№43, 14.10.2011 МУСТАҚИЛЛИК - БУЮК НЕЪМАТ
Инсон қаерда дунёга келса, шу ер унинг учун Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой унинг учун ҳеч нарсага алмашиб бўлмайдиган қадрли даргоҳдир.
Расули Акрам (с.а.в.) Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) билан Маккадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб, яъни, Маккаи мукаррамага қараб: "Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим", - деганлар. Демак, Ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фикратида мавжуд бўлган ҳисдир. Бирор сабаб билан Ватанни ташлаб, бошқа юртларга кетган кимса энг оғир дамларда уни қўмсаб, кўз олдига келтириши ва туғилиб ўсган замини ҳақида бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши ҳам Ватанга бўлган муҳаббатнинг белгисидир.
Ватандошимиз, улуғ шоир ва саркарда Мирзо Бобур ҳазратлари Ҳиндистондек буюк давлатнинг подшоси бўлса ҳам, ўз она-Ватани фироқида нола-ю фиғонлар чеккан. Ватанини қўмсаб, соғиниб яшаган. "Она-юртим ҳиди келиб турадиган жойга яқинроқ борай", деб Қобул шаҳрига дафн қилинмоғини сўраган.
Исломда Ватан тушунчаси кенг қамровли бўлиб, аввало, у истиқомат маскани, яъни, уй-жой маъносида ишлатилади. Ислом дини таълимотида инсон ўзи яшаб турган Ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган. Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш ҳам динимизда улкан савобли амал ҳисобланади. Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Бир кеча-кундуз рибот, яъни, душман қаршисида туриш, бир ой тутилган нафл рўза ва ўқилган тунги намоздан яхшидир", - деб мар-ҳамат қилганлар.
Шукр қилиб айтамизки, Мустақиллик, мустабид тузум даврида топталган диний қадриятларнинг ривожланиши учун кенг йўл очиб берди. Ҳусусан, буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари ўрганилиб, уларни она тилимизга таржима қилишдек имкониятларга эга бўлдик. Ўтган йиллар давомида Ҳадис, тафсир, фиқх, Ислом тарихи, маданияти ва фалсафасига оид ўнлаб йирик тадқиқотлар амалга оширилди. Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк аждодларимизнинг илмий мерослари нашр этилиб, кенг оммага тақдим этилди.
Халқимиз барча соҳада эмин-эркин саъй-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлгани каби динимиз кўрсатмаларини хотиржамлик ила адо этиш бахтига муяссар бўлдилар. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди. Ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, у ерда ёшлар диний ва дунёвий фанлардан таҳсил олмоқдалар. Ўнлаб зиёратгоҳлар таъмирланиб, диний идора ихтиёрига топширилди. Ҳар йили ҳукуматимизнинг кўмаги билан минглаб ватандошларимиз муборак Ҳаж ва Умра сафарига бориб келмоқдалар.
Аллоҳ таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан яна бири - юртимизнинг тинч ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг баъзи жойларида бўлиб турган турли бало-офатлар ҳақида кўриб, эшитиб турибмиз. Юртимизни самовий ва арозий балолардан сақлаб турганлиги учун Аллоҳга беадад шукроналар айтмоғимиз лозимдир. Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо унинг қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайдилар.
Агар мана шу, бизга ато этилган Яратганнинг неъматларига шукр қилиб, зиммамиздаги бурч ва вазифаларимизни адо этиб юрсак, Ҳақ таоло ояти каримада: "...агар берган неъматларимга шукр қилсангиз, уларни янада зиёда қилурман..." деб марҳамат этган.
Ҳикоя қилинадики, бани Исроил пайғамбарларидан бирининг олдига бир ёш эр-хотин келадилар. Уларга пайғамбарлари ҳаёти иккига бўлинган - хурсандчилик ва қайғули кунлардан иборат эканлигини, улар қайсини хоҳласалар аввал, шундай яшаб, кейин иккинчи ҳолат бошларига тушиши ҳақида хабар беради.
Эр-хотин бирлари аввал, ёшлик чоғимизда, кучимиз борида машаққатли кунларни яшаб олайлик, кейин қариганда роҳат-фароғатда умр кечирамиз, деса, иккинчиси аввал ёшлигимизда ўйнаб-кулиб, бахтли онларни ўтказайлик, сўнг кексайганда машаққатли кунларни ҳам яшаб, ўтаверамиз, деб тортишадилар.
Охири, аввал бахтли кунларни, сўнгида машаққатли кунларни яшашга розилик билдирадилар. Улар аввалида бахтли кунларни яшаб, роҳатда ўтибдилар. Умрларининг иккинчи ярми келганда ҳам улардан фароғат аримагани ва бошларига қийин кунлар келмаётганидан таажжубланибдилар. Бу ҳақда Пайғамбарларининг олдиларига бориб сўрасалар, Аллоҳ таолога шукроналикда яшаганлари учун уларга ато этилган яхши кунларнинг зиёда қилиб берилганлигини маълум қилган экан.
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) Ҳадиси шарифларида : "Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан", - деб неъматни кенг маънода тушуниш кераклигига ишора қилганлар.
О.РАҲИМОВ,
Андижон шаҳридаги "Ат-Термизий"
жомеъ масжидининг имом-хатиби.
|