиб олганимизча йўқ. Синаштаси ҳамқишлоқ синфдошим Комила эди. Биз далада ҳам, уйда ҳам, ёнма-ёнмиз. Курсимиздагилар бизни "эгизаклар" деб аташади.
Ўша куни қуёш тафти хийла босилгач, тушликдан далага қайтдик. Комила иккаламиз чамалаб қўйган пайкалга шўнғиб кетдик. Дугонам иккинчи этакни тўкаётганида бирдан чинқириб қолди. Юрагим ёрилаёзди. Этагимни ташлаб, унинг олдига учиб бордим.
- Комила, нима бўлди?
У ўзини ҳар ёққа урарди.
- Комила, Комилажон... - йиғлаб юбордим, - сенга нима бўлди? Мен ҳозир...
Лекин нима қилишимни билмасдим. Курсдошларимиз пайкал охирида элас-элас кўринишарди. Уларга етиб боргунча... Катта йўлда машина қораси кўринди. Йўлнинг ўртасига чиқдим. Учиб келаётган юк машинаси зарб билан тўхтади-да, кабинадан хайдовчининг дўқ-пўписаси эшитилди:
- Жонингдан тўйганмисан?
- Амаки, дугонам анави ерда... Олиб кетинг! - йиғлаб юбордим. Шофёрнинг ҳовири пасайиб, кабинадан тушди.
- Қани?
Шофёр амакини бошлаб борганимда Комиланинг ранг-рўйи докадек оқариб кетган, бемажол ётарди. Шофёр амаки уни даст кўтариб йўлга чиқди. Бир амаллаб кабинага жойлашдик. Машина ўқдай учиб кетди.
Шофёр амаки шошқалоқ, тажанг кўринса ҳам, одамшинаванда экан.Елиб-югуриб дугонамни касалхонага жойлаштиргач, менга аввалгидай тўнглик билан:
- Сени ҳозир далага "Скорий"да ташлаб қўйишади. Тайинлаб чиқдим. Менинг вақтим йўқ,- деди-да, миннатдорчилик билдиришга оғиз очгунимча жўнаб кетди.
Шунда ичкаридан бир йигит...Сиз чиқиб келдингиз. Саломлашиб, қўлимга хат тутқаздингиз.
- Сизга...
Хат Комиладан эди. Шошиб кўз югуртирдим. "Гулноз, мендан хавотир олма, кейин хабарлашамиз. Кўр-ичак эканман. Кутиб турганинг билан фойдаси йўқ. Барибир сени буёққа қўйишмайди. Ўқитувчилар, курсдошлар излаб юришмасин.
Комила".
Мен ортга қайтиш йўлини билмасдим. Шунда сиз жонимга оро кирдингиз.
- "Тез ёрдам" чақирувда экан, сизни мен ташлаб қўяман,- дедингиз. Кейин эса кўча тарафга бошладингиз.
Машинада сўзсиз-садосиз борардик. Мен уятчангроқ бўлганимдан, қимтиниб, ўзимни қаерга қўйишимни билмасдим. Лип-лип ўтаётган дов-дарахтларга тикиламан. Олов машъалини кўтаранча биз билан басма-бас югураётган қуёшни кузатаман. Хаёл қуши курсдоларим сари етаклайди. Улар анча пахта териб қўйишгандир. Манзуралар ўзиб бўлди. Елкама-елка бораётган эдик. Ҳечқиси йўқ. Машинага йўл чўт эмас. Дарров етамиз. Комила тузалиб кетса бўлгани.
Машина "ғийқ" этиб тўхтади. Келдик шекилли, деб қарасам, далага ўхшамайди. Менга юзландингиз.
- Буни қаранг, ўчакишгандай...Энди ўтира турасиз.
Сиз машинадан тушиб, унинг қаеринидир тузатишга киришдингиз. Зерикиб мен ҳам пастга тушдим.
- Зерикдингизми? Бу ер боғ, томоша қила туринг. Ҳозир буни юргизаман,- дедингиз.
Қишлоқда ўсганим учун боғ деганда мевазорни тушунардим. Бу ерда ҳаммаёқ манзарали дарахтлар, ранг-баранг гуллар. Гулларнинг сирли шивири борлиғимни ром қила бошлади.
(Давоми бор).
Малика МИРЗО.
|