Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№43, 14.10.2011

ОРАМИЗДАГИ АЁЛЛАР

Олтиной ТЕШАБОЕВА:

БОЛАЛИК, ИШ ФАОЛИЯТИ, ОИЛА ВА МУНИС ОНАСИ ҲАҚИДА

БОЛАЛИК ХОТИРАЛАРИ

Баъзида ўйлаб қоламан. "Вақт жуда тез ўтяпти...Яқиндагина оппоқ лента тақиб мактабга борардим. Кўзимни бир очиб-юмгунимча, ёшим элликдан ҳам ўтиб кетибди."

Болалик бари бир энг гўзал, такрорланмас, ширин давр. Ҳа, мен шу гўзал диёр Жалақудуқнинг фарзандиман. Туманда 3-мактаб бўларди. Шунга қатнаганман. Ҳарҳолда ёмон ўқимаганман. Чунки онам Қундузхон ая маънавиятли, ўқимишли аёл эди. Узоқ йиллар матбуот дўконида сотувчи бўлиб ишлаганлар. Отам Ҳамдамбой ака эса оддий ишчи эди. Отам мени ҳалоллик билан боққан бўлса, онам маънавиятга йўналтирган.

Бироз катта бўлганимдан кейин дарсдан бўш пайтларимда онамнинг ёнига ўтиб, ишига ёрдамлашардим. Қўлимга ҳар хил газеталар тушарди. Қизиқарли ҳикоя, мақолалар, шеърлар, ибратли ҳикоятларни ўқирдим. Бора-бора ўзим билмаган ҳолда онамнинг касбига қизиқиб қолдим. Бу қизиқишим эса секин-аста касбимни танлаб олишимга сабаб бўлди. Лекин ачинмайман. Чунки болалигимда олган билимим, тарбиям ҳозирги кунда ҳам ўзининг ижобий самарасини беряпти.

АҲИЛ ЖАМОАМ МЕНИНГ

Мактабни битирганимдан кейин саккиз йилга яқин туман электр тармоқлари бўлимида назоратчи бўлиб ишладим. Бу - менинг биринчи иш жойим бўлгани учунми, аввалига бироз қийналдим. Чунки илгари ҳамиша ота-онам қарамоғида, ҳимоясида бўлганман. Одамларнинг яхши-ёмонлигини у даражада билмаганман. Тўғри, ҳаётда яхши одамлар ҳам, шу билан бир қаторда салбий феъл-атворга эга бўлган инсонлар ҳам йўқ эмас. Мен буни мустақил равишда ишлаганимдан кейин билдим.

1983 йилдан то шу кунга қадар эса мана шу туман почта бўлимида ишлаб келяпман. Аввалига сараловчи, омбор мудири бўлдим. Ҳозир обуна бўлими бошлиғи вазифасидаман. Орада Андижон ҳисоб-бухгалтерия техникумини ҳам тугатиб олдим. Бошқа ерни билмадим-у, аммо бизнинг 56 кишилик жамоамиз аҳил, иноқ. Мана шунинг учун ҳам ишимизнинг ривожи яхши. Раҳбаримиз Баҳодиржон Ҳамдамов ўз ишини яхши биладиган инсон, соҳанинг етук мутахассиси.

Ҳар бир бўлимнинг зиммасида бажарилиши зарур бўлган мажбуриятлар бўлиши, табиий. Обуна бўлимининг вазифаси ўз-ўзидан кўриниб турибди - обунани яхши ташкил этиш. Режани бажариш. Бир сўз билан айтганда, газета билан обуначининг ўртасидаги воситачимиз. Баъзи пайтда газетхонларимиз ўзлари айтади, қайси газетага обуна бўлишини, баъзида эса биз ўзимиз яхши, мазмунли газеталарни тавсия этамиз. Ҳарҳолда, маънавиятнинг ичида юрган одам ёмон бўлмас экан. Чунки бўшадик дегунча, газета мутолаасига киришамиз.

Ишга қайтадиган бўлсак, обуналаримиз ёмон эмас. Ўтган йили обуна режасини ортиғи билан адо этгандик. Бу йил эса 2012 йил учун ҳаракат қиляпмиз. Секин-секин режа томон силжияпмиз. "Капа" ва "Кесак" алоқа бўлими бошлиқлари Зарифахон Ашурова, Раҳимахон Усмоновалар айни пайтда яхши иш олиб боришяпти.

Бугунги кунда доимий равишда газета ва журналлар билан ошно бўлганлар ҳам талайгина. Улар бизнинг доимий мижозимиз. Турли касб эгалари бўлмиш Исторахон Зиятдинова, Зулҳумор Болтанарова, Икромжон Абдуллаев, Мавлуда Қурбоновалар кўпчиликнинг севимли газета ва журналларига айланиб улгурган "Андижоннома", "Андижанская правда", "7х7", "Иқбол", "Санам", "Ҳидоят"ларни қолдирмай ўқиб борадилар.

Туман алоқа бўлимида 18 та бўлинма бўлиб, "Ойим", "Ёрқишлоқ", ва "Тошлоқ" бўлими бошлиқлари Нишонбой Қобилов, Абдулазиз Комилов, Ҳуршидбек Солиевларнинг олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқ.

ОИЛАМ - БАХТИМ, ОМАДИМ

Ҳар бир инсон ишдан чарчаб уйга борганида, оила даврасида ўтириб, чарчоғини чиқарганига нима етсин. Дастурхон атрофида бир пиёла чой ичганингизда, фарзандларингизнинг меҳрибонлиги, бийрон-бийрон гаплари сизни новвотдай эритиб ташлайди. Тўғри, бизнинг ишимиз ҳам ўзига яраша залворга эга. Хоҳлаймизми-йўқми, чарчоқ ўз кучини кўрсатади. Бу чарчоқни эса фарзандларим аритади. Қизим Одинахон 16, ўғлим Азизбек эса 7 ёшда. Улар менинг бахтим, омадим, таянчим, ҳаётимнинг маъноси. Мен шулар бор экан, бахтлиман.

ОНАМНИ СОҒИНАМАН

Илгари билмаган эканман, инсоннинг бойлиги, бу ота-онаси экан. Айниқса, қиз бола кўпроқ онасига сирдош бўлади. Чунки она қизнинг дардига малҳам, орзуларига қанот бўла олади. Ҳеч кимга айта олмаган сирларини қизбола фақат онасига айтади.

Менинг онам кўпчилик ҳавас қиладиган, маҳаллада ҳам, ишда ҳам ўзига яраша обрў-эътиборга эга эди. Туман алоқа бўлимига узоқ йиллик меҳнати сингган. 1998 йилда Ҳаж зиёратини адо этди. Юзларидан нур ёғилиб турарди. Лекин ...

Агар ҳозир онам ёнимда бўлганида, худди ёш боладай эркаланардим. Чунки она учун фарзанднинг катта-кичиги бўлмас экан. Мен гарчи, ҳозир элликдан ўтган бўлсам ҳам онам учун мисли гўдак бўлардим. Шунинг учун қўлим доимо дуода. "Ҳеч кимни онадан бевақт айирмасин" дейман.

Улуғбек АБДУСАЛОМОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди