№41, 06.10.2011 ҲИКОЯ
ҲАЛОВАТ
- Бугун одам кам, - гап бошлади ҳайдовчилардан бири нолиб.
- Э, нимасини айтасиз, Умиджон, - сўз бошлади иккинчи ҳайдовчи, - кеча кичик қизим оёқ кийимим йўқ, деганди. Эртага албатта, олиб бераман, деб ваъда бериб қўйгандим. Нима қилишга ҳайронман...
- Майли, бироз кутайлик-чи, балки ишимиз юришиб, кечқурун уйга ёруғ юз билан кириб борармиз, тўғрими, Одил ака? - унга тасалли берди бояги ҳайдовчи.
Кузнинг охирги ойи - об-ҳаво анча совуқ бўлгани сабабли кўчада одамлар камнамо. Бир пайт Одилжоннинг "Тико"си ёнига уч аёл киши келиб, ҳайдовчи ким, дегандай уларга саволомуз қараб туришди.
Умиджон ҳамкасбига имлади. Одилжон ортига ўгирилиб қаради-ю, шошиб қолди.
- Акажон, бўшмисиз? - сўради аёллар орасидан ёши кичикроғи.
- Ҳа... қаерга бориш керак?..
...Машинадаги сукунатни ҳайдовчининг саволи бузди.
- Сўраганнинг айби йўқ... Бирон бир яқинларингизни зиёрат қилгани кетяпсизларми?
Аёллар бир-бирига маъноли қараб олишди-да, бири базўр: "Ҳм... устозимизни йўқлаб кетяпмиз", - деди.
- Э-э, барака топинглар! Улуғ иш қилибсизлар-да, бекорга катталар айтишмайди: "Устоз отанг каби улуғдир", деб...
Орқа ўриндиқда ўтирган аёллар яна бир-бирига қараб олишди.
Одилжон бу гапни айтишга айтди-ю, негадир ичи ғаш тортиб қолди. "Тавба, - деди у ҳаёлида, - шу аёлларчалик оқибатим йўқ менинг. Устозини йўқлаб кетишяпти экан-а, мен-чи, мен ҳатто исмини ҳам унутаёздим. Яна ўзимча уларни олқишлаганимчи?.. Тирикчилик деб, одамгарчиликдан ҳам чиқиб кетяпман..."
Аёллардан ёши кичикроғи бироз сўзамол экан. Унинг: "Акажон, қизингизми?" - деб савол ташлагани Одилжоннинг ҳаёлини бўлиб юборди.
- А?... ортига бурилиб қаради Одилжон.
- Қизингизми, дейман! - аёл такрор сўзини қайтарди, машина ойнасининг четида ёпиштирилган суратга ишора қилиб.
- Ҳм... кичик қизим - эркатойим, - кулимсираб жавоб қилди Одилжон.
- Ширингина экан, ёши нечада, пучуқ қизалоқнинг?.. - энди иккинчи аёл гапга аралашди.
- Бу йил биринчи синфга борди. Етти ёшда.
- Акажон, агар малол келмаса бир гап айтсам, қиз болага, албатта, бирон бир ҳунар ҳам ўргатиш керак.
- Ҳа, бўлмасам-чи? - гапни тасдиқлади Одилжон. - Ўзи, аяси уйда чеварлик қилади. Қизимизга ҳам ўргатади ҳали, бироз катта бўлсин.
Гап билан бўлиб, манзилга етиб келишганларини ҳам сезмай қолишди. Йўловчилардан иккиси тушиб кетишди. Бири эса ортда қолиб, бир пайт қулоғидаги зирагини шахд билан ечди-да, ҳайдовчига узатаркан: "Ака, маъзур тутасиз, шу сирғани ушлаб туринг, шундай ичкарига кираман-у, сизга кира ҳақини олиб чиқиб бераман", - деди майин табассум билан.
Одилжон аранг рози бўлди.
Орадан анча вақт ўтдиямки... Аёллардан дарак бўлавермагач, энди машинадан пастга тушиб, у ёқ-бу ёққа қараб олмоқчи бўлганди, қаердан пайдо бўлди, хизмат гувоҳномасини кўрсатиб бир киши уни сўроққа тутди:
- Машина эгаси сизмисиз?..
...Хуллас, Одилжон товламачиликда айбланиб, ички ишлар бўлими вакили билан бирга кетишга мажбур бўлди.
Идорага келгач, бор воқеани айтиб берди. Бироқ у ўзини қанчалик айбсиз эканини гапирмасин, фойдаси бўлмади. Шу куни Одилжон шу ерда қолиб кетди. Уйдагилар хавотир олмасликлари учун ҳеч йўқ телефон орқали хабар бериб қўйишга чоғланди. Уйга сим қоққанди, кенжатой қизчасининг шўх овози келди: "Дадажон! Туфли опкелдизми менга?!"
...Одилжон чўчиб уйғонди. Туш экан... Ҳайрият, туш кўрган экан. Олдида эса қизалоғи тинмай: "Туфли опкеласиз-а?" - деяётганмиш. Одилжон қувончдан қизчасини маҳкам бағрига босди ва:
- Албатта, албатта! Бугундан қолмайди, қизим! - деди.
Кўрган нохуш туши Одилжонга таъсир қилди. Шунинг учун эрталабки нонуштани ҳам чала қилиб, ишга йўл олди.
- Бугун одам кам-а? Нима бўлди, бу одамларга? - деди ҳамкасби Умиджон.
- Э-э, ука, асосийси тинчлик бўлсин! Кўнгилда ҳаловат бўлсин! Иш бўлаверади... - деди Одилжон унга эътироз билдириб...
Сўнг ҳаёлида ўйлади: "Одамда ҳаловат бўлмаса, топганларинг бир пулга қиммат экан..."
Уффора ҲАБИБУЛЛАЕВА,
Пахтаобод тумани.
|