Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№39, 22.09.2011

ИСТЕДОДЛИ АЁЛЛАРИМИЗ

"ОЛТИН ОЛМА, ДУО ОЛ..."

Суратдаги мафтункор, нафосат гўзаллик оламига интлувчан, ваъдасининг устидан чиқадиган, чўрткесар ва шаддод, кийинишлари ҳам ўзига хос бу актриса билан бундан ўттиз йилча муқаддам Избоскан туманида танишганман.

Ўшанда мен туман истироҳат боғида ёзувчи Саид Аҳмаднинг "Имтиҳон" интермедиясида домла ролини ўйнагандим. Мухтасархон Йўлдошева эса эркатой талаба ролини ижро этган. Унинг талантига шунда иқрор бўлганман. Билсам, Мухтасархон ана шу пайтларда "Олтин соз", "Наргиз" ансамблидаги ҳаваскор қизларга рақс санъатидан сабоқ берар экан.

Мухтасархон асли Андижон шаҳридан. У санъаткор оиласида таваллуд топган. Санъат, театр соҳасидаги унинг иқтидори онасидан ўтган. У санъатга бегона эмас, чунки машҳур санъаткор, Ўзбекистон Халқ артисти Малоҳат опа Исақованинг қизи. Малоҳат опа Муҳтасархонни яхши орзу-ниятлар билан тарбиялади. Театрга келажакда етук актриса тайёрлаб бериш мақсадида, қизини санъат йўлига етаклади. Унинг меҳнатлари зое кетмади. Мухтасархон биринчи томошабин сифатида онасининг театрда ижро этган қатор ролларини кўриб, театр санъатига қизиқиб қолди. Келажакда онаси каби катта санъаткор бўлишни олдига мақсад қилиб қўйди. Мактабни битирибоқ, Ўзбекистон Давлат театр олийгоҳининг драма-киноактёрлик бўлимига ўқишга кирди.

Санъат олийгоҳида Насрулло Қобул, Баҳодир Назаров каби устозлардан санъатнинг сир-асрорларини ўрганди. Олийгоҳни муваффақиятли тамомлагач эса Андижон вилоят театрига ишга келди. Иқтидори, иститутдаги билими ва устозларининг ўгитларига таянган ҳолда катта-кичик ролларни ижро этди. "Бобур" драмасида Хонзода, "Аждодлар туғёни"да Нодирабегим, Абдулла Қаҳҳорнинг "Тобутдан товуш" драмасида Нетайхон, Шароб Бошбековнинг "Темир хотин" комедиясида Аломат, Фарида Бобожонованинг "Оқ халатли фаришталар" пьесасида Саодат Йўлдошева, Тоҳир ва Зуҳра драмасида Хоразм шоҳ маликаси Моҳина ролларини маҳорат билан ижро этди.

Муҳтасар Йўлдошева бош ролни зўр маҳорат ижро этган "Оқ халатли фаришталар" драмаси бу йил "Сени куйлаймиз замондош" деб номланган Республика фестивалида муваффақиятли иштирок этди. Мутахассислар, санъат дарғалари томонидан ушбу спекталнинг мазмун-моҳияти, бугунги кундаги аҳамияти, ғояси, актёрлар маҳорати тўғрисида ижобий фикрлар айтилди.

- Саҳна пирли жой,- дейди қаҳрамонимиз. - Шу билан қаторда самимийликни, ҳақиқатни , фидойиликни ёқтиради. Сохта, қалбаки ва ортиқча бачкана қилиқлардан воз кечади. Санъаткор бўламан, деган одам шуни унутмаслик керак. Саҳнада образнинг ички руҳий оламини томошабинга чин юракдан етказиш эса актёр ва актриса учун бош вазифа ҳисобланади. Агар у ижро этган ролни томошабин яхши қабул қилмаса, бу актёрнинг камчилигидир. Шунинг учун ҳар бир санъаткор тинмаслиги, изланиши зарур бўлади. Мен саҳнада бир пайтлар устоз санъаткорлар Ўзбекистон Халқ артистлари Азизахон Аминова, Маърифатхон Убайдуллаева, Қамарахон Бурнашевалар билан бир саҳнада рол ижро этганман. Ёш актриса сифатида улардан жуда кўп саҳна сирларини ўргандим. Шунинг учун ҳам мен устозларимдан беҳад миннатдорман.

Мухтасархон Йўдошева театр соҳасида ўттиз беш йил фаолият кўрсатди. Бу йиллар ичида юздан зиёд катта-кичик ролларни ижро этди, турли қиёфадаги характерларни, образларни яратди. Ўзининг ашаддий муҳлисларига, томошабинларига эга бўлди. У ишлаб юрган кезларида фақатгина акёрлик билангина чегараланиб қолмай, ўз иқтидорини режиссёрлик соҳасида ҳам синаб кўрди. 2005 йили драматург Насрулло Қобилнинг "Тўда" фожеавий драмасини саҳнага қўйди. Спектакль томошабинлар, мутахассислар томонидан жуда яхши кутиб олинди. Мухтасархон бу муваффақиятидан руҳланган ҳолда турк ёзувчиси Рашод Нури Гунтегиннинг "Ҳалала ёки ёлланма куёв" комедиясини саҳналаштирди. Унинг режиссёрлик соҳасидаги масъулияти, касбга эътиқоди, юксак тафаккури ва тинимсиз изланишлари яхши натижа берди. Актрисанинг актёрлик маҳорати ҳам, режиссёрлик маҳорати ҳам бир-бирига узвий ҳолда мукаммалашиб борди. Мухтасархон Йўлдошева айни пайтда уч йўналишда ижод қилиб келмоқда. Актрисалик, режиссёрлик ва рақс ўйинларини саҳналаштириш... Булар санъатнинг бир-бирига яқин бўлган турли йўналишлари бўлса-да, санъаткорнинг ижодий фаолиятида катта аҳамиятга эгадир.

Санъаткорнинг бугунги кунда Элёрбек Турғунов, Зафарбек Саидбурхонов, Илҳомжон Мусаев, Қизлархон Давроновалар сингари талантли шогирдлари ҳам бор.

Вилоятимизда ўтказилаётган кўплаб байрам тадбирларида қаҳрамонимизнинг хизматлари катта. Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма йиллигига бағишланган пойтахтда бўлиб ўтган катта концерт дастурида ҳам ўттиз нафар ёш, иқтидорли раққосалари билан иштирок этиши унинг маҳоратига берилган катта ишончдир.

Мухтасархон Йўлдошеванинг серқирра ижоди ва улкан хизматлари муносиб тақдирланиб, унга 1995 йили "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист" унвони берилди.

У ҳар сафар саҳнага қадам қўяр экан, онаси, устози, маслаҳатгўйи Малоҳат опанинг гапларини ёдга олади. "Қизим, сен ховуч-ховуч олтин олма, балки эл-юртнинг дуосини ол, шундагина эл ардоқлаган санъткор бўлиб етишасан". У манашу гапларни ҳамиша ёдида сақаб, унга амал қилиб келади.

Олтинбой ҚУВВАТОВ,

театршунос.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди