№40, 29.09.2011 ТАЛАБАЛАР УЙГАН ХИРМОН ЮКСАЛМОҚДА
Пахта йиғим-терими қизғин паллага кирган бугунги кунда вилоятимиз олий ўқув юртлари талабалари ҳам теримда фаол иштирок этиб, "оқ олтин" хирмонининг юксалишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. Хусусан, Андижон давлат университети талаба-ёшларидан иборат ҳашарчилар Улуғнор тумани пахтакорларига яқиндан ёрдам бермоқдалар. Университетнинг филология факультетида таҳсил олаётган 3-4 босқичталабалари Олимжон Тожиев етакчилигидаги 43-отрядга бирлашиб, айни кунларда "Ўзбекистон" массиви далаларида пахта теришмоқда.
- Талаба-ёшларимиз бу йил ҳар йилгидан ҳам илғор, - дейди отряд бошлиғи О.Тожиев. - Улар билан массивдаги қатор фермер хўжаликларида етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб-териб олмоқдамиз. Ҳозиргача отрядимиз аъзолари томонидан 360 тонна дан ортиқ пахта териб топширилди. Кунига 150-180 кг.дан пахта тераётган илғор теримчилар мунтазам рағбатлантириб борилмоқда.
Теримда иштирок этаётган талаба-ёшларнинг шижоати баланд. Улар етиштирилган мўл ҳосилни қисқа муддатларда йиғиб олишда туман пахтакорларига яқиндан ёрдам беришга астойдил бел боғлаганлар.
М.НОРБОЕВА.
|